Қримда байрам, Бахмутда жанглар давом этмоқда. Уруш суратлари
Украинада урушнинг 386-куни ўтди. Асосий маълумотлар:
- Полша Ғарб мамлакатлари орасида биринчи бўлиб Украинага жанговар самолётлар етказиб бериши ҳақида эълон қилди. Киев йил давомида ўндан ортиқ МиГ-29 самолётларини олади.
- Россиянинг камида 40 региони аҳолисига «маълумотларни аниқлаштириш» учун ҳарбий комиссариатларга чақирув қоғозлари юборилди.
- Евгений Ройзман Навалний жамоаси рамзини намойиш этиш иши бўйича 14 кун муддатга қамоққа олинди. У шунингдек армияни «обрўсизлантириш»да айбланмоқда.
- ЕХҲТ Россиянинг Бахмут учун жанглардаги йўқотишларини 20–30 минг кишига (ўлганлар ва яраланганлар) баҳолади.
- 2022 йилда Арманистонга 100 мингдан ортиқ россиялик келган (улар шу ерда яшаб қолган). Бу мамлакат бир йиллик ЯИМ ўсишининг тўртдан бир қисмини таъминлади.
Қрим қўшилишнинг 9 йиллиги арафасида
18 март куни Россия ҳукумати Қрим аннексиясининг тўққиз йиллигини нишонлайди. Яриморолда мазкур ҳудуд Россия таркибига «қайтган» кунни ёдга солувчи билбордлар пайдо бўлган. Бу йил «Лужники»да ушбу сана муносабати билан ҳар йилги митинг-концерт ўтказилмайди, аммо Қрим шаҳарларида акциялар бошлаб юборилган.
Украина ҳукумати бир неча бор Россия билан уруш фақат аннексия қилинган барча ҳудудлар, жумладан Қрим ҳам деоккупация қилинганидан кейин тугаши мумкинлигини маълум қилган. 2022 йил кузида яриморолни Россиянинг материк қисми билан боғловчи Қрим кўпригида (бу лойиҳа Владимир Путин учун жуда қадрли) портлаш рўй берди. Тергов версиясига кўра, портловчи қурилма Одессадан Болгария, Грузия, Арманистон ва Россия чегаралари орқали олиб келинган қурилиш материаллари юкланган юк машинасига жойлаштирилганди.
Кейинги куни РФ тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин кўприкни портлатиш ташкилотчилари — Украина махсус хизматлари бўлганини маълум қилди, теракт ҳақидаги модда бўйича жиноий иш очилди. Украина президенти Володимир Зеленский Қрим кўпригидаги портлаш ортида Украина махсус хизматлари тургани ҳақидаги гапларни инкор этган.
Украиналик миномётчиларнинг Бахмут атрофидаги позицияси
Бахмутда жанглар 2022 йил ёзидан буён давом этмоқда, сўнгги ойлар мобайнида шаҳар Украинанинг энг қайноқ нуқтаси бўлиб қолмоқда. Америкадаги Урушларни ўрганиш институти (ISW) таҳлилчилари ҳисоблашича, Россиянинг Бахмутга юриши кульминация палласига яқинлашмоқда ва РФ армияси бу йўналишга янада кўпроқ захира кучларни ташлашига тўғри келади.
Украина қуролли кучлари шарқий гуруҳи спикери Сергей Череватий 16 март куни бир кун ичида Бахмут ҳудудида россиялик 225 ҳарбий ўлдирилгани, яна 306 нафари яраланганини айтди. Россия томони бу маълумотга изоҳ бермади. ЕХҲТ ҳам шу куни Россиянинг Бахмутдаги йўқотишларини баҳолади: ташкилотдагиларнинг тасдиқлашича, 2022 йил майидан буён бу ерда 20–30 минг киши ҳалок бўлган. ЕХҲТдаги Британия делегациясининг катта ҳарбий маслаҳатчиси Ян Стаббсга кўра, ҳар бир босиб ўтилган километр учун россиялик 800 нафар аскаридан айрилмоқда (яраланганлар билан қўшиб ҳисобланганда), уларнинг аксари — «Вагнер» ХҲК аъзоларидир. НАТОнинг март ойи бошидаги маълумотига кўра, Россиянинг Бахмут атрофидаги йўқотишлари сони Украинаникидан беш баробар кўпроқ.
Украина ҳукумати баҳоларига кўра, Бахмутда эвакуациядан бош тортган ёки кета олмайдиган яна бир неча минг киши қолган: кекса ёшли кишилар ва уларнинг қариндошлари. Қуйида украин ҳарбий хизматчилари вайрон бўлган шаҳарни қандай ҳимоя қилаётгани акс этган суратлар.
Фронтдаги украин шифокорлари
Харкив области ҳудудини миналардан тозалаш жараёни
2022 йил апрелида, Россиянинг кенг кўламли босқинидан икки ой ўтган даврдаёқ Украина дунёнинг энг кўп миналанган мамлакатларидан бири сифатида тан олинганди. Украина фавқулодда вазиятлар давлат хизматига (ФВДХ) кўра, мина ва ўқ-дорилар мамлакат ҳудудининг қарийб ярмини ифлослантирган бўлиши мумкин. Украинанинг ўтган йил августи ўрталарига қадар миналар аниқланган ҳудудларини тозалаш учун, Украина ИИВ прогнозларига кўра, беш йилдан ўн йилгача вақт талаб этилиши мумкин.
Киевда рус-украин дўстлиги ёдгорлигининг ҳозирги кўриниши