17:30 / 18.03.2023
9848

Шавкат Мирзиёев Тошкентдаги кўп тармоқли тиббиёт марказини бориб кўрди

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳридаги M-Clinic кўп тармоқли тиббиёт марказини бориб кўрди.

Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, 202 миллион долларлик лойиҳа эвазига 6 та бино бунёд этилиб, замонавий шароитлар яратилган. Тиббий технологиялар Германиянинг KBV GmbH & Co. KG компанияси томонидан лойиҳалаштирилган.

Муассасада катталар учун 95 та ва болалар учун 33 та стационар ўрин, 1 минг 400 та қатновга мўлжалланган поликлиника ташкил этилган. Улар яқин ойларда ишга туширилади. Умуман, тиббиёт марказида 50 та тор мутахассислик бўйича хизмат кўрсатиш йўлга қўйилади.

Марказда кардиология, ангиография, травматология, нейрохирургия, гинекология ва урология бўйича 5 та жарроҳлик хонаси бўлади. Уларда йилига 5 мингта юқори технологияли операцияларни амалга ошириш мумкин. Илғор ускуналар кам кесиш ва тез реабилитация қилиш имконини беради.

Давлат раҳбари бу шароитлар билан танишди. Марказни муайян йўналишлар бўйича таянч муассасага айлантириш, бу ердаги тажриба асосида шифокорлар малакасини ошириш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди.

Top