Жаҳон | 13:46 / 28.03.2023
7983
3 дақиқада ўқилади

Amnesty International «Ғарбнинг икки хил позициясини» танқид қилди

Фото: AP

AI ҳисоботида айтилишича, бошқа мамлакатларда инсон ҳуқуқлари бузилганини билдирадиган ва уларга ҳурмат талаб қиладиганлар аввал ўз уйида тартиб ўрнатиши керак

Amnesty International (AI) халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти дунёда инсон ҳуқуқлари аҳволи ҳақидаги йиллик ҳисоботида Ғарбнинг икки хил позициясини кескин қоралади. «Ғарбнинг Россиянинг Украинага бўлган тажовузига қатъий жавоби унинг баъзи иттифоқчилари, жумладан Исроил, Саудия Арабистони ва Миср томонидан қўпол қонунбузарликларга қарши жиддий чоралар кўрилмаганидан кескин фарқ қилади», — дейилади AI 28 март, сешанба куни эълон қилган ҳисоботда.

«Россиянинг Украинага бостириб кириши давлатлар халқаро ҳуқуқни менсимаслик ва инсон ҳуқуқларини ҳеч қандай тўсиқларсиз поймол қила олишига ишонганида содир бўлиши мумкин бўлган даҳшатли мисолдир, - деди Amnesty бош котиби Аньес Калламар. - Россиянинг Украинага бостириб киришига муносабат бизга агар сиёсий ирода бўлса, нима бўлиши мумкинлигини кўрсатди». Унинг сўзларига кўра, қаттиқ санкциялар билан бундай муносабат бошқа инсон ҳуқуқлари бузилишига қарши курашда намуна бўлиши керак. 
 
Бироқ, Ғарбнинг Москвага нисбатан қаттиққўллиги бошқа мамлакатларга нисбатан юмшоқлик билан кескин фарқ қилади. Amnesty ҳисоботида таъкидланишича, Ғарбнинг икки томонлама стандартлари бир қатор давлатларга инсон ҳуқуқлари бузилишини танқид қилишдан воз кечишга имкон берди. Бу эса бутун дунёда жазосизлик ва беқарорликка олиб келади. Ҳуқуқ ҳимоячилари, хусусан, «Саудия Арабистонидаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазиятга нисбатан жимлик, Мисрга нисбатан ҳаракатсизлик ва Исроилнинг фаластинликларга қарши апартеид тизимига қарши туришдан бош тортиш»ни мисол тариқасида келтирди.

Amnesty International ташкилотининг немис бўлими бош котиби Маркус Беко Россиянинг Украинага бостириб кириши инсон ҳуқуқлари бўйича салбий тенденцияларни кучайтириш учун катализатор бўлиб хизмат қилаётганига эътибор қаратди. Унинг сўзларига кўра, Германия ва Европа Иттифоқига мурожаат қилиб, «бошқа мамлакатларда инсон ҳуқуқлари бузилганини билдириб, уларга риоя этишни талаб қилаётганлар аввал ўз уйида тартиб ўрнатиши керак». 

AI маълумотларига кўра, 2022 йилда дунё бўйлаб 103 миллион киши доимий яшаш жойларини тарк этишга мажбур бўлган. Бу 2021 йилдагидан 20 миллионга кўп. 

Миграциянинг мисли кўрилмаган ўсиши билан бир қаторда, 2022 йил бутун дунё бўйлаб ижтимоий норозиликларнинг кучайиши ва уларнинг зўравонлик орқали бостирилиши билан тавсифланади. 

Дунё бўйлаб норозилик ҳаракатларига қарши давлат зўравонлиги кучаяётган бир пайтда Германияда йиғилишлар эркинлиги устувор бўлиб қолиши муҳим, дея огоҳлантирди Беко. Шу сабабли Amnesty International ташкилоти федерал ҳудудларда тинч намойишлар ўтказиш ҳуқуқини чекловчи ва полиция ваколатларини кенгайтирувчи репрессив қонунлар қабул қилинаётганини танқид остига олди. 

Мавзуга оид