21:12 / 30.03.2023
26589

Давлат идораларида қисқартириш билан боғлиқ ишдан бўшатишлар вақтинча тўхтатилди

Ўзбекистонда маъмурий ислоҳот доирасида давлат органларидаги штатлар қисқариши сабаб ходимларни ишдан бўшатиш вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда Президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов топшириқ бергани айтилмоқда. Ҳолатга Бандлик вазирлиги изоҳ берди.

Фото: Kun.uz

Президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқов маъмурий ислоҳотлар доирасида янги ва қайта ташкил этилган вазирлик ва идоралар ходимларининг меҳнат шартномаларини бекор қилишни вақтинча тўхтатиш ҳақида топшириқ берган. Бу ҳақда юрист Саидали Мухторалиев маълум қилди.

Унинг маълум қилишича, меҳнат шартномаларини бекор қилиш тўғрисидаги огоҳлантириш муддатлари узайтирилиши ҳам кўзда тутилган. Юрист бу хабарни унга Бандлик вазирлиги Меҳнат инспекцияси масъули Лазиз Қаршиев ҳам тасдиқлаганини билдирган.

Вазирлик матбуот хизмати қисқаришга тушган штатлардаги ходимларни ишдан бўшатиш тўхтатилганини тасдиқлади.

“Ҳозирги кунда штат бирликлари қисқартирилган ходимларга меҳнат шартномасини бекор қилиш юзасидан огоҳлантириш хатлари берилган.

Меҳнат кодексининг 102-моддаси талабларидан келиб чиқиб, огоҳлантириш муддатларини узайтириш иш берувчининг ҳуқуқи ҳисобланади.

Амалдаги Меҳнат кодексининг 100-моддаси 1-қисми 1-бандида огоҳлантириш муддати камида 2 ой олдин берилиши кераклиги белгиланган. Шунга кўра, иш берувчи томонидан ушбу огоҳлантириш муддатини узайтириш қонуний ҳисобланади”, – дейилади вазирлик ахборотида.

Таъкидланишича, белгиланган муддатларда ишга жойлаша олмаган ходимларнинг огоҳлантириш муддатини узайтириш уларга ўзига мақбул иш ўрни топишида имконият яратади.

“Бундан ташқари, иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномаси бекор қилинган ходимларнинг ишдан бўшатилиши тўғри расмийлаширилгани, етарли асослар мавжудлиги ва белгиланган тартибга риоя этилганлигини қайта кўриб чиқишни тавсия этамиз.

Амалдаги Меҳнат кодексининг 92-моддасига кўра, штатлар сони қисқартирилган иш берувчи ходимни ишга жойлаштириш чораларини кўриши шарт. Ушбу талабга риоя этилмаган тақдирда ноқонуний ишдан бўшатиш ҳисобланади”, – деди Меҳнат вазирлиги матбуот котиби Фахриддин Ҳайитов.

Эслатиб ўтамиз, 25 январдаги президент фармонига асосан, вазирлик ва идоралардаги штат бирликлари сони 17 447 тага (24 фоизга) қисқариши белгиланган.

Хусусан, раҳбарларнинг ўринбосарлари сони 207 нафардан 144 нафаргача қисқариши керак. Натижада камида 703 та автотранспорт воситаси ва 10 та бино бўшаши, 1,5 трлн сўм иқтисод қилиниши кўзда тутилган.

Фармонда вазирлик ва идораларнинг нобюджет маблағларидан қўшимча бошқарув штатларни киритиш қатъиян тақиқланди (ишлаб чиқариш штатларини киритишга тақиқ йўқ).

Top