Президент “Соғлиқни сақлаш вазирлиги фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Унга кўра, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги тузилмасига ўтказилди. Агентлик ўтган йили охиридаги маъмурий ўзгаришлар вақтида ССВ таркибидан Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузурига ўтказилган, агентликнинг дори-дармон ва тиббий буюмларни рўйхатдан ўтказиш билан боғлиқ вазифа ва функциялари ССВда қолдирилган эди.

Янги фармонга асосан, 2024 йил 1 январдан Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ҳам ССВ ҳузурига ўтказилади. 2026 йил якунигача тиббий суғурта республика бўйлаб тўлиқ жорий этилиши белгиланди.

2024 йил 1 январдан, шунингдек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида қуйидагиларни бирлаштириш орқали юридик шахс мақомига эга бўлмаган Тиббиётни ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилади:

  • Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармаси;
  • Тез тиббий ёрдамни ривожлантириш жамғармаси;
  • Иқтидорли ва малакали тиббиёт мутахассисларини қўллаб-қувватлаш ҳамда тиббиёт муассасаларига жалб қилиш жамғармаси;
  • Спинал мушак атрофияси ташхиси қўйилган бемор болаларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси.

Тиббиётни ривожлантириш жамғармаси маблағлари қуйидагиларга сарфланади:

  • соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги давлат тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, дастурий маҳсулотлар сотиб олиш ва ахборот-коммуникация тармоқларига техник хизмат кўрсатиш;
  • тиббий асбоб-ускуналар, компьютерлар, планшетлар, мультимедиа ва тармоқ қурилмалари, дастурий таъминотларни харид қилиш, ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий қилиш ва ривожлантириш;
  • соғлиқни сақлашни бошқариш органлари ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги давлат тиббиёт муассасаларининг ходимларини хорижда тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек, ўқитиш, малака ошириш ва тажриба алмашишни республикада ташкил этиш учун хорижий мутахассисларни жалб этиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш;