12:58 / 02.04.2023
33662

«Арсенал» ва «Барса» чемпионлик графигида кетмоқда. Кун ўйинлари якунлари

Европа футболида шанба оқшомидаги асосий воқеалар.

Англия: Гвардиола Клоппни яксон этди

Манчестер Сити – Ливерпул 4:1
Голлар: 0:1 – 17 Салоҳ, 1:1 – 27 Альварес, 2:1 – 46 де Брюйне, 3:1 – 53 Гундўған, 4:1 – 74 Грилиш.
Манчестер Сити – Эдерсон, Аке, Рубен Диаш, Аканжи, Стоунз, Гундўған, де Брюйне, Грилиш, Родри (Бернарду Силва, 83), Маҳрез, Альварес.
Ливерпуль – Алиссон, Александер-Арнолд, ван Дейк, Конате, Робертсон (Цимикас, 70), Ҳендерсон, Фабиньо, Эллиотт (Окслейд-Чемберлен, 70), Салоҳ (Нуньес, 70), Диогу Жота (Фирмино, 70), Гакпо (Милнер, 82).
Огоҳлантиришлар: Салоҳ (19), Родри (33).

«Манчестер Сити» ва «Ливерпул» жанги сўнгги йилларда брендга айланди. Мухлислар чемпионлик учун айнан шу икки жамоа асосий даъвогар бўлишига кўникиб қолган, уларнинг тўқнашувлари эса томошабоплиги ва футбол сифати бўйича ҳатто испан класикосини ортда қолдира бошлаган.

Аммо бу мавсумда барчаси бироз бошқачароқ. Пеп Гвардиола биринчи ўрин учун курашни давом эттирмоқда, Юрген Клоппда эса жиддий муаммолар бор: бир йил муқаддам «Ливерпул» охирига қадар барча совринлар учун даъвогар бўлиб турган бўлса, ҳозир эса мавсум арафасида қўлга киритилган ва барчанинг ёдидан чиқиб улгурган — Англия Суперкубоги билан кифояланмоқда.

Аммо қизилларда курашиш учун мақсад бор: кучли тўртликдаги ўрин. Маълумки, АПЛда бу ўрин титулга тенг, «Ливерпул» эса ҳозирча Чемпионлар лигасига йўлланма берувчи ўринлардан анча йироқда. Бундан ҳам ёмонроғи, атайлаб қилингандек, жамоа учун тақвим жуда ноқулай: «Сити» билан ўйин ортидан қизилларни «Челси» ва «Арсенал» билан баҳслар кутмоқда.

Матбуот анжуманида қийин тақвим мавзуси ҳақида гапирар экан, Клопп юмор қилишга ҳаракат қилди — у бу қийин ўйинлар сериясини «Ливерпул» аллақачон чиқиб кетган Чемпионлар лигасидаги тақвимга ўхшатди. 

Қизиллар чемпионатнинг жорий мавсумида кучсиз жамоаларга очко улашган бўлса-да, «катта олтилик» вакилларига қарши ўйинларда муносиб ҳаракат қилган. 

Клопп бу ўйинда «Сити»ни биринчи даврада мағлуб этишга ёрдам берган моделни танлади: тўпга эгалик қилиш даъвосидан воз кечилиб, тўпсиз ҳаракатланганда 4-4-1-1 схемасига ўтилди, мудофаа чизиғи олдинроқда жойлашди ва юқори прессинг амалга оширилди, шунингдек кескин қарши ҳужумларга таянилди. Қизиллар бўш ҳудудларни топишни уддалашди ва 17-дақиқада Жота Салоҳ билан биргаликда рақиб ҳимоясини дарвозадан анча олдинга ўтиб кетгани учун жазолади.

Пепни бундай старт доғда қолдира олмади. Уни Ҳоланд жароҳат олиб сафдан чиққани ҳам довдирата олмаганди — норвегиялик ҳужумчи терма жамоалар учун ажратилган танаффус вақтида сафга қайтишга улгурмади ва ўйинни трибунада томоша қилди, асосий таркибда эса Алварес тушди. Бу йўқотиш жамоа мухлисларини хавотирга солиши мумкин эди. Алварес жаҳон чемпиони, аммо у умуман Ҳоланд типидаги ҳужумчи эмас. Лекин «Ливерпул» билан ўйин шуни кўрсатдики, Гвардиола «алдамчи тўққизлик» билан ўйнашни унутиб юбормаган.

Алварес вингерлардан орқароқда ҳаракат қилди, айрим ҳолатларда эса тўпни ёки пасни қидириб майдон марказигача тушди. Охир-оқибат аргентиналик футболчининг бундай ҳаракатлари ўйин натижасига таъсир кўрсатди, аммо бу иккинчи бўлимда рўй берди.

Танаффусга қадар эса «Сити»нинг асосий қаҳрамони Грилиш бўлди. Ҳисоб 0:1 эканида Жек ўз жарима майдонига фантастик тезликда етиб келиб, Салоҳни голли вазиятдан маҳрум қилди, бир дақиқа ўтиб эса Англия терма жамоаси яримҳимоячиси Алваресга ассистентлик қилди.

Биринчи бўлимда дуранг ҳисоб қайд этилди, аммо «Сити»нинг устунлиги сезиларли даражада эди. Бўлим охирига келиб Гвардиола Клопп ўйлаган барча ғояларни тушуниб олди, танаффус вақтида мураббийга қулоқ солган футболчилар эса ишга киришишди. Алварес порлади: 46-дақиқада айнан ушбу аргентиналик ичкаридан туриб Маҳрезга ажойиб пас узатди, жазоирлик футболчи эса Де Брюйнега ассистентлик қилди. Бироз ўтиб Ҳулиан «Ливерпул» ҳимоясини доғда қолдириб зарба берди, дарвозабондан қайтган тўпни эса Гундўған дарвоза тўрига жойлаб қўйди.

Кетма-кет голлар туфайли меҳмонларда барчаси чиппакка чиқди, аммо Клопп негадир футболчиларни алмаштиришга шошилмади. Фақат 70-дақиқага бориб у бир вақтнинг ўзида тўрт футболчини майдонга ташлади — бундай ҳаракат эса ҳамиша таваккалчилик ҳисобланади. Айрим вазиятлар кузатилган бўлса-да, амалда уларнинг ҳеч бири ўйинга сифат қўша олмади. Ўйиндаги вазиятлар ҳужумдаги ўйланган режалар туфайли эмас, индивидуал маҳорат туфайли юзага келди. Салоҳ ҳам алмаштирилгач эса «Ливерпул»нинг олдинги чизиқдаги ҳаракатлари умуман хира тус олди.

«Сити» эса босим қилишда давом этди ва 74-дақиқада ўйинга амалда нуқта қўювчи мантиқий гол урилди — жамоада энг яхши ўйинларидан бирини ўтказган Грилиш ўзи ҳақли бўлган голни урди.

4:1 — «Ливерпул» Чемпионлар лигасидан узоқлашишда давом этмоқда, «Сити» эса чемпионлик пойгасида қолади.

Арсенал – Лидс 4:1
Голлар: 1:0 – 35, пеналти Габриэл Жезус, 2:0 – 47 Уайт, 3:0 – 55 Габриэл Жезус, 3:1 – 76 Кристенсен, 4:1 – 84 Жака.
Арсенал – Рэмсдейл, Уайт, Холдинг, Габриэл, Зинченко (Тирни, 85), Жака (Фабиу Виейра, 86), Парти (Жоржиньо, 60), Эдегор (Смит-Роу, 85), Троссард, Мартинелли, Габриэл Жезус (Сака, 60).
Лидс – Мелье, Эйлинг, Стрейк, Кох (Купер, 74), Фирпо, Кристенсен, Рока, Харрисон (Бэмфорд, 85), Ааронсон (Маккенни, 65), Синистерра (Родриго, 65), Саммервилл (Рюттер, 74).

«Арсенал» майдонга «Манчестер Сити»нинг ёрқин ғалабасидан хабардор ҳолда чиқиб келди ва ўйин стартида лондонликлар ўйинида босим сезилди. «Лидс» бир неча бор Рамсдейл қўриқлаётган дарвоза атрофида кескинлик юзага келтирди, амо «канонирлар» ўз ўйинини намойиш этишда давом этди ва қаторасига 14-уй учрашувида рақиб дарвозасини ишғол этишди. Габриэл Жезус рақиб жарима майдони ичида ҳимоячиларнинг бошини айлантириб ташлади ва пеналти ишлади. Жамоанинг штатдаги пеналтичиси, сардор Эдегор эса унга 11 метрлик жарима зарбасини ижро этиш имкониятини тақдим этди ва бразилиялик ҳужумчи жароҳатдан қайтганидан кейин илк голини урди.

Сардорнинг ҳаракати — жамоадаги соғлом муҳитдан дарак беради. Бундай муҳит мезбонларга танаффусдан кейин кур иккинчи бўлимда мезбонлар қувноқ ўйин кўрсатишига ёрдам берди. Амалда ўйин масаласини Зинченко ва Габриэл Мартинеллининг чап қанотдаги комбинациясидан кейин ўнг қанотда дарвоза қаршисида пайдо бўлган Уайтнинг зарбаси ҳал қилди. Ўйиннинг безаги эса учинчи гол урилган ҳужум бўлди, бу ҳужум давомида Жезус тўпни уч ҳимоячи орасидан ўтказиб жарима майдонига кириб борган Троссарга етказиб берди, белгиялик футболчи эса тўпни қулай вазиятга очилган ҳужумчининг ўзига қайтарди.

Ўйин қаҳрамони алмаштирилаётган вақтда «Эмирейтс» уни олқишлади — жамоанинг ушбу муҳим футболчиси мавсумнинг энг муҳим палласига идеал ҳолатда етиб келди. «Арсенал» «Сити»га имкон қолдирмаяпти ва Артета бошқарувида илк бор АПЛ ўйинларида қаторасига етти ғалабага эришди. Жамоа ҳақиқий  чемпионларча графикда кетмоқда.

Челси — Астон Вилла 0:2
Голлар: Уоткинс (18), Макгинн (56).
Челси – Аррисабалага, Кулибали, Кукурелья (Пулишич, 80), Жеймс, Чилуэлл, Лофтус-Чик (Канте, 57), Ковачич (Галлаҳер, 80), Ҳавертц, Мудрик (Мадуэке, 57), Фернандес, Фелиш.
Астон Вилла – Мартинес, Янг, Мингз, Конса, Морено (Динь, 89), Макгинн, Рэмзи, Камара (Чемберс, 46), Дуглас Луис (Дендонкер, 87), Буэндиа (Бэйли, 76), Уоткинс.
Огоҳлантиришлар: Камара (4), Ковачич (39), Чилуэлл (54), Фернандес (68), Чемберс (84), Динь (90+3).

«Стэмфорд Бриж»даги ўйиннинг илк дақиқаларида Мудрик ниҳоят Англиядаги илк голини нишонлаши мумкин эди. Аммо у дарвозабон ва ҳимоячилар бир-бирини тушуна олмаган вазиятдан фойдалана олмади, Эмилиано Мартинес тўп узатишдаги хатосини тўғрилаб, ЖЧ финалида Коло Муани билан бўлгани каби сейв ижро этди. Бўлим давомида у Мудрик билан яккама-якка вазиятда яна жамоасини қутқарди. Мезбонлар унинг дарвозасини барибир ишғол этишганида ҳам у «Астон Вилла» футболчиларини руҳлантиришда давом этди, қолаверса Чилуэлл урган гол вазиятга VAR аралашуви билан бекор қилинди, ҳимоячи зарба беришдан олдин Янгга фол ишлатгани маълум бўлди.

Унаи Эмери жамоаси кўп ҳужум қилмади, аммо ҳужумларни якунлашда максимал даражада самарали ҳаракат қилди. Кукуреля тўпни бош билан дарвозабонга қайтаришда хатога йўл қўйди ва тўпга эга чиққан Уоткинс уни осонлик билан Кепанинг устидан ошириб ташлади. Иккинчи бўлимда эса Макгинн жарима майдони ташқарисидан йўллаган зарбаси билан жамоаси устунлигини мустаҳкамлади, ушбу яримҳимоячининг биринчи бўлимда, ҳисоб 0:0 ҳолатида берган зарбаси дарвоза тўсинига текканди.

Меҳмонларга иккинчи голнинг ҳожати бўлмаслиги ҳам мумкин эди, Грэм Поттер бош мураббийликка тайинланганидан буён «Челси» ўз уйида биринчи бўлим гол ўтказиб юборган тўрт ўйинда ҳам ютқазган. Эндиликда кўклар турнир жадвалининг иккинчи қисмига тушиб кетишди, жамоа мухлислари учун бу ўйиндаги ягона ёқимли вазият август ойидан буён майдонга тушмаган Кантенинг қайтиши бўлди. Эмерининг тайинланиши эса «Вилла»нинг натижаларини бутунлай ўзгартирган. Испаниялик мутахассис келганидан буён жамоа 15 ўйинда 29 очко жамғарган ва бу борада фақат «Арсенал» ва «Ман Сити»дан ортда (февралда бирменгемликлар кетма-кет турларда ушбу икки жамоага ютқазганди).

Испания: Фатининг табассуми

Элче — Барселона 0:4
Голлар: Левандовски (20, 66), Фати (56), Торрес (70).
Эльче – Бадия, Паласиос, Бигас, Маскарель, Клерк, Бланко (Фернандес Меркау, 65), Моренте (Хосан, 65), Кармона (Гути, 54), Фидель, Гумбау, Милья (Понсе, 76).
Барселона – тер Стеген, Кунде, Алонсо, Араухо (Торре, 78), Альба, Гарсия, Серхи Роберто, Гави (Кессиэ, 68), Ферран Торрес, Фати (Гарридо, 84), Левандовски.
Огоҳлантиришлар: Гави (60), Араухо (74), Левандовски (87).

«Барселона»даги кадрлар муаммосини Хави таянч зонасига ҳимоячи Эрик Гарсияни туширгани яққол кўрсатади. Шу билан бирга, ла лиганинг сўнгги ўриндаги жамоаси билан бундай тажрибалар амалга ошириш хавфли эмас. Қолаверса, 23 февралдан буён гол урмаган Левандовски тезкор гол урди. Шу билан бирга, ушбу поляк ҳужумчиси мавсумда етти ўйинда ҳисобни очган футболчи сифатида етакчилик қилмоқда.

Бу оқшомда гол уриш ҳаммадан кўра Фатига керак эди. Отасининг можароли интервюсидан кейин кўк-анорранглиларнинг 10-рақамли футболчиси тўпни ўзи рақиб жарима майдонига олиб борди ва дарвоза бурчагини аниқ нишонга олиб, ниҳоят чин дилдан табассум қилди. Ансу учун бу январ ойидан буён илк гол эди, ла лигада эса у охирги бор ўтган йилнинг октябр ойида рақиблар дарвозасини ишғол этганди.

Янгиликлар лентасининг яна бир қаҳрамони — эпизодлардаги қалтис ташланишлари учун танқид қилинадиган Гави — прессингда нақадар муҳимлигини кўрсатди ва Левандовскининг иккинчи голига сабабчи бўлди. «Барса» кейинги якшанба куни «Реал»га қарши ҳал қилувчи ўйин олдидан орадаги фарқни 15 тага етказиб қўйди (мадридликлар 27-тур ўйинини бугун «Валядолид»га қарши ўтказади).

Бу ўйинда барча масала ҳал қилиб бўлинганидан кейин Хави асосий жамоага илк бор чақирилган 19 ёшли Гарридони майдонга туширишга ҳақли эди. Мураббий ушбу ўсмир футболчи ўз узатмалари билан жароҳатдаги Педрининг ўрнини билинтирмай туриши мумкинлигини айтмоқда.

Италия: «Юве» кўтарилмоқда

Интер – Фиорентина 0:1
Гол:
0:1 – 53 Бонавентура.
Интер – Онана, Думфрис, Дармиан, Ачерби, Бастони (де Врей, 63), Гозенс (Белланова, 63), Мхитарян (Аслани, 78), Брозович (Джеко, 78), Барелла, Корреа (Мартинес, 63), Лукаку.
Фиорентина – Терраччано, Додо, Мартинес (Миленкович, 46), Игор Жулио, Бираги, Бонавентура, Сапонара (Соттиль, 66), Мандрагора (Барак, 76), Иконе (Раньери, 76), Кастровилли (Амрабат, 66), Артур.
Огоҳлантиришлар: Кастровилли (58), Иконе (76), Брозович (77), Амрабат (79).

«Интер» яна мухлислар ҳафсаласини пир қилди ва қарийб бир ойдан буён ғалаба қозона олмаяпти. Бу даврда хурсанд қиладиган ягона хурсандчилик — «Порту» билан голсиз дурангдан кейин Чемпионлар лигасининг чоракфиналига йўл очилиши бўлди. Миллий биринчиликда эса «нерадзурри» қаторасига уч ўйинда мағлуб бўлди, «Фиорентина» эса рақиб ўйинидаги пасайишдан фойдаланиб, бу жамоани олти йил ичида илк бор мағлубиятга учратди. Ўзига жуда яхши таниш бўлган стадионда ҳал қилувчи голни «Милан»нинг собиқ яримҳимоячиси Бонавентура урди. «Бинафшаранглар» Симоне Индзагини ранжитувчи жамоалар портретига мос тушади — миланликлар сўнгги ўн турдаги беш мағлубиятни турнир жадвалида олтинчи ўриндан пастда жойлашган ва айни вақтда еврокубокларга йўлланма берувчи ҳудудда бўлмаган жамоалардан қабул қилиб олган.

Ювентус — Верона 1:0
Гол: Кен (56).
Ювентус – Шченсни, Данило, Бремер, Гатти, Де Шильо, Куадрадо (Костич, 66), Локателли, Фажоли, Барренечеа (Миретти, 46), Милик (Ди Мария, 60), Кен (Влаҳович, 60).
Огоҳлантиришлар: Депаоли (44), Гайч (58), Кен (59).

Массимилиано Аллегри «Интер»га қарши кечадиган Италия кубоги яримфинал ўйинини ёддан чиқармаган ҳолда кучсиз рақибга қарши ўйинда Ди Мария, Влаҳович, Костич ва Алекс Сандрони захирада қолдирди. Биринчи бўлим 
якунида вазиятлардан фойдаланишдаги муаммоларни ҳам қисман шу билан изоҳлаш мумкин. Аммо майдонга чиққанлар, жумладан шу куни «Ювентус» сафида 300-ўйинини ўтказган Куадрадо футболчилар алмаштириш бошлангунига қадар вазифани уддалашди. Яна «Верона» дарвозасига ғалаба голини урган Мойзе Кинда эса хато қилиш ҳуқуқи йўқ эди, чунки Локателли тўпни унга жуда қулай қилиб етказиб берди. Уч кундан кейин кечадиган ўйинда «Кекса синьора»да икки ярим ҳафта ичида «Интер» устидан иккинчи ғалабага эришиш учун имконият бор.

Кун статистикаси

  • 1 футболчи Хосеп Гвардиола жамоасига икки рақамда ифодаланадиган голлар уриб бўлган. «Ливерпул» форварди Салоҳ ушбу жамоага урган голлар сони 11 тага етди.
  • «Ливерпул» АПЛда жорий йил бошидан буён 10 ўйиндан 5 тасида ютқазди. Жамоанинг ўтган мавсумдаги жами мағлубиятлари сони шунча бўлганди.
  • Гвардиола Клоппни 11-бор мағлуб этди. Юргенда ғалабалар сони 12 та. 
  • «Севиля» ҳужумчиси Ан-Носирий ЖЧ-2022 турниридан кейин барча турнирлар доирасида урган голлари сонини 11 тага етказди. Ла лигада бу даврда бундан кўпроқ голни фақат «Реал» форварди Бензема урган (13).
  • «Кристал Пэлас» Рой Ҳожсон қайтган ўйиннинг биринчи бўлимида «Лестер» дарвозасига 20 бор зарба йўллади. Бу турнирда жорий мавсум рекорди ҳисобланади ва АПЛда 2015 йилдан буён энг яхши кўрсаткич.
  • Гвардиола АПЛда 100-уй ғалабасига эришди. Ушбу мураббийга Арсен Венгерга тегишли бўлган (139) рекордни янгилаш учун 128 ўйин етарли бўлди.
Top