Жаҳон | 23:15 / 04.04.2023
22430
2 дақиқада ўқилади

Петербургдаги портлаш учун жавобгарликни «Миллий республика армияси» ўз зиммасига олди 

Ташкилот бу ҳаракатни мустақил тарзда тайёрлагани ва амалга оширганини айтди. 

Фото: Reuters

Санкт-Петербургдаги «ҳарбий мухбир» Владлен Татарскийнинг ўлимига сабаб бўлган портлаш учун жавобгарликни «Миллий республика армияси» (Национальная республиканская армия) ўз зиммасига олди. 

Ташкилот бу ҳақдаги баёнотни «Роспартизан» телеграм-каналида эълон қилди, уни Украинада яшовчи Россия Давлат думаси собиқ депутати Иля Пономарёв ҳам тарқатди. 

«Биз 2023 йил 2 апрелда бир гуруҳ Z-фаолларга ва шахсан таниқли уруш тарғиботчиси, ҳарбий жиноятчи, Владлен Татарский номи билан танилган Максим Фоминга қарши тадбир ташкил қилдик ва ўтказдик. Бу ҳаракатни биз мустақил тарзда тайёрладик ва амалга оширдик, бизда ҳеч қандай алоқалар йўқ ва ҳеч қандай хорижий тузилмалардан ёки махсус хизматлардан ёрдам олмаганмиз», дейилади ташкилот хабарида. 

Улар тадбир тинч аҳолига қарши қаратилмаганини, «барча қурбонлар урушнинг фаол тарафдорлари қаторида» эканини таъкидладилар. Ташкилот вакиллари, шунингдек, россиялик ҳуқуқ ҳимоячиларини ушбу ишда ҳибсга олинган Даря Трепова ва «бошқа бегуноҳ одамларга» ёрдам беришга чақирди. 

2022 йил август ойида Иля Пономарев файласуф Александр Дугиннинг қизи Дарянинг ўлдирилиши ортида НРА тургани ҳақида хабар берган эди. Унинг баёнотидан олдин Интернетда бу ташкилот ҳақида ҳеч қандай гап бўлмаган. Ўшанда Пономарев НРА жиноятга алоқадорлиги ҳақида ишончли далиллар келтира олмади. 2 апрелда, Владлен Татарский вафот этган куни собиқ депутат оммавий ахборот воситаларида «ҳарбий мухбир» қотилларини билишини таъкидлади, аммо «ушбу ҳаракатни амалга оширган гуруҳнинг расмий позициясини» кутаётганини айтган эди. 

Аввалроқ, тарғиботчи Владлен Татарский ўлимига сабаб бўлган портлашни уюштирганликда гумонланиб 26 ёшли Даря Трепова ҳибсга олинган эди. 4 апрель куни Москванинг Басманний суди уни икки ойга тергов изоляторига жўнатди. 

Мавзуга оид