Пойтахтнинг тиббиёт соҳасидаги муаммолари муҳокама қилинди
4 апрел куни бўлиб ўтган йиғилишда Тошкент шаҳар прокурори Эркин Юлдашев соғлиқни сақлаш бош бошқармаси ва нодавлат тиббиёт ташкилотлари раҳбар-ходимлари билан пойтахтда тиббиёт тизимидаги муаммолар юзасидан фикр алмашди.
Янги Ўзбекистон даврининг илк йилларидан бошлаб аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш соҳасини тубдан ислоҳ қилиш ва такомиллаштириш чора-тадбирларини амалга ошириш доирасида тиббиёт соҳасининг хусусий секторини барқарор ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу муносабат билан жорий йилнинг 4 апрель куни пойтахт прокурори Эркин Юлдашев ташаббуси билан шаҳар прокуратураси, соғлиқни сақлаш бош бошқармаси ва нодавлат тиббиёт ташкилотлари раҳбар ва ходимлари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда тиббиёт соҳасида хусусий сектор улушини янада ошириш, унинг ривожланишига кўмаклашиш, солиқ, банк ва коммунал идоралар билан боғлиқ муаммоларни биргаликда ҳал қилиш ҳамда фаолиятга қўшимча қулайликлар яратиш ва соҳа ходимларини қўллаб-қувватлаш юзасидан очиқ мулоқот шаклида фикрлар алмашилди.
Учрашувда аксарият хусусий тиббий муассасалар раҳбарлари давлат раҳбарининг тегишли қарорлари билан уларга солиқ имтиёзлари берилгани муносабати билан ушбу маблағларнинг муайян бир қисмини аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига бепул малакали тиббий хизмат кўрсатишга йўналтириш таклифини бердилар.
Ўз навбатида, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами орасидан шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси ва хусусий тиббий муассасалар билан ҳамкорликда тиббий хизматга муҳтож бўлган беморлар тўғрисидаги маълумот шакллантирилди.
Ҳозирги кунда хусусий тиббиёт муассасалари томонидан уларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва муолажа қилиш ишлари бошлаб юборилган.
Келгусида бундай учрашувларни мунтазам равишда ўтказишга келишиб олинди.