Ўзбекистон | 07:33 / 26.04.2023
14474
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги 2 та чегара пости фаолияти тикланиши мумкин

Туркманистон вазирлар маҳкамаси раиси ўринбосари Аннагелди Язмурадов бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифи давомида сув хўжалиги масалалари бўйича ўзбек-туркман ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг учинчи йиғилиши ўтказилди.

Фото: yuz.uz

Қўшма комиссия йиғилишида Туркманистон ҳудудида жойлашган Ўзбекистон сув хўжалиги объектларига хизмат кўрсатувчи ишчилар учун “вахта” режимини бекор қилиш ҳамда “Таллимаржон-Таллымерджен” ва “Дружба-Газоджак” чегара постлари фаолиятини қайта тиклаш, Амударё сув ресурсларини биргаликда бошқариш тизимини ва маълумотлар алмашинувини автоматлаштириш каби масалалар муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, Амударё қирғоқларини мустаҳкамлаш ва ўзанларини тўғрилаш орқали сув йўқотилишини камайтириш ҳамда сувнинг тўсиқсиз ўтиш чораларини кўриш, “Туямўйин гидроузели Султонсанжар тўғонида сув фильтрациясига қарши девор қуриш” ҳамда “Қарши насос станциялари каскадини капитал қайта тиклаш” (Фаза-3) лойиҳалари доирасида жалб этиладиган чет эллик мутахассисларга Туркманистон ҳудудига кириш визалари бериш кўриб чиқилди. Кўрилган масалалар юзасидан баённома имзоланди.

Сув хўжалиги масалалари бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги йиғилишини 2024 йилда Туркманистоннинг Туркманобод шаҳрида ўтказишга келишиб олинди.

Мавзуга оид