Ўзбекистон | 08:23 / 19.05.2023
5338
2 дақиқада ўқилади

2017 йилдан буён ўзлаштирилган Хитой инвестициялари ҳажми 11 млрд долларни ташкил этди

Хитойнинг қадимий пойтахти Сиан шаҳрида ўзбек–хитой бизнес-форуми бўлиб ўтди.

Фото: Dunyo

Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов форум иштирокчиларига кириш сўзи билан мурожаат қилар экан, ишбилармон доира вакилларининг ўзаро манфаатларини, шериклик муносабатларини ўрнатишга бўлган қатъий муносабатини юқори баҳолади.

Икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва сармоявий алоқалар изчил суръатда ўсиб келаётганлиги таъкидланди. 2022 йил охирида товар айирбошлаш ҳажми 20 фоизга ошиб, рекорд даражадаги 9 миллиард долларга етди. Шу билан бирга, икки давлат раҳбарлари бу кўрсаткични жорий йилда 10 миллиард долларга етказиш бўйича аниқ вазифани қўйдилар, бунга эса биргаликдаги саъй-ҳаракатлар ва мувофиқлаштирилган тадбирлар орқали эришиш мумкин.

Инвестициявий йўналишда ҳам барқарор ўсиш кузатилмоқда. 2017 йилдан буён ўзлаштирилган Хитой инвестицияларининг умумий ҳажми 5 бараварга ошиб, 11 миллиард долларни ташкил этди. 2022 йилнинг ўзидаёқ Хитой сармоясининг 2,2 миллиард доллари ўзлаштирилди. Ўзбекистонда сўнгги 5 йил ичида ХХР билан қўшма корхоналар сони 3 баробарга ошди.

Форум давомида биргаликда амалга ошириш учун ўнлаб турли соҳа ва йўналишларни қамраб олган аниқ лойиҳавий таклиф ва ташаббуслари тақдимоти бўлиб ўтди. Форум иштирокчилари бўлажак ҳамкорликни ташкил этилган B2B ва G2B музокаралари доирасида батафсил муҳокама қилиш имконига эга бўлдилар.

Тадбир якунлари бўйича қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш тўғрисида битимлар ва савдо шартномалари имзоланди.

Мавзуга оид