Иқтисодиёт | 12:41 / 22.05.2023
26231
2 дақиқада ўқилади

Испания Ўзбекистонда оқова сув тозалаш иншоотларини қуришга сармоя киритмоқчи 

Ўзбекистон элчиси Жаҳонгир Ғаниев Испаниянинг Almar Water Solutions компанияси Институционал алоқалар бўйича директори Луис Бланко ҳамда Маркетинг ва бизнесни ривожлантириш департаменти бошлиғи Мануэль Гарсиа Калвола билан музокаралар ўтказди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Фото: Дунё АА

Учрашувда Ўзбекистонга тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ва илғор технологияларни жалб қилиш, оқова сув тозалаш иншоотларини тозалаш соҳасида тажриба алмашиш масалалари  муҳокама қилинди.

Испания вакиллари Ўзбекистонда оқова сув тозалаш иншоотларини қуриш ва модернизация қилиш йўналишида амалга оширилаётган лойиҳаларда ўз технологиялари ва сармоялари билан иштирок этишга катта қизиқиши борлигини билдиришди.

Хориж томони маълумотига кўра, Almar Water Solutions компанияси вакиллари жорий йил 1-2 март кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Испания Ҳукуматлараро комиссияси йиғилиши доирасида ташкил этилган бизнес-форумда иштирок этган. Компания Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан Каттақўрғон шаҳрида қиймати 100 миллион АҚШ долларига тенг оқава сув тозалаш иншоотини ДХШ асосида қуриш ва бошқариш лойиҳасини амалга ошириш бўйича Ҳамкорлик меморандумини имзолаган.

Ушбу лойиҳа доирасида испан компанияси дастлаб изланишларни бошлаш ва керакли ҳужжатларни ишлаб чиқиш мақсадида  Ўзбекистоннинг тегишли ташкилотлари билан муҳокамаларни  давом эттириш истаги қайд этилди.

Бўлиб ўтган музокаралар натижасида томонлар амалга оширилиши кўзда тутилган лойиҳаларни жадаллаштириш мақсадида Ўзбекистон  томонидан масъул ташкилотлар вакиллари билан мулоқотларни ўтказиш масаласини ишлаб чиқишга келишиб олди.

Мавзуга оид