Жаҳон | 12:24 / 25.05.2023
41179
9 дақиқада ўқилади

Барчаси саҳналаштирилганми? Белгороддаги «диверсиячилар»га зарба берилгани видеосидаги шубҳали жиҳатлар

Эксперт воқеаларни тасвирлашда кўплаб камчиликлар ва номувофиқликлар борлигини айтиб, ҳарбий техникалар шу жойга судраб олиб келингани, чуқурларга ташлаб, пиар учун чиройли суратларни олишганини тахмин қилган.

Фото: РФ мудофаа вазирлиги / EPA / Scanpix / LETA

23 май куни Россия мудофаа вазирлиги Белгород областида «Украина ҳарбий тузилмалари қақшатқич мағлубиятга учрагани ва 70 нафар террорчи йўқ қилингани» ҳақида хабар берди.

РФ мудофаа вазирлигига алоқадор бўлган «Звезда» телеканали гўёки қўпорувчилар мағлубиятга учраган жойдан видеони эълон қилди: зарарланган, қисман ёниб кетган, ойналари ўқдан илма-тешик бўлган машиналар, афтидан, «Грайворон» назорат пункти ёнида турибди.

Ўз навбатида, аввалроқ Белгород областидаги жангларда иштирок этганини эълон қилган «Россия кўнгиллилар корпуси» ўз сафида «йўқотишлар бўлмагани»ни айтмоқда. Шунингдек, жангларда иштирок этган «Россияга озодлик» легиони русларнинг бир неча зирҳли техникасини йўқ қилгани ва Россия армияси ротасини «демилитаризация» қилгани ҳақида хабар берди.

22 май куни Белгород области ҳудудига диверсантлар бостириб киргани ҳақида маълум бўлганди. Россия расмийлари аксилтеррор операцияси режимини жорий этди. Украина томонида жанг қилаётган кўнгиллилардан тузилган «Россияга озодлик» легионининг маълум қилишича, улар «Россия кўнгиллилар корпуси» билан биргаликда «Белгород областидаги Козинка аҳоли пунктини озод қилган» ва Грайворонга ҳам жангчилари кириб борган. Россия ҳарбийлари ва чегарачилари диверсантлар билан жанг қилган, ҳудудга катта кучлар ва зирҳли техника олиб кирилгани ҳам маълум қилинди.

Чегара ҳудудларида содир бўлаётган воқеаларни тасвирлашда кўплаб камчиликлар ва номувофиқликлар бор.

Уруш шароитида Россия мудофаа вазирлиги, «Россия кўнгиллилар корпуси» ва «Россияга озодлик» легиони вакилларининг баёнотларини текширишнинг иложи йўқ.

«Настоящее Время» нашри «Новая газета. Европа» ҳарбий шарҳловчиси Георгий Александров билан суҳбатлашди, у Россия мудофаа вазирлигининг Белгород областидаги воқеаларга оид версиясида нима нотўғри ва шубҳали эканини тушунтирган.

«Умуман олганда, менда буларнинг барчаси саҳналаштирилгандек таассурот қолдирди: улар бу жипларни шу жойга судраб олиб келишган, чуқурларга ташлаб, пиар учун чиройли суратларни олишган», дейди у.

— Кеча Россия мудофаа вазирлиги Белгород областида 70 диверсант ўлдирилганини эълон қилди. Бироқ, ҳеч қандай далил келтирилмаган. Шахсан сиз мудофаа вазирлигининг бу баёнотига ишонасизми?

— Ростини айтсам, мен Россия мудофаа вазирлиги баёнотларига умуман ишонмайман. Россия ҳарбий бошқармаси вакиллари ёлғон фактлар билан қўлга тушган вазиятлар жуда кўп бўлган.

70 киши ўлдирилгани ҳақида гапирсам, интернетда бир неча жасад ёнма-ён турган фотосурат жуда ёмон сифатда кўрсатилган: на юзи, на форма белгилари кўринган. Бироқ, улар кийган форма Россия ҳудудига кирган «Россия кўнгиллилар корпуси» (РКК) жангчилари формасига мос келмаслиги аниқ. РКК ҳам ўз телеграм-каналида суратлардаги формалар бошқача эканини ёзди. Суратга олишдан олдин жасадлар бошқа формага кийинтирилгани даргумон.

Бундан ташқари, ҳарбий техникалар фотосуратларида қон излари йўқ. Қоидага кўра, кучли ўққа тутилгандан сўнг, жойларда жуда катта чуқурлар, жасад қолдиқлари бўлиши керак. Умуман олганда, буларнинг барчаси саҳналаштирилгандек таассурот қолдирди: улар бу жипларни шу жойга судраб олиб келишган, чуқурларга ташлаб, пиар учун чиройли суратларни олишган.

— «Звезда» телеканали тарқатган видеода «За Бахмут» (Бахмут учун) деган ёзувлар машиналарга махсус ёзилгандек туюлмоқда.

— Улар куйган бўёқ устига ёзилган. Кўриниб турибдики, бу сўзлар машиналарни шу жойга олиб келганлар томонидан ёзилган.

— «Новая газета. Европа» манбалари Белгород областидаги «тозалаш операцияси»га кўплаб жангчилар жалб қилингани ҳақида хабар берди. Бу ҳақда нималарни биласиз?

— Мутлақо тўғри. Аслида, вазият анча мураккаб эди. Чегарачиларнинг кичик отряди чегарадан ўтганларни тўсишда муваффақият қозонмади. Кейин мотоўқчилар отряди чақирилди. Улар яхши қуролланмаган ёки умуман қуролланмаган бўлиши мумкин. Табиийки, улар яхши қуролланган гуруҳга қаршилик қила олмади. Кейин бир неча минг киши ва ҳарбий разведканинг махсус кучлари чақирилди. Манбаларимга кўра, «Альфа» ва «Вимпел» махсус кучлари Москвадан Белгородга етиб келишди ва тунда маъмурий биноларда ўтирган РКК жангчиларига ҳужум қилиши кўзда тутилганди. Аммо РКК кимнидир гаровга олишга ёки узоқ вақт у ерни ушлаб туришга ҳаракат қилмади. Тушунишимча, ФХХ ҳатто жангларда алоҳида иштирок этмади.

— Шундай қилиб, Россия хавфсизлик кучлари РКК аъзоларига қарши курашга минглаб одамларни жалб қилганми?

— Бир неча минг кишини. У ерда бир неча ҳалқа ташкил этилган. Кенгроқ ҳалқага яхши қуролланмаган мотоўқчилар жойлаштирилган. Тор ҳалқа қишлоқлар атрофида ташкил этилган, у ерда Бош штаб махсус кучлари бўлган.

— «Россия кўнгиллилар корпуси»нинг қанча жангчисига қарши жанг бўлган?

— Бундай маълумот йўқ. Тушунишимча, бир неча ўнлаб. 10 дан ортиқ техникалар чегарадан ўтган. Техникалар бўш эмас эди, яъни бир неча ўнлаб кишини ўз ичига олган. Эҳтимол, уларнинг сони юздан ортиқ бўлган, чунки маҳаллий аҳоли 100-150 кишилик гуруҳ ҳақида гапирмоқда. Аммо қўрқувнинг кўзлари катта, маҳаллий аҳоли чалғиши мумкин, албатта.

Шу билан бирга, бутун операцияда 300 дан ортиқ одам иштирок этгани ҳақида маълумотлар бор, жумладан Украина манбаларида.

— Мудофаа вазирлиги таъкидлаганидек, «Россия кўнгиллилар корпуси»нинг барча жангчилари чекинганми ёки йўқми, энди аниқлай олмаймизми?

— РКК телеграм-каналида улар қандайдир техникада, қўлга олинган зирҳли транспортёрда қандай ҳаракатланаётгани кўрсатилган. Ва улар ҳеч қандай йўқотиш бўлмаганини айтишади. Уларга қанчалик ишониш мумкинлигини айтиш қийин. Урушда ким ҳақиқатни айтади? Аммо улар маълум миқдордаги техникани қўлга киритишди. Келинг, баъзи ҳақиқий далиллар тақдим этилмагунча, бу маълумотларнинг барчасини текшириш қийин, деб ҳисоблаймиз.

— «Россия кўнгиллилар корпуси» ва «Россияга озодлик» легиони томонидан тарқатилган бу видеоларнинг катта қисмини текшириш қийин, чунки кўпинча уларда ҳеч қандай идентификация белгилари йўқ. Сизнингча, «Россия кўнгиллилар корпуси»нинг бу операцияси қандай амалга ошди? Биламан, сиз Россия ва Украина чегарасида бўлгансиз, аммо 2022 йил 24 февралдан кейин Россия ҳукумати у ерда мудофаани кучайтирмаган бўлиб чиқмоқдами?

— Мен анча олдинроқ бўлганман. 2014 йилда мен қандайдир йўл билан Россия ва Украина ўртасидаги чегарани кесиб ўтдим. Билишимча, чегара билан боғлиқ вазият тахминан ўзгармаган. Чегара амалда назорат қилинмайди, чегарачилар фақат назорат-ўтказиш пунктида туришади, яъни улар амалда фақат паспортларни текширишади ва автомобиллар учун тўсиқни очишади. Ҳеч қандай жойда назорат чизиқлари йўқ, ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Аслида, чегара бутунлай очиқ. Нега ҳарбийлар буни ёпмагани мен учун катта сир.

Аслида, РКК жангчилари чегарани бир неча бор кесиб ўтган – 2 март, 6 апрел кунлари – қандайдир ҳаракатларни амалга оширган. Баъзи маълумотларга кўра, шундай тўқнашувлардан бирида ҳатто чегарачи ҳам ҳалок бўлган. Шунинг учун бу жуда жиддий таҳдид экани аён эди. Лекин ҳеч қандай чора кўрилмади. Кўриниб турибдики, Россияда ҳар доимгидек: хўроз қичқирмагунча, ҳеч ким чўқинмайди.

— Украинадан Россияга чегара орқали ўтиш осонми?

— Иккала йўналишда ҳам кесиб ўтиш жуда осон эди. Чегара умуман йўқ эди. Мен ўзим бориб, Россия чегарачиларига таслим бўлдим. Улар ҳам анча вақтгача мен билан шуғулланишни хоҳламай турди. Чегара мутлақо бўш эди, ҳеч қандай чизиқлар ва тўсиқлар йўқ эди.

— Қандай қилиб Россия ушбу мудофаа чизиғини ҳужумга учраган аҳоли пунктларидан ҳам узоқроққа қурди?

— Билишимча, бу қадар кўп гапирилган тўсиқлар (қиймати деярли 10 миллиард рубл) ҳақиқатан ҳам жанговар ҳаракатлар содир бўлган чегарадан узоқроққа ўрнатилган. Улар Россиянинг ўша қисмини, ҳеч бўлмаганда хаёлларида бўлса ҳам босқинчилар оёқости қилиши учун тарк этгани аниқ.

Мавзуга оид