Ўзбекистон | 17:09 / 04.06.2023
34718
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда ЙПХдан қочган Orlando ҳайдовчиси светофорда турган машинани уриб кетди (видео)

Ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган ва инспекторларнинг тўхташ ишорасига бир неча марта бўйсунмаган ушбу машина ҳайдовчиси кўп ўтмай ЙТҲга учраб, ағдарилиб кетган.

Фото: Тошкент шаҳар ЙҲХБ матбуот хизмати

Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрида ЙПХ машинасидан қочган Orlando бошқа машинага урилиб, ағдарилиб кетгани акс этган видеолар тарқалди.

Тошкент шаҳар ЙҲХБ матбуот хизматининг маълум қилишича, 4 июнь куни соат 02:05 ларда Мирзо Улуғбек тумани Мирзо Улуғбек—Мустақиллик шоҳкўчалари чорраҳасида хизмат олиб бораётган ЙПХ инспектори томонидан ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган К.У. (2005 йилда туғилган) бошқарувида бўлган Orlando ҳуштак ва жезл ёрдамида тўхтатилганида, тўхташ ишорасига бўйсунмасдан ҳаракатни давом эттирган. Ҳайдовчининг хатти-ҳаракати ходимларда шубҳа уйғотгани сабабли орқасидан хизмат автомашинасида кузатиб борилган.

ЙПХ инспектори ҳайдовчини зарарсизлантириш мақсадида, ҳолат бўйича алоқа воситаси орқали кейинги чорраҳада хизмат олиб бораётган ЙПХ инспекторига хабар берган. ЙПХ инспектори автомашиналарни ҳаракатини чеклаш мақсадида ҳаракатни ёпиб турган вақтида, Orlando ҳайдовчиси Lacetti тўхтаб турганида, қасддан оралиқ масофани сақламасдан орқа қисмига бориб урилган. Чорраҳадаги ЙПХ инспекторига хавф туғдириб қонуний тўхташ ишорасига ҳам бўйсунмасдан, ЙТҲ содир бўлган воқеа жойидан қочиб кетиб, ҳаракатни давом этирган.

Orlando ҳайдовчиси ҳаракат давомида ЙПХ инспекторларига бўйсунмасдан, светофорнинг тақиқловчи ишораларига амал қилмасдан ҳаракатланган ва бир неча марта ходимларнинг қонуний тўхташ ишорасига бўйсунмаган ва авариявий хавфли ҳолат қилиб ўз йўналишида ҳаракатланиб келаётган Lacetti хизмат автомашинаси йўналишига халақит бериб тўқнашган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда ЙПХ машинасига жиддий зарар етгани, Orlando ағдарилиб кетганини кўриш мумкин.

Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид