20:22 / 07.06.2023
30510

Эпидемияга олиб келиши айтилаётган қурилиш иши: ҳудуд тупроғидан қайта экспертиза учун намуналар олинди

Бирламчи таҳлил натижалари 10 кундан кейин, якуний таҳлил натижалари эса 1 ой ичида маълум бўлади.

Пойтахтнинг Юнусобод тумани Шайх Шиблий маҳалласи аҳолисининг тармоқларда тарқалган видеомурожаатида 70 йил давомида юқумли касалликларга қарши вакцина ва зардоблар ишлаб чиқарилган илмий-тадқиқот институти ўрнида кўп қаватли турар жой мажмуаси қурилиши бошлангани, бу ҳудудда эмдорилар синаб кўрилган ҳайвонларнинг жасади кўмилгани, айрим инфекция қўзғатувчи споралар ўлмаслиги ва 100 йилгача сақланиб қолиши, шу сабабдан ҳам ҳудудни ковлаш мумкин эмаслиги айтилганди.

Фото: uzpharmagency.uz

Таъкидлаш керакки, мазкур масала жамоатчилик ўртасида резонансга сабаб бўлди. Шундан сўнг мутахассис-экспертлардан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, улар томонидан Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институтининг ҳудуди ўрганилган. Ўрганиш давомида Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институти ҳудудидан ўта хавфли юқумли инфекциялар қўзғатувчилари мавжудлиги ёки йўқлигини аниқлаш мақсадида лаборатория текшируви ўтказиш учун намуналар олинган.

Ушбу жараёнда ФВВ Тиббий-биологик муҳофаза бўлими бошлиғи Абдусамиғ Алматов, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги бўлим бошлиғи Дилфуза Аҳмедова, Тошкент шаҳар ССБ Ўта хавфли инфекциялар бўлими мудири Албина Мусаева, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси бошлиғи ўринбосари Ботиржон Қурбонов, Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институти лаборатория мудири Назира Баҳромова иштирок этгани айтилмоқда.

“Куйдиргига чалинган тирик ёки ўлик ҳайвон ҳеч қачон Беккери ўрасига ташланмайди. Ветеринария-санитария қоидалари бўйича ўрага ташлашдан олдин албатта улар куйдирилади.

Ўта хавфли юқумли инфекциялар қўзғатувчиларининг мавжудлиги ёки йўқлигини аниқлаш учун намуна олиш тартиби бор бизда. Қўлимизда куйдирги ўчоқларининг харитаси бор. Матчонов даврида махсус карта қилинган. Вакцина ва эмдорилар синовдан ўтказилган ҳайвонлар қабристонларининг ҳам харитаси бор, “Беккери ўра”ларининг ҳам хариталари бор.

Ўрганганимизда бу ерда куйдирги ўчоқлари борлиги ҳақида маълумот йўқлиги маълум бўлди. Хариталарда қайд этилмаган. Бундай вазиятда зарурат бўлганда тупроқдан намуна олинади. Ҳар йигирма беш сантиметрдан намуна олиниб, текшириб кўрилади”, деган ишчи-гуруҳ аъзоларидан бири аҳоли билан учрашув чоғида.

Тошкент вакцина ва зардоблар илмий-тадқиқот институти ҳудудида қурилиши режалаштирилган биноларнинг эскиз-режаси

Ўрганиш давомида олтита нуқтадан лаборатория таҳлиллари учун 15 та намуна олинган. Лаборатория таҳлиллари ветеринария ва чорвачилик давлат қўмитаси ва СанЭпидқўмита лабораторияларида текширилади. Мутахассисларнинг айтишича, бирламчи таҳлил натижалари ўн кундан кейин, якуний таҳлил натижалари эса бир ой ичида маълум бўлади.

Top