Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида фуқаролар қуриб қолган дарахтларни хавфсизлик нуқтаи назаридан кестириб ташлашда муаммоларга дуч келмоқда: уларни кесишга рухсатнома олинган, аммо кесиб берадиган ташкилот йўқ.

Ҳудудда яшовчи Kun.uz мухбири шундай ҳикоя қилади:

“Юнусобод тумани, Шаҳристон кўчасида яшайман. Уйимизни ёнида бир туп, ундан 30 метрлар чамаси нарида, чиқинди қабул қилиш пукнти ёнида яна бир туп кўп йиллик қайрағоч қуриб қолган. Уларнинг қуриганига ҳам 2 йилдан ошган аслида. Ташқарида болалар ўйнайди, ўтиб-қайтувчилар бўлади, бирортага шикаст етказмасин, деган мақсадда уларни кестириб ташламоқчи бўлдим. Аммо айнан шу масала – қуриган дарахтни кесиб олишда бунчалик тизимсизлик, сансалорлик бор деб ўйламагандим.

Аввалига қуриган дарахтларни кесиб беришни айтиб туман ободонлаштириш бошқармасига мурожаат қилдим. Улар рухсатнома кераклигини айтишди, аммо уни қаердан олишим мумкинлигини айтишмади.

Сўнгра ушбу масалада “Халқ назорати”га мурожаат йўлладим. У ерда мурожаатимни рад қилишди ва license.gov.uz орқали рухсатнома олишимни тушунтиришди.

Шундай қилдим. Қарийб 10 кунларда экологиядан ходимлар келиб, дарахтларни кўришди ҳамда далолатнома тузиб кетишди. Кейин уларни кесиш бўйича рухсатнома берилди.

Рухсатномани олиб, туман ободонлаштириш бошқармасига бордим. Бироқ ушбу ташкилотдан менинг ишимни битказиб берадиган ходим тополмадим: ўта тартибсиз ташкилотда остонада ётадиган 2 та супурги ва қоровул амакидан бошқа одамни кўрмайсиз. 

Ушбу оворагарчиликлардан кейин маслаҳат олиш мақсадида туман ҳокимлиги матбуот хизмати раҳбарига боғландим. У туман ҳокими ўринбосарига айтди. Шу тариқа, эртаси куни соат 9:40ларда ўзини “туман ободонлаштириш бошқармасиданман” деб таништирган одам қўнғироқ қилди ва дарахтларни кесиб олиш учун гуруҳ йўлга чиққанини билдирди. Аммо ҳеч ким келмади.

Тушдан кейин соат 15:00ларда ўша рақамга қайтиб қўнғироқ қилдим. Қўнғироғимга жавоб қайтарган одам ҳозир сизга боғланишади, деди. Орадан чамаси 5 дақиқа ўтиб, бир киши телефон қилди ва ярим соатда манзилга келишини билдирди. Айтган вақтида келди ҳам. Лекин дарахтларни кўриб, уларни кесиб бериши учун 2 млн сўм тўлашим кераклигини айтди. Бунинг сабабини сўраганимда эса “Мен хусусий фирмаданман, ободонлаштиришнинг вақти йўқ, шунга мени юборди”, деган жавобни олдим. Рад этдим.