«Вагнер» ва чеченлар: можаро жиддийлашди. Қодиров Пригожин билан «эркакчасига гаплашиб олди»
Яқингача бир-бирини оға-ини деб атаб келган, фронтдаги энг қалин иттифоқчидек кўринган Чеченистон етакчиси Рамзан Қодиров ва «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси асосчиси Евгений Пригожиннинг одамлари ўртасидаги можаро жиддийлашди. Энди ҳар икки томон «тўдабошилари» тўғридан тўғри бир-бирини танқид қилди. Пригожин чеченларни гўёки «майда миллат» деб камситишга уринди. Қодиров эса жанг майдонида чеченлар «Вагнер»дан анча самарали бўлганини иддао қилди.
Пригожин нима деди?
Можаронинг бу галги тўлқини Евгений Пригожиннинг Қодиров билан телефон мулоқоти ҳақида айтган гапларидан кейин бошланди. Аввалроқ Қодировнинг одамлари Адам Делимханов ва Магомед Даудов Пригожинга «стрелка уриб», қаердалигини айтса, эркакчасига гаплашиб олишларини айтиб чиқишганди.
«Ўша куни менга Рамзан қўнғироқ қилди. Гаплашиб, ҳаммасига чек қўйишга келишиб олдик», деди Пригожин Қодиров билан суҳбати ҳақида. У Қодиров одамларининг чиқишларига оммавий жавоб қайтаришни хоҳламагани, чунки Россияда ҳар қандай миллатлараро зиддиятлар чўзилиб кетишини қўшимча қилди.
«Россияда шунақа бўлиб қолди: миллий озчилик вакиллари руслар ҳақида бемалол ўз фикрларини билдирмоқда. Руслар эса уларнинг манзилига нимадир дегани учун жазосиз қолмайди. Шу сабабли менга миллатлараро низо келтириб чиқарганим учун жазо беришмасин деб жим туришга қарор қилдим», деган «Вагнер» асосчиси.
У Чеченистон раҳбарига яқин одамларнинг баёнотлари 90-йиллар риторикасини эслатиб юборишини қайд этган. Пригожинга кўра, бу низони Кремлдаги катта ўйин ўйнашни мақсад қилганлар ташкил этган бўлиши мумкин.
«Ишонинг, «Ахмат» ҳамда «Вагнер» орани очиқ қилиб олса, ғолиб ким бўлиши аниқ, лекин орада жуда кўп қон тўкилган бўларди», деган Пригожин ўз навбатида «Ахмат» батальонини ҳақорат қилмаганини айтар экан.
Пригожин бу муаммо давом этадиган бўлса, ҳеч қанақа «учрашув жойига бормаслиги», 90-йилларда бундай учрашувларга роса дуч келгани, ҳозир эса масалани катта одамлардай ҳал қилишини айтган.
Қодиров икки қисмли пост ёзди
Аввалроқ «Вагнер»га қарши Қодировнинг одамлари видеомурожаат қилганди. Пригожиннинг гапидан кейин эса Қодировнинг ўзи 3,1 миллиондан ортиқ обуначиси бор Telegram-каналида икки қисмдан иборат пост қолдирди.
«Биламан, кўпчиликни Қодиров ва Пригожин ўртасида нима бўлгани ҳақидаги савол қизиқтиряпти. Ҳаммасини тўлиқ айтиб бераман. Шунингдек, бу ҳолатда нима нотўғри экани ва қандай принципларга собит эканимни тушунтириб бераман.
Нимадан бошланди?
Ҳаммаси мен Пригожинни қўллаб видео эълон қилганимдан бошланди. Мен ўшанда (Пригожин «Вагнер» Бахмутдан кетишини эълон қилгани назарда тутилмоқда) катта оғам Пригожин ва «Вагнер» [Бахмутдан] кетадиган бўлса, ўрнига иниси Қодиров ва «Ахмат» боришини айтгандим. Агар Пригожин чиндан кетадиган бўлса, репутациясига салбий таъсир қилмаслиги учун унга ўз таклифим орқали елкадош бўлишимга чин дилдан ишонгандим.
Аммо шундан кейин Пригожиннинг оҳанги ўзгариб қолди. У бизга нисбатан душманона баёнотлар қилди, мудофаа вазирлиги ва Бош штаб шаънига яна ҳақорат ёғдирди. Бу гаплардан кейин Пригожин билан боғланиб, ахматчиларга нисбатан оммавий агрессив муомаланинг сабаби нималигини сўрамоқчи бўлдим. Аммо гўшакнинг нариги томонидан жавоб бўлмади. Шу сабаб ҳамманинг олдида гапни кўпайтирмаймиз-да, кўришиб эркакчасига гаплашиб оламиз, дедим.
Ғарб бизнинг ҳар бир сўзимизни пойлаб ўтирган ва Россиядаги вазиятни издан чиқаришга интилаётган бир вақтда бундай баёнотлар бериш, раҳбариятни бундай танқид қилиш ярамайди. Ҳозир 1941 йил эмас, интернет ва гибрид урушлар даври. Ўзим ҳам мудофаа вазирлигини бир-икки марта танқид қилдим-да, кейин бош қўмондонга ҳаммаси яхшироқ кўринаётганини тушуниб етдим. Қабул қилинаётган қарорлар уни қониқтираётган экан, демак, бу тўғри ва Россия учун манфаатли бўлган қарор. Бунинг устига, «махсус ҳарбий амалиёт»да (Россияда урушни шундай аташади) ҳам, иқтисодиётда ҳам ижобий ўзгаришлар кузатилмоқда. Демак, тепада яхшироқ ва тўғрироқ ўйлашмоқда».
Нега телефон суҳбати ўтказилди?
Вазият совиганидан кейин ҳам Пригожин «Ахмат» манзилига кинояли баёнотлар қилишни тўхтатмай, чечен жангчилари бутун «ДХР»ни эмас, фақат бир нечта аҳоли яшаш пунктларини озод қила олишга қодир деб айтди. Ваҳоланки, Қодиров бундай баёнот бермаган.
«Менинг баёнотларимни кузатадиганлар жуда яхши билишади: «Ахмат»нинг ҳужум бригадалари «ДХР»ни озод қилишга қодир. Агар буйруқ бўлса, Полша ва Германияни ҳам. Чечен жангчилари «ЛХР»да 36 та аҳоли яшаш пунктини озод қилгани бу маълумотларни мустаҳкамлайди. Хусусан, «ЛХР»ни озод қилиш йўлидаги охирги икки шаҳар Северодонецк ва Лисичанск. Попаснаяда шаҳар марказини «Ахмат-Грозний» чечен ОМОНи эгаллади. Албатта «Вагнер»нинг ҳам ёрдами катта бўлганди.
Бутун дунё эътибори қаратилган Мариупол рекорд муддат ичида, жуда кам қўшин билан эгалланди. Мариуполдан уч баравар кичик Бахмут каби 10 ойда эмас. Фарқ сезиляптими? У ерда ҳам снаряд етишмаган, лекин мудофаа вазирлиги манзилига бирорта баёнот бўлгани йўқ. Минглаб қўрқувдан титраган азовчилар ва националистлар шаҳардан қочиб кетиш имкони бўлмагани учун иштонини осилтириб таслим бўлганди. Ва мана шу фактлардан кейин қайси бўлинмани самаралироқ деб баҳолаш мумкин? Жавоб аниқ.
Ва яна бир нарсага эътибор беринг, биз вагнерчилар манзилига бирор марта киноя, сарказм ёки ҳар қандай айбловлар билдиришдан тийилдик. Дарвоқе, ҳозир фронтда танқидчиларимиз киноя қиладиганидек битта эмас, учта «Ахмат» батальони бор.
Пригожиннинг навбатдаги баёнотидан кейин у билан телефонда гаплашдик. Мен қўнғироқ қилдим. Телефонда муҳокама қилиш учун эмас, Пригожиндан у билан юзма-юз гаплашиш учун қаерда эканини сўраш мақсадида. Телефон суҳбатининг тўлиқ расшифровкаси менда йўқ, лекин Пригожинда бўлса керак. Чунки суҳбат у менга берган махсус мобил телефонда бўлиб ўтди.
Суҳбат ҳаммасига чек қўйиш кераклиги ҳақида гап билан бошланди. Қўшиламан. Украинани иккинчи армия деб аташ, шахсиятга ўтиш, асосийси, Россия армияси, унинг раҳбарияти ва бош қўмондон ҳақидаги гапларга чиндан чек қўйиш керак. Президент эрта-ю кеч халқ учун ишламоқда. Мамлакатни санкция ва айбловлар гирдобидан олиб чиқмоқда. Яна такрорлайман, у узоқроқни кўра олади, кенгроқ кўради.
Умуман олганда, эркакчасига гаплашиб олдик дейиш мумкин. Баёнотларда «Ахмат»ни ҳам, «Вагнер»ни ҳам танқид қилмаслик, тилга олмасликка келишиб олдик. Суҳбат ташаббускори сифатида тушунмовчилик бартараф этилганини айтишим керак, аммо...
Пригожин мени ортда қолдиришни мақсад қилган кўринади, суҳбат ҳақида аввалроқ маълумот бериб улгурди. Эртасига эса «Вагнер» командирлари яна бир қатор баёнотлар қилишди. Пригожинга ҳеч ким «бандитча стрелка» белгилагани йўқ. Бу бизнинг услуб эмас. Мен у билан гаплашиб олиш учун учиб боришга тайёр эдим. Пригожин эса буни 90-йиллар услубига ўхшатиб, Ямадаевнинг ўлдирилишини мисол қилиб келтирди. Бу орқали гўёки нималаргадир ишора қилди. Ва гўёки миллий озчилик манзилига баёнот беришдан тийилишини айтди. Ўзини тийибди эмиш! Чеченлар Россияда озчилик эмас, сон бўйича учинчи ўринда турувчи титулли миллат ҳисобланади, буни билиб олиш керак.
Ямадаев бўйича иш эса аллақачон якунланиб бўлган, жавобгарлар жазосини ўтамоқда. Бу тинчиб кетган ишларни гўёки терговчи каби ковлаштириш ўзини ҳурмат қилмасликка киради.
Мана шунақа нуқта... вергули билан».
Охир-оқибат нима бўлди?
«Ҳаммасини унинг (Пригожиннинг) виждонига ҳавола қилган ҳолда картина тўлиқ бўлиши учун баъзи жиҳатларни таъкидламоқчиман.
Битмас-туганмас патрон, зирҳли техника билан урушиш учун идеал шароит бўлмайди, БЎЛМАЙДИ. Бу ўз номи билан уруш. Доим нимадир етишмайди: граната, патрон, снаряд, овқат, тушёнка, сув, самолёт, танк, миномёт, сапёрлар белкураги, пайпоқ, аспирин... доим қандайдир камчилик бўлади. ДОИМ. Лекин бунинг учун бош штаб ва мудофаа вазирлиги ёрдам бермаяпти дейиш – хато.
«Ахмат»га ҳам, «Вагнер»га ҳам ёрдам берилмоқда. Стратегия, ҳаводан ёрдам, тезкор разведка маълумотлари, ўқ-дори, амуниция – ҳаммаси. Ва бу ёрдам эмас, бош қўмондон буюрган топшириқларни биргаликда бажариш дейилади. Раҳбарият 200 минг қўшин қаерда кераклигини яхшироқ билади: муҳим сарҳадлардами ёки медиаолам сўраётган жойдами.
Жанговар ўртоқ деб аталувчи ўртоқ Пригожинга берадиган яна бир қатор саволларимиз бор. Россия мудофаа вазирлигига озиқ-овқат етказиб беришдан ким мўмайгина пул ишлаб олмоқда? Биз бу жараённинг кичик деталларигача хабардормиз.
Ҳозир ҳаммамиз блогер эмас, бош қўмондоннинг ёрдамчиси бўлишимиз керак. Либерал мухолиф ОАВ каби танқид ва ҳайп эвазига ўқувчи кўпайтириш керак эмас. Ахир кейин ҳаммаси ватанимиз ғалабаси билан якунланганда, бундай ўзини тутиш билан уялиб қолиш ҳеч гап эмас», деб якунлаган икки қисмдан иборат постини Рамзан Қодиров.
Мавзуга оид
10:46
Трамп Украина бўйича музокаралар учун махсус вакил тайинлайди
22:44 / 13.11.2024
Трамп маъмуриятида Украина бўйича махсус вакил бўлади — ОАВ
21:24 / 13.11.2024
Кураховодаги украин гарнизони қуршовга тушиши мумкин. Фронтдаги энг мураккаб йўналишлардан бирида нималар бўлмоқда?
18:53 / 13.11.2024