15:50 / 15.06.2023
21057

Заҳар ичидаги шаҳар – Kun.uz танқидидан сўнг вазиятни вилоят ҳокими жойига бориб ўрганди

Kun.uz сўнгги кунларда Навоий шаҳри ҳавосининг ифлослик даражаси ортиб кетгани ва бу шаҳар аҳолисининг эътирозларига сабаб бўлаётгани ҳақида материал эълон қилганди. Экологлар бунга шаҳар четидаги оҳак ишлаб чиқариш цехлари кўмирга ўтказилгани сабаб бўлганини таъкидлашган. Таҳририят суриштирувидан сўнг Навоий вилояти ҳокими Нормат Турсуновнинг ўзи вазиятни жойига бориб ўрганди.

Фото: Навоий вилояти Экология бошқармаси

Олдинроқ Kun.uz сўнгги вақтларда ҳар тонг Навоий шаҳрини тутун қоплаб олаётгани ва бу фуқароларнинг норозилигига сабаб бўлаётгани ҳақида маълум қилганди. Ўрганиш жараёнида экологлар бунга асосий сабаб шаҳар четидаги оҳак ишлаб чиқариш цехлари кўмир ёқилғисидан фойдаланаётгани, бунинг оқибатида атмосфера ҳавосига ташланувчи ифлослантирувчи моддаларнинг барча концентрациялари белгиланган меъёр даражасидан бир неча баравар юқори бўлаётганини таъкидлашган эди.

Ҳолат юзасидан Навоий вилояти Экология бошқармаси расмий муносабат билдириб, ишчи гуруҳ тузилган ҳолда ўрганиш ишлари олиб борилгани ҳамда жараёнда Навоий шаҳри ва Кармана тумани ҳудудларида бир нечта оҳак ишлаб чиқариш цехлари ноқонуний фаолият олиб бораётгани аниқланганини маълум қилди.

Шунингдек, Навоий шаҳрининг атмосфера ҳавосида юзага келаётган ноқулайликларни бартараф этиш мақсадида ҳудуддаги оҳак ишлаб чиқариш цехлари фаолияти вилоят ҳокими Нормат Турсунов ҳамда бошқа сектор раҳбарлари, тегишли ташкилотлар масъуллари иштирокида жойига чиқиб ўрганилган. Ўрганиш давомида оҳак ишлаб чиқариш билан шуғулланаётган тадбиркорларга атмосферага чиқарилаётган чиқинди миқдорини камайтируви филтрлар ўрнатгандан сўнг фаолият олиб бориш тавсия қилинган. Шунингдек, вилоят раҳбари томонидан Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор қилиш орқали тегишли бошқармалар ва ташкилотлар иштирокида ишчи гуруҳ тузиб, оҳак пишириш цехлари фаолиятининг қонунийлигини ўрганиш бўйича кўрсатмалар берилган.

Top