Бино ва иншоотлар қурилишида автотураргоҳларни ҳудудлар кесимида киши бошига кўра лойиҳалаштириш талаби белгиланмоқда. Бу ҳақда Қурилиш ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Саидносир Усмонов маълумот берди.
Таъкидланишича, Тошкент шаҳри ва пойтахт вилоятида 1 хонадонга 1 та автотураргоҳ ўрни, бошқа вилоятларда эса 2 хонадонга 1 та автотураргоҳ бўлиши назарда тутилмоқда.
Мактаб ва боғчаларда 25 нафар болага 1 та, олий таълим муассасаларида 4 нафар талабага 1 та, шифохона ва поликлиникаларда 5 нафар қатновчига 1 та, маъмурий офис, ташкилот ва хўжалик муассасалари биноларининг 10 метр квадрат қисмига 1 та, масжидларда 10 нафар ташриф буюрувчи учун 1 та, бозорлардаги ҳар иккита савдо жойига биттадан, меҳмонхоналардаги ҳар 5 та ўринга 1 тадан автотураргоҳ бўлиши шартлиги белгилаб қўйиляпти.
Шунингдек, таъмирлаш-қурилиш ишлари хавфли табиий жараёнлар ва ҳодисаларнинг пайдо бўлишига ёки кучайишига олиб келмаслиги ҳамда одамларнинг ҳаёти ва соғлиғига таъсир қилмаслиги, шунингдек, атроф-муҳит, ҳайвонот ва ўсимликлар оламига зарар етказмаслиги шартлиги кўрсатилган.