22:26 / 16.06.2023
21723

Музокаралар фақат Россия қўшинлари олиб чиқилгандан кейин ўтказилиши мумкин — Зеленский

Украина президенти Африка миссияси вакиллари билан учрашди.

Фото: Reuters

16 июнь куни Украина президенти Володимир Зеленский Киевда қуролли можарони ҳал қилиш бўйича Африка миссияси вакиллари билан учрашув ўтказди. 

Учрашувдан сўнг у Россия ўз қўшинларини олиб чиққандан кейингина тинчлик музокаралари ўтказилиши мумкинлигини айтди. 

«Шубҳасиз, Россия террорининг тўхтатилиши ва уларнинг барчасини Украина ҳудудидан олиб чиқиб кетилиши — урушга барҳам бера олади. Украина ва дунёга музлатилган можаролар ҳам, чўғ олаётган урушлар ҳам керак эмас. Тинчлик керак. Биз бугун Африка давлатлари раҳбарлари ва юқори вакилларидан иборат делегация билан Россия шантажисиз ва алдовисиз ҳақиқий ва адолатли тинчликка эришиш йўли ҳақида гаплашдик», деб ёзди Зеленский ижтимоий тармоқда. 

Делегация таркибига Комор ороллари иттифоқи президенти Азали Ассумани, Жанубий Африка Республикаси президенти Сирил Рамафоса, Сенегал президенти Маки Салл ва Замбия президенти Хакаинде Хичилема, Миср бош вазири Мустафо Мадбулий, шунингдек, Конго президенти махсус вакили Флоран Нтсиба ва Уганда президенти вакили Руҳакана Ругунда кирди. 

15 июнь куни делегация Польшада бўлди. 17 июнь куни миссия Санкт-Петербургда Россия президенти Владимир Путин билан учрашади. 

Reuters хабарига кўра, Африка давлатларининг Украинадаги можарони ҳал қилиш режаси лойиҳасида музокараларни тезлаштириш учун Россия қўшинларини Украина ҳудудларидан олиб чиқиш ҳақидаги таклиф ҳам бор. 

Европа Иттифоқи расмийларига кўра, агар Африка етакчилари Россия ва Украина ўртасидаги ҳарбий можарони музлатиб қўйишни таклиф қилса, бундай тинчлик режаси қўллаб-қувватланмайди.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top