Навоийда давлатга 9,6 млрд сўмлик зарар келтирган майнинг ферма аниқланди
Маҳаллий хусусий корхона раҳбари корхона ҳудудига хорижда ишлаб чиқарилган 195 дона майнинг қурилмаларини ўрнатган.
Давлат хавфсизлик хизматининг Бухоро ва Навоий вилоятлари бўйича бошқармалари ходимлари томонидан Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамда Ички ишлар органлари ходимлари билан ҳамкорликда Қизилтепа туманида ўтказилган тезкор тадбирда ноқонуний майнинг ферма фаолиятига чек қўйилди.
Тезкор тадбир давомида маҳаллий хусусий корхона раҳбари 6 нафар фуқаро билан ўзаро келишган ҳолда, корхона ҳудудига хорижда ишлаб чиқарилган 195 дона майнинг қурилмаларини ўрнатиб, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланишлари натижасида, давлат манфаатларига 9 млрд 661 млн 402 минг сўмлик зарар келтиргани аниқланди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 185-2-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.