11:12 / 29.06.2023
5900

Украина Ғарб томонидан етказиб берилаётган қуролларни ишлаб чиқариш ниятида

Украина армия ва флот эҳтиёжларини қондириш учун иттифоқчилар томонидан етказиб берилаётган ҳарбий техника ва қуролларни ишлаб чиқаришни ўзлаштиришга интилмоқда, деди президент Зеленский парламентда мамлакат Конституцияси кунида.

Фото: Reuters

Украина ҳужумларни қайтариш учун ўз ҳудудида Ғарб давлатларидан олинган қурол ва ҳарбий техника ишлаб чиқаришни ташкил этиш ниятида. Бу ҳақда президент Володимир Зеленский 28 июнь, чоршанба куни Украина парламентидаги чиқиши чоғида айтиб ўтди. «Зарур қуроллар тизимлари - ҳаво ҳужумидан мудофаа, танклар, ҳамкорлар томонидан етказиб берилаётган зирҳли машиналар - биз Украинада ишлаб чиқариш ва маҳаллийлаштиришга интиламиз. Бизнинг аскарлар доимо қуролга эга бўлади!» – деди давлат раҳбари. У Ғарбнинг аниқ етказиб берувчилари ва шартларини айтмади, лекин 10 йилдан кейин мамлакат «бошқа халқлар ўнлаб йиллар давомида босиб ўтган йўлдан бориши керак»лигини таъкидлади.

Украина ўз армияси ва флоти эҳтиёжларини қондириш, шунингдек, «ҳаво қалқони» ташкил этиш ва кибермаконда хавфсизликни таъминлашга қодир кучли ҳарбий-саноат мажмуасини олади, деди Зеленский. Унинг сўзларига кўра, Украина учувчисиз денгиз аппаратларини ясашни ўрганган ва улардан муваффақиятли фойдаланмоқда. «Ҳар хил турдаги дронларни ишлаб чиқариш Украинада Европадаги энг қудратли соҳага айланиши керак бўлган соҳадир», — дея қўшимча қилди давлат раҳбари.

Май ойи ўрталарида Германиянинг ҳарбий техника ва қурол-яроғ ишлаб чиқаришга ихтисослашган Rheinmetall концерни Украинанинг «Укроборонпром» давлат концерни билан қўшма корхона яратаётгани маълум бўлди. Қўшма корхона июль ойининг ўрталарида иш бошлаши керак. Корхона Украинага Германия томонидан «айланма алмашинув» доирасида ёки тўғридан тўғри берилган ҳарбий машиналарни таъмирлайди. Келгусида ҳамкорлик Украинада Rheinmetall маҳсулотларини биргаликда чиқаришга қаратилади.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top