09:26 / 22.05.2024
2020

ОАВ: ЕИ Киев билан аъзолик бўйича музокараларни июнда бошламоқчи

Брюссел Киев билан Украинанинг ЕИга қўшилиши бўйича музокараларни 25 июндаёқ бошлашни истайди, деб ёзади Politico. Бунга ҳозирда Киевни Украина ғарбидаги венгер озчилигига зулм қилишда айблаётган Венгриянинг позицияси тўсқинлик қилмоқда.

Фото: Reuters

Брюссел 25 июн куни Украинанинг Европа Иттифоқига қўшилиши бўйича Киев билан музокараларни бошламоқчи. Бу ҳақда Американинг Politico нашри 21 май, сешанба куни хабар берди. Унда қайд этилишича, ЕИ раҳбарияти шу йўл билан Украинани қўллаб-қувватламоқчи. 

Декабр ойида Европа кенгаши раҳбари Шарл Мишел Европа Иттифоқи Украина ва Молдова билан ташкилотга аъзо бўлиш бўйича музокараларни бошлашга қарор қилганини билдирганди. Бироқ процедура Венгрия позицияси туфайли тўхтатилди, деб ёзади Politico: гап шундаки, Будапешт Киевни мамлакат ғарбида яшовчи венгер озчилигига зулм қилишда айбламоқда. Нашрнинг ёзишича, Украина ҳам, ЕИ ҳам ҳозир Венгрия билан парда ортида фаол музокаралар олиб бормоқда ва бу тўсиқни бартараф этишга ҳаракат қилмоқда. 

Европалик дипломатлардан бири нашр билан суҳбатда Венгрия 6—9 июн кунлари бўлиб ўтадиган Европарламентга сайловлар олдидан Украина билан аъзо бўлиш бўйича музокараларни блокдан чиқаришни истамайди, чунки бу уларнинг натижаларига таъсир қилади, деган фикрни билдирди. Бошқа томондан, манбанинг фикрича, Будапешт июл ойида олти ойлик Европа Иттифоқи кенгашига раислик қилгунга қадар бу муаммони ҳал этишни хоҳлайди. 

Киев ва Будапешт музокаралари 

Украина президенти девонхонаси раҳбари Андрей Ермак ва Венгрия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари Петер Сийяртонинг апрел ойида бўлиб ўтган телефон суҳбатларидан сўнг томонлар мулоқотда «ижобий динамика» борлигини маълум қилишди. Киев Будапешт ўзаро келишмовчиликларни бартараф этишни таклиф қилаётган рўйхатга жавоб берди ва энди Венгриянинг муносабатини кутмоқда, деб хабар қилди Politico дипломатик доиралардаги манбага таяниб. 

Аввалроқ, январ ойида Сийярто ва Ермак 100 мингга яқин этник венгер истиқомат қиладиган Украинанинг Карпаторти вилояти маркази Ужгородда учрашган эди. Ўшанда Киев буни Украина президенти Володимир Зеленский ва Венгрия бош вазири Виктор Орбан ўртасидаги шахсий учрашув йўлидаги «катта қадам» деб атади. 

Украина 2022 йилда ЕИга аъзоликка номзод бўлди 

Украина ва Молдовага Европа Иттифоқига қўшилиш учун номзод мақоми бериш тўғрисидаги қарор 2022 йил июн ойида бўлиб ўтган ЕИ саммитида қабул қилинган эди. Европа комиссияси етти босқичдан иборат дастур ишлаб чиқди, уни Украина аъзоликка тайёрланиш учун бажариши керак. Булар, хусусан, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, коррупцияга қарши кураш ва деолигархизациядир. 

Top