Жаҳон | 18:58 / 21.05.2024
5025
2 дақиқада ўқилади

БМТ Зеленскийнинг ваколат муддати тугашига қарамай, президент деб ҳисоблашда давом этади

Украина президентининг ваколати расман 20 май куни тугаган, аммо БМТ бош котиби у билан давлат раҳбари сифатида мулоқотни давом эттиради. 

Фото: The New York Times

БМТ Володимир Зеленскийни Украина президенти деб ҳисоблашда давом этади, гарчи унинг давлат раҳбари сифатидаги ваколати расман 20 май куни тугаган бўлса-да. Бу ҳақда БМТ бош котиби вакили Стефан Дюжаррик маълумот берди. 

«Президент Зеленский биз учун Украина давлат раҳбари ва бош котиб Украина раҳбари билан боғланиш зарурати туғилганда мулоқот қиладиган шахс бўлиб қолади», деди у. 

Зеленский 2019 йилда Украина президенти этиб сайланган ва ўша йилнинг 20 май куни лавозимига киришган. Украина раҳбари беш йил муддатга сайланади, сайлов 2024 йил март ойида бўлиб ўтиши керак эди. Мамлакат Конституциясига кўра, ҳарбий ҳолат шароитида уларни ўтказиш тақиқланган. Ҳарбий ҳолат 2022 йил февралидан бери амал қилади. 

2023 йил ноябрида Олий Рададаги фракция раҳбарлари меморандум имзолаган, унга кўра сайлов мамлакатдаги жанглар тугаганидан кейингина ўтказилиши мумкин. Украина Марказий сайлов комиссияси раиси Олег Диденко ҳарбий ҳолатни инобатга олган ҳолда Украина раҳбарининг 20 майдан кейинги ваколатлари автоматик равишда янги сайловлар ўтказилгунга қадар узайтирилишини айтди. Буни адлия вазири Денис Малюска ҳам тасдиқлади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид