17:45 / 07.07.2023
18760

Эроннинг қўшилиши, Тўқаевнинг шикояти ва бошқалар. ШҲТ саммити – сиёсатшунослар назарида

20 йил ичида ШҲТ доирасида бирортаям йирик иқтисодий лойиҳа амалга оширилмади, деди Қосим-Жўмарт Тўқаев ташкилотнинг Деҳли саммитида. Анжуманда Шавкат Мирзиёев муҳим кодексни илгари сурди. Си Жинпинг яна рангли инқилоблар ҳақида гапирди. Эрон эса ШҲТ аъзосига айланди ва доллардан воз кечишга чақирди.

“Геосиёсат” дастурининг навбатдаги мавзуси – ШҲТ. Суҳбатдошларимиз – сиёсатшунослар Камолиддин Раббимов ва Суҳроб Бўронов.

— Эроннинг ШҲТга аъзолиги ташкилотга қандай ютуқлар ёки муаммолар келтириши мумкин? Кучлар мувозанатига қандай таъсир ўтказади?

Суҳроб Бўронов: Эроннинг ташкилотга аъзо бўлиши глобал тартибот учун муҳим воқелик бўлди, дейишимиз мумкин. Бугунги кунда ташкилотнинг халқаро даражадаги мавқейи кучайиб бормоқда, Эрон қўшилиши билан янада муҳим аҳамият касб этади. Тўғри, бу воқелик бир қатор имкониятлар билан бирга, муаммоларни ҳам келтириб чиқариши мумкин.

ШҲТда иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш устувор ҳисобланади ва бу борада Эрон муҳим рол ўйнайди. Иқтисодий коридорларда Эрон ўтиш ҳалқа вазифасини бажаради. Бундан ташқари, Эрон газ ва нефт захираларига бой давлат бўлиб, топ-5 таликда туради. Бу томондан ШҲТда энергетика клубини яратишда муҳим рол ўйнайди.

Кейинги муҳимлиги – Эрон орқали ташкилот Яқин Шарққа, хусусан, Ислом оламига чуқурроқ кириб келишини кузатиш мумкин. Эрон ШҲТга аъзо бўлиши билан Яқин Шарқдаги 6 та нуфузли араб давлатлари ташкилотда мулоқот бўйича шерик мақомини олишди. Яна бир муҳимлиги шундаки, Эрон минтақада терроризм, наркобизнесга қарши курашда тажрибага эга. Бундан ташкилот доирасида фойдаланса бўлади.

Бундан ташқари, ШҲТнинг ҳарбий вазни ортади. 4 та ядровий қуролга эга давлат сафига ядровий дастурга эга давлатнинг қўшилиши ҳарбий нуфузни кучайтиради.

Ғарбга қарши блокка айланиб қолиши мумкин, деган фикрлар ҳам бор. Иброҳим Раисийнинг доллардан воз кечиш ҳақидаги гаплари шунга даъватдек туюлди. Ғарблик экспертлар ШҲТга нисбатан «Шарқ НАТОси» деган фикрларни ҳам билдиришяпти, лекин ШҲТ – низомида ёзилганидек, аввало иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти.

ШҲТда санкциялар остида қолган давлатлар кўпайиши Марказий Осиё давлатларига таъсир қилиши мумкин. Шунингдек, қарорлар қабул қилиш жараёнида мураккабликлар пайдо бўлиши мумкин, чунки Эрон ўз сўзига эга давлат, ташкилотда эса қарорлар консенсус йўли билан қабул қилинади.

Камолиддин Раббимов: Эрон ШҲТга аъзо бўлиш учун 15 йил олдин ариза берганди. У пайтда президент Маҳмуд Аҳмадинажот эди. У пайтдаги геосиёсий жараёнлар анча фарқли эди: Хитой ва АҚШ зиддияти кучли эмасди, Россия ва Ғарб муносабатлари меъёрда эди. Россия ва коллектив Ғарб муносабатлари салбийлашуви 2007 йилдаги Путиннинг Мюнхен нутқидан кейин бошланганди.

ШҲТ ичида икки хил концептуал қараш бор: геосиёсий ва геоиқтисодий. Хитой, Россия ва Эрон ташкилотни геосиёсий жиҳатдан талқин қилишга мойил давлатлар. Лекин Хитойнинг АҚШ ва коллектив Ғарб билан савдо-иқтисодий алоқалари ниҳоятда қалин, шу сабаб Хитойнинг муносабатини соддалаштириш қийин. 2022 йилда АҚШ аа ХХР ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик ҳажми 700 млрд долларга ошган ва олдинги йилларга нисбатан ўсиш кузатилган. Расмий Пекиннинг мақсади – Вашингтон ҳисоблашадиган қудратли давлат сифатида ўзини кўрсатиш. Россиянинг ҳолати бошқача. Украинага бостириб киргач, Ғарб томонидан душман давлат деб эътироф этилди.

ШҲТдаги Ҳиндистон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон каби давлатлар Ғарб билан зиддиятга бориш тарафдори эмас. Бу давлатлар ШҲТ доирасида савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш тарафдори ва ташкилотдаги муносабатлар Ғарб билан алоқаларга салбий таъсир қилишини истамайди.

ШҲТни турли давлатлар ўз манфаатига кўра талқин қилади. Ўтган йилги Самарқанддаги саммитдан олдин Ўзбекистон томонидан нуфузли ОАВларда мақола эълон қилинди. Унда ШҲТ кўприкларни бузмайди, балки ташқи дунё – Шарқ ва Ғарбни боғловчи кўприк бўлиши керак, деган талқин бўлди. Россия, Беларус каби давлатлар ташкилотни Ғарбга қарши турувчи сифатида талқин қилишга мойил бўлган доим. Чунки иҳоталанган Россия шундай платформага муҳтож.

ШҲТ – Осиё давлатларининг ташкилоти, Россиянинг ҳам катта қисми Осиёга қарайди. Лекин нима учун Европада бўлган Беларус ҳам шу ерда, деган савол бор. Беларуснинг мақсади – катта қудратга эга бўлган Хитой билан ҳамкорликни бирор ташкилот доирасида мустаҳкамлаш.

— Деҳли саммитида Хитой раҳбари Си Жинпин ШҲТ минтақа давлатларидаги рангли инқилобларга ва бир томонлама санкцияларга қарши туриши кераклигини айтди. Рангли инқилоблар ҳақида Хитой етакчиси бу ҳақида аввал ҳам гапирган, минтақада ростдан ҳам шундай хавф борми? Санкцияларга қарши туриш ҳақидаги сўзи Россияни оҳиста қўллаш дейишимиз мумкинми?

Суҳроб Бўронов: Хитой раҳбари дарҳақиқат бу фикрларни бошқа жойларда ҳам айтяпти. Буни глобал ва минтақавий воқеликлар билан боғлаш мумкин. Глобал томони шуки, Хитой Россияни қўллашга оҳиста бўлса-да ҳаракат қиляпти. Минтақавий масалаларда манфаатлар тўқнашуви мавжуд. Хусусан, Марказий Осиё давлатлари билан алоқа масаласида ҳам кўриш мумкин. Хитой ва Россия ўртасида низолар бўлиши эҳтимоли камроқ. Асосий сигнал Ғарбга қаратилган ҳозирда. Яқин истиқболда бундай ҳолатлар Марказий Осиё давлатларида бўлиши эҳтимоли кам, чунки бу давлатлар ҳам етарли тажриба тўплаган.

Камолиддин Раббимов: Марказий Осиё давлатларининг ўзи рангли инқилоб ҳақида гапираётгани йўқ. Бундай баёнотларни Россия ва Хитой билдириши қизиқ. Москвадаги учрашувдан кейин ҳам Хитой ва Россия раҳбарлари Марказий Осиёга Ғарбнинг киришига қаршимиз, рангли инқилобнинг олдини оламиз, деган баёнот берганди. Марказий Осиё давлатлари аслида бу баёнотларга муносабат билдириши керак эди.

Хитой ва Россиядаги сиёсий тафаккур шундай бўляптики, улар Марказий Осиё минтақасида демократик жараёнлар бўлишини ўзларига тўғридан тўғри таҳдид деб биляпти. Постсовет ҳудудидаги ўзгаришларга эътибор берилса, Россиянинг демократия шаклланган давлатларга таъсири камайяпти. Бу бор нарса.

Хитойнинг ШҲТдаги асосий мақсади эса – Марказий Осиё давлатлари Шарқий Таркистон (Уйғуристон) мустақиллигини қўллаб-қувватламасин, деган ғоя. Демократия шаклланиши Марказий Осиё давлатларининг Хитой билан муносабатларни қайтадан кўришга туртки бўлади деб ишоняпти Хитой. Масалан, Қозоғистон жамоатчилигида Хитойга нисбатан салбий қараш бошқаларга нисбатан юқори. Назарбоев ва Тўқаев даврида ҳам Шарқий Таркистондан Қозоғистонга бошпана сўраб келган этник қозоқлар қайтариб юборилган. Хитойга бўлган муносабат Қозоғистонда ички сиёсий жараёнга айланиб бўлди. Қолган республикаларда ҳам шу кутилади.

Хитой ва Россиянинг Марказий Осиёда рангли инқилоб дейиши демократик жараёнларга салбий қарашни билдиради.

— БРИКС ва ШҲТ мамлакатлари АҚШ долларига муқобил миллий валюталарни халқаро тўлов сифатида амалиётда қўллашни таклиф этишмоқда. Ва бу қисман амалга ошмоқда. Бу қанчалик реал?

Суҳроб Бўронов: Ҳозир дунёда янги совуқ уруш шарпаси кўриняпти. Бунда ҳарбий қуролланиш эмас, балки иқтисодий пойга. Айниқса, АҚШ ва ХХР ўртасида. Шундай вазиятда долларга муқобил яратиш борасида ҳаракатлар бўляпти, асосан Хитой томонидан. Миллий валюталарни таклиф этиш жозибадорроқ таклиф бўляпти, чунки Хитой юанини таклиф қилиш бошқаларга маъқул келмаслиги мумкин. Шу нуқтайи назардан, халқаро доирада миллий валюта масаласи қўйилди. Интеграция учун имконият ҳам яратиши мумкин бу нарса.

Хитой бирдан ўз валютасини таклиф этолмайди, чунки бошқа давлатлар фойдалана олмаслиги мумкин. Миллий валюта таклифига эса кўпчилик розилик билдириши мумкин.

Камолиддин Раббимов: Иқтисодчилар фикрини доим кузатиб тураман. Россия ҳам санкциялар остида қолиши билан Ғарб санкцияларидаги давлатлар кўпайди. Ўтган 6 ойда глобал иқтисодиётда долларнинг қиймати тушди. Бразилия президенти ҳам анчадан бери доллардан воз кечиш ҳақида гапиради. Умуман, Лотин Америкаси мамлакатлари АҚШ доллари таъсиридан чиқишни орзу қилиб келади. Лекин дунёда доллар ўрнини босадиган валюта, иқтисодиёт мавжуд эмас. Чунки долларнинг глобал қудрати АҚШнинг ҳам иқтисодий, ҳам ҳарбий қудратига бориб тақалади. Долларнинг дунё миқёсидаги ўрни 50 фоиздан ошмаслиги мумкин, лекин шунда ҳам унга тенглашадиган валюта бўлмайди. Муқобил валюта сифатида евро, Швейцария крони, юан кабилар бўлиши мумкин. Йиллар давомида долларнинг қиймати пасайиб, бошқа валюталар ошиб боради, лекин секин бўлади бу жараён.

Шавкат Мирзиёев ШҲТ яхши қўшничилик, ишонч ва трансчегаравий шериклик кодексини ишлаб чиқишни таклиф қилди. Бу амалда нимани англатади?

Суҳроб Бўронов: Фавқулодда муҳим таклиф бу. Чунки ШҲТ доирасидаги давлатлар ўртасида ҳам муаммолар мавжуд. Масалан, Тожикистон ва Қирғизистон, Ҳиндистон ва Покистон, Хитой ва Ҳиндистон ўртасида чегаравий муаммолар бор. Транчегаравий қўшничилик тўғрисидаги кодекс айнан шу муаммолар ечими учун ҳуқуқий процедура яратишга йўналтирилган. Чунки аъзолар кўпайиши билан геосиёсий курашлар, кучлар балансидаги ўзгаришлар бўлади. Масалан, Эрон аъзолигини Хитой қўллаган бўлса, Беларусни Россия қўллаяпти. Шунинг учун ҳам қарорлар қабул қилишдаги муаммолар олдини олиш кўзланган бу таклифда.

ШҲТ олдидаги муаммолар анчагина, энг долзарби – Афғонистон. Минтақалараро мулоқот замири бўлиши ҳам керак бу кодекс. Ҳуқуқий механизм бўлар эди бу нарса.

Камолиддин Раббимов: Ўзбекистон иккинчи маъмурият даврида қўшни давлатлар билан муносабатларни яхшилади, лекин олдинги совуқчиликка сабаб бўлган муаммолар ечилгани йўқ ҳали ҳам. Иттифоқ парчаланганда аҳолимиз 19 миллиондан ошиқ эди, ҳозир 37 миллионга яқин. Сув ҳажми камайди, устига устак Афғонистон ҳам сув ола бошлайди энди. Муаммолар йиғилиб боряпти. Ўзбекистон шуларни юмшоқлик билан ҳал этиш учун платформа яратишга уриняпти. Бугунги ҳокимиятларнинг муносабати ижобий, лекин 5-10 йилдан кейин вазият салбий томонга ўзгармаслигига ҳеч ким кафолат бермайди. Шунинг учун бундай восита керак.

Суҳроб Бўронов: Афғонистондаги Толибон ҳукумати тан олингани йўқ. Трансчегаравий дарёлар тўғрисидаги концепцияни ратификация қилгани ҳам йўқ Афғонистон. Муаммони келтириб чиқараётган ҳам шу жиҳатлар. Дипломатик ечим – тўғри йўл ҳозирги вазиятда.

— Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 20 йилдан ортиқ вақт давомида ШҲТ бирорта ҳам йирик иқтисодий лойиҳани амалга оширишнинг имкони бўлмади, дея нолигандек бўлди. Тўқаев нима демоқчи бўлди?

Суҳроб Бўронов: Ўзбекистон билан боғлиқ иқтисодий жараёнларга боғлиқ деб ўйлайман. Ўзбекистон-Қирғизистон-Хитой темир йўли ва бошқа шу каби иқтисодий масалаларда Қозоғистон четлаб ўтилганига ишора бериб, Қозоғистонга ҳам эътибор қаратиш кераклигини айтмоқчи бўлгандир. Қолаверса, Ҳиндистон ташаббусидаги Шимол-Жануб транспорт йўлига Қозоғистонни жалб этиш ҳам муҳокамада турибди. Россиянинг муносабати қандай бўлади, ҳали номаълум. Санкцияларлардан сўнг Россиянинг жанубга чиқиши янада долзарблашди.

Камолиддин Раббимов: Тўқаев ҳар сафар бундай йирик учрашувларда вазиятни муаммоли кўрсатишга ҳаракат қилади. Ва бу билан Қозоғистон давлатчилиги ўзининг геосиёсий аҳамиятини оширишга интилаётгандай кўринади.

Аслида, ШҲТ доирасида кичик қадамлар билан кўп ишлар қилиняпти. Хитой 20 йил давомида ўз глобал мавқеини парваришлаш учун катта лойиҳалар амалга оширди. Бу вазиятда Қозоғистон ўзининг минтақадаги мавқеини ошириш учун ҳам шундай позиция тутаётган бўлиши мумкин.

— ШҲТ Афғонистон муаммосига самарали ечим топа оладими ёки бу масала АҚШ ёки Ғарб давлатлари иштирокисиз ҳал бўлмайдими?

Суҳроб Бўронов: Афғонистонга қўшни давлатлардан фақат Туркманистон ШҲТга аъзо эмас. Ҳозирги вазиятдан келиб чиқилса, ШҲТнинг потенциали катта бу масалада. Маълумотларга кўра, 2021 йил Афғонистон ташқи савдо айланмаси 11 млрд доллар бўлиб, шунинг 6 млрди ШҲТга аъзо давлатларга тўғри келган. Саммитда Ўзбекистон томонидан ШҲТнинг Афғонистон масаласи бўйича платформасини тиклаш масаласи қўйилди.

Афғонистоннинг тикланишида иқтисодий омил – энг муҳими, чунки ҳозир у ерда ҳуманитар инқироз. Иқтисодий ёрдам фавқулодда зарур. Лекин Ғарбнинг иштирокисиз Афғонистон муаммосини ҳал этиб бўлмайди. АҚШ ҳалигача Афғонистонда муҳим рол ўйнайди. Бу нарса бугунги кунда тобора ойдинлашиб бормоқда. «Толибон»нинг ҳарбий қудрати тобора кучайиб боришида ҳам маъоум саьаблар бор.

Яна бир масала бор. ШҲТ давлатларида «Толибон» ҳукуматига нисбатан позиция ҳар хил. Масалан, Тожикистон ва Ҳиндистон «Толибон» ҳукумати қолишидан манфаатдор эмас. Қолган давлатлар эса эҳтиёткорона ҳаракат қиляпти. Шу нуқтайи назардан олиб қараганда, ШҲТ потенциали принциплар жиҳатдан муаммо остида турибди бу масала бўйича. Бу борада БМТ биринчи ўринда туриши керак.

Камолиддин Раббимов: Мирзиёевнинг Афғонистон ҳақида гапларини соддалаштирадиган бўлсак: «Дунё ҳамжамияти тезроқ «Толибон» билан мулоқотга киришиши керак. Акс ҳолда яна фуқаролар уруши бошланиб, ҳамма ютқазади», деган мурожаат бўлди. Яъни Ўзбекистон оғир шартлар қўйиш тарафдори эмас. Мулоқот ўрнатиш ва ҳукумат тан олиниши вазият ўнгланишига олиб келади, деган позицияда турибди Ўзбекистон.

Россия ва Хитой келишиб, «Толибон» ҳукуматини тан ололмайди. Чунки қанчалик зиддиятда бўлмасин, Ғарб билан келишиладиган масалалар бор, четлаб ўтолмайди. Афғонистондаги вазиятни яхшилаш ҳамманинг манфаатига тўғри келади. Айниқса, Ўзбекистон учун инклюзив ҳокимият тузиш фойдали. Чунки этник ўзбеклар кўп Афғонистонда, уларнинг ҳокимиятда ўринга эга бўлиши яхши бўлар эди.

— ШҲТнинг кенгайиб бориши ЕИ ва НАТО учун «Коллектив Шарқ» тушунчасини юзага келтиряпти дейишимиз мумкинми? Ғарб давлатларининг ШҲТга муносабати қандай?

Камолиддин Раббимов: Хитой ва Россия иштирок этадиган ҳар қандай лойиҳа ва ташкилотга шубҳа ва хавотир билан қараш бор Ғарбда. Табиий ҳолат бу. ШҲТ ҳарбий блок эмас, бўлмайди ҳам, чунки ундаги бир қанча давлатлар бунга йўл бермайди, хусусан, Ўзбекистон ҳам. Лекин ШҲТ Хитой ва унинг дўстлари гуруҳи дейиш мумкин. Дўстлик ва ҳамкорлик у ёки бу томонга оғиб боради. Бир неча ўн йилдан кейин расмий Пекин дунёнинг қанча қисмини ўз доирасида жамлай олади ва ШҲТнинг ўрни қандай бўлади, деган масала бор. Тўғри, ШҲТда тўлиқ назорат Пекинда эмас, лекин барибир бу ташкилотда энг асосий давлат – Хитой. Коллектив Ғарб ва АҚШ ШҲТга салбий қарашини ҳеч қачон яширмаган.

Ўзбекистон учун муқобил ва вазиятни назоратда ушловчи тизим керак бўлади бундай геосиёсий жараёнда. Россия ва Хитой назоратига тушиб қолсак, бизга катта муаммолар бўлади, албатта.

Суҳроб Бўронов: Ташкилот ҳарбий блок эмас. Асосий мақсад – савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва турли соҳаларда ҳамкорлик. Лекин Ғарбда шундай қарашлар борки, Шарқда ҳам шунга қарши қарашлар шаклланмоқда. Назаримда, коллектив Ғарб ва ёки коллектив Шарқ деган тушунчалар – нисбий. Аслида коллектив дунё ғоясини илгари суриш керак. Қандайдир блоклар фақат низоларни кучайтириб боради.

Камолиддин Раббимов: Бугун дунёни структурал жиҳатдан қудратли давлатлар ва уларнинг иттифоқчиларига бўлсак бўлади. Дин, цивилизация, жойлашув билан тушунтириш қийин. Рақобат бўляпти. АҚШга чорлов – Хитойнинг ўсиши. Хитой мисли кўрилмаган иқтисодий ўсишга эришди. Ўтган 30 йил ичида 300-400 млн аҳоли қашшоқликдан ўрта синфга ўтди. Бугунги Хитой олдингидай муросакор Хитой эмас. Бугунги Хитой қўрқмайди. Бундай ўсиш давом этса, бир неча ўн йилдан кейин яна бутунлай бошқача Хитойни кўришимиз мумкин бўлади.

Суҳроб Бўронов: Глобал дунёда қутблашиш жараёнини шахсан мен тўғри деб билмайман, қаршиман. Қутбларсиз дунё назариялари бўлиши лозим, утопиядек туюлиши мумкин. Кичик давлатларнинг сўзи ҳам эшитилса, БМТда янграса, хавфсизлик масалалари кўрилса.

Камолиддин Раббимов: Миллий давлатлар чегаралари йўқолиши назарияси бор. Лекин =озирда муносабатлар таранглашган давр. Этник қоришиб кетиш ва чегаралар аҳамиятсизлиги ҳақида моделлашган назариялар мавжуд ҳозир ҳам. Яқин келажакда эмас лекин. Шу билан бирга, дунё қачондир давлатлараро зиддиятлардан холи ҳолатга келишига мен ишонмайман, зиддиятлар доим бўлади.

Нормуҳаммад Али Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Тасвирчилар – Мирвоҳид Мирраҳимов ва Абдуқодир Тўлқинов.
Монтажчи – Боймирза Халилов.

Top