15:36 / 07.07.2023
21937

Тошкентда уй учун пул тўлаган мингдан ортиқ одамнинг алдангани юзасидан ҳукумат комиссияси тузилди

Ҳукумат комиссиясига бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов раислик қилади. Шунингдек, Адлия вазирлигига улуш қўшиш асосида қурилаётган уй-жойларда инвесторлар манфаатлари ҳимоясини кучайтириш бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини ишлаб чиқиш юклатилди.

Интернетда тарқалган видеодан кадрлар

6 июл куни “AZIYA INVEST FAVORIT” МЧЖ билан Тошкент шаҳри, Яшнобод тумани, Иззат кўчасида қурилиши режалаштирилган кўп қаватли уйлардан квартира сотиб олиш бўйича шартнома тузган бир гуруҳ фуқаролар Kun.uz'га мурожаат қилиб, орадан бир ярим йилдан кўпроқ вақт ўтганига қарамай қурилиш ишлари ҳали бошланмаганидан шикоят қилишганди.

Бундан ташқари, бир гуруҳ фуқароларнинг видеомурожаатлари YouTube платформасига ҳам жойлаштирилган, Telegram каналларда харидорлар ва қурилиш фирмаси ходимлари ўртасидаги можароли тортишувлар акс этган вилеолар тарқалганди.

Kun.uz'нинг прокуратурадаги манбасига кўра, “AZIYA INVEST FAVORIT” МЧЖ мансабдорлари томонидан фуқароларга етказилган зарар ҳозиргача аниқланган маълумотларга кўра 300 миллиард сўмдан ошади. Қонунбузарлар жиноий таъқибдан қочиб яширинишганини билдирди. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Таҳририятимизга йўлланган мурожаатларда алданган фуқаролар қурувчилар аввалбошдан уй қуриш ниятида бўлмагани, уйларнинг квадрат метри учун пойтахт бўйича энг арзон нарх белгилаб, шу йўл билан кўпчиликни тузоққа туширишгани, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ушбу фирибгарлик схемаси ва анча олдин йўлланган шикоятларни эътиборсиз қолдиришганини ёзишган.

Kun.uz'да эълон қилинган мақола ортидан 6 июл куни зудлик билан Вазирлар Маҳкамасининг тегишли фармойиши қабул қилиниб, Иззат тураржой мажмуасидан уй сотиб олмоқчи бўлиб, алданиб қолган фуқароларнинг муаммосини ўрганиш ва уларни бартараф этишга қаратилган таклифлар тайёрлаш бўйича Ҳукумат комиссияси тузилгани маълум бўлди.

Муаммоли вазиятни тезкор ҳал қилиш ва уй-жойлар қурилишини тўлиқ, сифатли ва тезкор якунлаб фойдаланишга топшириш мақсадида тузилган комиссияга бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов раис этиб белгиланган.

Комиссия таркибидан адлия вазири, қурилиш, ички ишлар, фавқулодда вазиятлар, энергетика ва молия вазирларининг ўринбосарлари, Кадастр агентлиги ва Давактив директори, Марказий банк ҳамда Солиқ қўмитаси раисларининг ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосарлари, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси бошлиғи ўрин олган.

Комиссия зиммасига қуйидаги вазифалар юкланган:

  • Кўп қаватли уй-жойлардаги тижорат банклари балансига ўтказилган хонадонлар бўйича уларни гаровдан чиқариш ҳамда кредит таъминотини пудрат ташкилоти таъсисчиларига тегишли бўлган бошқа мол-мулкларга алмаштириш масаласини ўрганиш;
  • Пудрат ташкилотининг мавжуд солиқ қрздорлиги ҳисобига тақиқда турган хонадонларни келишилган ҳолда тақиқдан ечиш ҳамда масаласи ҳал этилган хонадонлар эгалари номига тегишли тартибда кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш чораларини кўриш;
  • Яшнобод тумани Иззат кўчасидаги 58-уй манзилида жойлашган “Сувсоз” ДУКка қарашли 4,5 гектар майдонда пудрат ташкилоти томонидан асоссиз қурилган (қурилаётган) уй-жойларнинг сотув жараёнларини ўрганиш, давлатга етказилган зарарни бирламчи баҳолаш, ер майдонларини қайтариб олиш ёки ер қийматини барпо этилган уй-жойлар қийматида акс эттириш масаласини кўриб чиқиш ва хулоса тайёрлаш.

Шу билан бирга, қурилиш ишлари олиб борилаётган объектда тасдиқланган лойиҳа ҳужжатларига, шу жумладан, қурилиш нормалари ва қоидаларига қанчалик амал қилингани, қурилиш графиги ижроси, пудрат ташкилотининг бугунги кундаги имкониятларини ҳамда “AZIYA INVEST FAVORIT” МЧЖ ва фуқаролар ўртасида тузилган шартномаларда тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қай даражада акс эттирилганини ўрганиш, фуқаролар томонидан амалга оширилган тўловларни текшириш ҳамда ипотека ва кадастр ҳужжатлариги расмийлаштириш жараёнларини таҳлил қилиш кўзда тутилган.

Ҳукумат комиссияси раҳбари Очилбой Раматов зиммасига 20 июлгача ўрганиш ишларини якунлаб, натижаси юзасидан тегишли хулоса ва асосланган таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритиш вазифаси юклатилган.

Бундан ташқари, Адлия вазирлиги Бош прокуратура билан бирга бир ой ичида янги қуриладиган уй-жойлар бўйича тузиладиган шартномалар доирасида тўловларни амалга ошириш ҳамда хонадонларга нисбатан мулкий ҳуқуқларни янада кучайтириш, тўловларни суғурталаш, қайтариш кафолатларини янада кучайтиришга қаратилган талаб ва меъёрларни зарур даражада бажармаган юридик ва жисмоний шахсларнинг масъулияти ва жавобгарлигини кучайтириш бўйича тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритиши белгиланган.

Top