09:44 / 15.07.2023
6231

ХОҚ ЕИ давлатларини Россия спортчиларига нисбатан позицияси учун танқид қилди

Фото: AP

Халқаро олимпия қўмитаси «айрим Европа ҳукуматлари»нинг Россиядан спортчиларни мусобақаларга киритиш масаласидаги позицияси муносабати билан «икки томонлама стандартлар» ҳақида маълум қилди.

Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ) Россия спортчиларининг халқаро мусобақаларга киритилишига «айрим Европа ҳукуматлари томонидан» салбий муносабат билдирилганини танқид қилди. ХОҚ матбуот хизмати баёноти 13 июл, пайшанба куни очиқланди. 

«Мазкур ҳукуматлар маслаҳатлашув жараёнида муҳокама қилинган икки томонлама стандартлар масаласига эътибор бермаётгани афсусланарли», — дейилади қўмита хабарида. «Биз улардан мамлакатлари жаҳондаги бошқа 70 та уруш, қуролли можаро ва инқирозларда иштирок этган спортчиларнинг мусобақалардаги иштирокига муносабати ҳақида ҳеч қандай изоҳ кўрмадик», — дея қўшимча қилди қўмита. 

«Улар БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг икки махсус маърузачиси аниқ баёнотини қўпол равишда эътибордан четда қолдираётгани янада афсусланарли, бошқа масалаларда эса инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш бўйича ўзларининг кучли талабларини доимий равишда таъкидлаб келади», дея маълум қилди ХОҚ. Қўмита махсус маърузачилардан бирининг ҳар ким «паспортига кўра камситилмаслик ҳуқуқига эга» экани ҳақидаги сўзларини эслатди.

Прага аввалроқ Россия спортчиларига Чехиядаги турнирларда қатнашишни тақиқлаган эди.

Германия ички ишлар вазири Нэнси Фезер апрел ойида ХОҚнинг россиялик ва беларуслик спортчиларни жаҳон спорт аренасига қайтариш бўйича тавсиясини рад этиш учун сиёсий чора кўриш ниятида эканини айтди. «Йирик спорт тадбирларига мезбонлик қилаётган давлатлар ожиз эмас. Улар виза воситасидан россияликларнинг қатнашмаслиги учун фойдаланиши мумкин», деди социал-демократ сиёсатчи 10 апрел куни Funke медиа-гуруҳига берган интервьюсида. 

Top