Жаҳон | 10:24 / 09.05.2024
3842
3 дақиқада ўқилади

ЕИ Россия активларидан келадиган даромаддан фойдаланиш режасини келишиб олди

Европа Иттифоқи элчилари бир неча ҳафта давом этган музокаралардан сўнг Россия активларининг фоизини Украинага ҳарбий ёрдам ва уни қайта тиклаш учун ишлатишга келишиб олди.

Фото: Daniel Kalker/dpa/picture alliance

Европа Иттифоқи Россиянинг музлатилган активларидан тушган маблағларни Украинага ҳарбий ёрдамни молиялаштириш учун ишлатишга қарор қилишда яна бир қадам ташлади. 8 май, чоршанба куни ЕИ мамлакатлари элчилари Брюсселдаги йиғилишда бир неча ҳафта давом этган маслаҳатлашувлар якунларига кўра, тегишли режа бўйича келишиб олди, дея маълум қилди Европа Иттифоқи кенгашидаги Белгия раислиги.

Россия активларидан фоизлар ҳарбий ёрдам ва Украинани қайта тиклашга йўналтирилади

Хабарда айтилишича, Россия Федерациясининг блокланган активларидан даромад олиш билан боғлиқ чора-тадбирлар бўйича принципиал келишувга эришилган. Бу пул Россия ҳарбий ҳужуми нишонига айланган Украинани қайта тиклашни қўллаб-қувватлаш ҳамда бу давлат мудофаасига сарфланади. Бундан ташқари, жорий йилнинг ўзида бу миқдор 3 миллиард еврогача етиши мумкин.

Ушбу режа бўйича музокаралар, шу жумладан Австрия ва бошқа бир қатор давлатлар қурол ва ўқ-дориларни тўғридан тўғри етказиб беришда иштирок этишдан бош тортганлиги сабабли чўзилди. Бу давлатлар илтимосига кўра, Россия даромадининг бир қисми бошқа турдаги ёрдамга йўналтирилиши ҳақида келишувга эришилди, деб хабар беради dpa.

Еврокомиссия маълумотларига кўра, ЕИ Россия Марказий банкининг умумий қиймати 210 миллиард еврога яқин активларини музлатиб қўйган. Белгияда жойлашган Euroclear депозитарийси 2023 йилда бу пулдан 4,4 миллиард евро фоиз даромад олганини айтди. 

Фон дер Ляйен ва Боррел ташаббуси

2024 йил март ойида Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен ва Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел Россия маблағларидан билвосита фойдаланишни таклиф қилди. Уларнинг Европа Иттифоқи режасига кўра, бундай даромадлар 90 фоизи Европа тинчлик жамғармаси орқали Украина Қуролли кучлари учун қурол сотиб олишга, қолган 10 фоизи эса Украинани қайта тиклашга йўналтирилади. Агар бу схема Европа Иттифоқига аъзо барча давлатлар томонидан маъқулланса, Киев бу йил 2,5-3 миллиард евро олиши ва ҳар йили шунга ўхшаш миқдорни олишда давом этиши мумкин. 

Брюссел ҳозирда музлатилган активларни мусодара қилишни режалаштирмаяпти. Американинг Politico нашри ёзишича, Европа расмийларини бу фикрдан Хитой, Саудия Арабистони ва Индонезия қайтармоқда. Яқинда Европа Иттифоқи 2022-2023 йилларда Россия активларини инвестиция қилишдан олинган фойдани Украинага бермаслиги ҳам маълум бўлди - у Москва билан суд ишларини тўлаш учун ЕИда қолади. Politico маълумотларига кўра, Россия аллақачон Euroclear’га қарши 90 дан ортиқ даъво аризаси билан мурожаат қилган, уларда Россия Федерацияси Марказий банкининг музлатилган маблағларини қайтаришни сўраган. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид