Жаҳон | 07:38 / 14.05.2024
1527
3 дақиқада ўқилади

ЕИ давлатлари Гуржистондаги баҳсли қонун лойиҳасини баҳолашга чақирди

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок ва унинг Европа Иттифоқига аъзо давлатлардаги 11 нафар ҳамкасби Боррелни «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун лойиҳаси Гуржистоннинг Европа истиқболларига таъсирини баҳолашга чақирди.

Фото: Giorgi Arjevanidze/AFP/Getty Images

Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок ва унинг ўн бир европалик ҳамкасби, жумладан, Нидерландия, Полша, Франция, Швеция ва Болтиқбўйи мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари Европа Иттифоқи бош дипломати Жозеп Боррелни мунозарали «Хорижий таъсир шаффофлиги тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Гуржистоннинг Европа Иттифоқига қўшилиш истиқболларига қандай таъсир этишини баҳолашга чақирди. Уларнинг мактуби ҳақида 13 май, душанба куни маълум бўлди, деб хабар беради dpa. 

10 май санаси қўйилган ва Боррелдан ташқари Европанинг қўшничилик ва кенгайиш бўйича комиссари Оливер Вархелига йўлланган ҳужжатда Гуржистон ҳукумати мамлакатнинг якуний Европа ва евроатлантика интеграциясини хавф остига қўйишга ҳаракат қилаётганидан хавотир билдирилган. Ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси томонидан таклиф этилган «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун лойиҳаси «Гуржистоннинг Европа Иттифоқи йўлидаги тараққиётига мос келмайди», дейилади 11 европалик вазир мактубида. 

«Демократия нуқтайи назаридан регрессия» 

Хат муаллифларига кўра, «таклиф этилаётган қонун Гуржистонда демократия ва инсон ҳуқуқлари нуқтайи назаридан хавотирли регрессиянинг яна бир белгисидир». Вазирлар Жозеп Боррелни Европа комиссиясига таклиф этилаётган қонун Гуржистоннинг ЕИга қўшилиш йўлидаги қадамларини амалга оширишга қандай таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида зудлик билан оғзаки маълумот беришга чақирмоқда. «Биз сиздан бу масалага устувор аҳамият беришингизни ва Гуржистон парламентида якуний овоз беришдан олдин жамоатчилик баҳосини беришингизни сўраймиз», - дейилади мактубда. 

Қонун лойиҳаси парламентнинг ҳуқуқ қўмитаси томонидан қўллаб-қувватланди

Аввалроқ Гуржистон парламентининг ҳуқуқ қўмитаси мамлакатда давом этаётган норозилик намойишлари ва Европа Иттифоқининг танқидлари фонида «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонун лойиҳасини учинчи ўқишда қўллаб-қувватлади, қўмита йиғилиши бир неча дақиқа давом этди. Шундан сўнг қонун лойиҳаси парламент ялпи мажлисида учинчи ўқишда кўриб чиқилади. 

Ҳукмрон «Гуржистон орзуси» партияси қонунни май ойи ўрталарига қадар кучга киритиш ниятида. Молиялаштиришнинг камида 20 фоизини хориждан оладиган ташкилотларни расмий рўйхатдан ўтказиш талаб этилади. Танқидчилар ҳужжатда Россиянинг «чет эл агентлари» қонуни билан яққол ўхшашликларни кўрмоқда, бу эса расмийларга танқидий оммавий ахборот воситалари ва ташкилотларга нисбатан кескин чоралар кўриш имконини беради. 

Сўнгги ҳафталарда Гуржистонда «Россия қонуни»га қарши оммавий норозилик намойишлари бўлиб ўтмоқда, улар давомида ўнлаб одамлар қўлга олинган. Аввалроқ БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Фолкер Тюрк ҳам Гуржистон ҳукуматини қонун лойиҳасини қайтариб олишга, фуқаролик жамияти ва оммавий ахборот воситалари вакиллари билан «мулоқот бошлашга» чақирган эди. 

Мавзуга оид