Фан-техника | 08:06 / 16.07.2023
92778
6 дақиқада ўқилади

7,3 минг долларлик Hyundai Exter ва Wi-Fi’дан 100 баробар тез Li-Fi – ҳафта технодайжести

Kun.uz якунланаётган ҳафтадаги технология ва илм-фанга оид энг қизиқарли хабарларни жамлади.

Hyundai Ioniq 5 N

Hyundai ўзининг энг кучли электрокроссовери Hyundai Ioniq 5 N'ни тақдим этди. Автомобиль иккита электромотор билан жиҳозланган. Улар биргаликда 600 от кучини беради. N Grin Boost режимида эса от кучи 641 тага етади. 100 км тезликка чиқиши учун 3,5 сония кифоя (N Grin Boost режимида бу кўрсаткич 3,4 сония). Кроссовер 18 дақиқада батарея зарядини 10 фоиздан 80 фоизгача тўлдириш имконини берувчи, тез зарядлаш функциясига эга 84 кВт/соат қувватли аккумулятор билан жиҳозланган.

Фото: Hyundai
Фото: Hyundai
Фото: Hyundai

Hyundai Ioniq 5 N'нинг нархи 60 минг доллардан бошланиши кутилмоқда.

Энг оммабоп ижтимоий тармоқлар

App Economy Insights таҳлилий маркази ойлик ташриф буюрувчилар миқдори бўйича 20 та энг оммабоп онлайн платформалар рейтингини янгилади.

Қайд этилишича, дунёдаги энг кўп ишлатиладиган ижтимоий тармоқ ҳали ҳам Facebook бўлиб, унинг фойдаланувчилари салкам 3 миллиардни ташкил қилади. Ундан кейинги ўринни Google’нинг YouTube видеоплатформаси 2,69 миллиард актив фойдаланувчилар билан эгаллаган бўлса, топ учлик 2,45 миллиард фойдаланувчиларга эга WhatsApp билан якунланади.

Кучли Топ-20 талик қуйидагича:

1. Facebook – 2,99 миллиард фойдаланувчи;

2. YouTube – 2,69 миллиард фойдаланувчи;

3. WhatsApp – 2,45 миллиард фойдаланувчи;

4. Instagram – 2,37 миллиард фойдаланувчи;

5. TikTok – 1,68 миллиард фойдаланувчи;

6. WeChat – 1,67 миллиард фойдаланувчи;

7. Reddit – 1,66 миллиард фойдаланувчи;

8. Messenger – 930 миллион фойдаланувчи;

9. Snapchat – 750 миллион фойдаланувчи;

10. Telegram – 700 миллион фойдаланувчи;

11. Qzone – 600 миллион фойдаланувчи;

12. QQ – 600 миллион фойдаланувчи;

13. Weibo – 590 миллион фойдаланувчи;

14. Kuaishou – 590 миллион фойдаланувчи;

15. Pinterest – 460 миллион фойдаланувчи;

16. LinkedIn – 460 миллион фойдаланувчи;

17. Twitter – 330 миллион фойдаланувчи;

18. Quora – 300 миллион фойдаланувчи;

19. Discord – 200 миллион фойдаланувчи;

20. Twitch – 140 миллион фойдаланувчи.

7,3 минг долларлик Hyundai Exter

Hyundai компанияси ўзининг энг ихчам кроссовери Exter’ни тақдим этди. Автомобиль 1,2 литр ҳажмли 83 от кучига эга двигател билан жиҳозланган. Узатмалар қутиси икки хил бўлиб, комплектацияга қараб тақдим этилади — механик ва автомат.

Фото: Hyundai

Exter’нинг 7,3 минг доллар турадиган базавий комплектациясида 6 та хавфсизлик ёстиқчаси мавжуд. АBS системаси билан таъминланган. Топ версия учун 12 минг доллар нарх белгиланган. Унда медиатизимни бошқариш учун 8 дюймли дисплей, иқлим назорати, круиз-назорат, люк каби қулайликлар жорий этилган.

Машинанинг узунлиги 3815 мм, эни 1710 мм, бўйи 1631 мм, ғилдираклар базаси эса 2450 ммни ташкил қилади.

Фото: Hyundai
Фото: Hyundai

Li-Fi

Электр ва электроника муҳандислари институти (IEEE) ёруғликка асосланган симсиз алоқа стандарти сифатида 802.11bb стандартини қабул қилди. У 224 ГБ/с гача уланиш тезлигини қўллаб-қувватлайди. Бу Wi-Fi стандартидан 100 баробар тез. 

Li-Fi деб номланган тизим маълумотларни радиочастота ёрдамида эмас, балки инфрақизил нурланиш орқали, махсус узатувчи ва қабул қилувчи ёрдамида узатади. Мисол учун, масофадан бошқариш пульти ҳам худди шундай усулда ишлайди. 

Фото: pureLiFi

Радиочастота ўрнига ёруғликдан фойдаланишнинг афзаллиги нафақат тезроқ уланиш, балки Wi-Fi ва 5G каби анъанавий технологияларга нисбатан «мисли кўрилмаган хавфсиз» эканида. 

Ёруғлик фақат кўриш чегарасида тарқалгани сабабли, у деворлар орқали тарқалиш, алоқа сифатига таъсир қилиш ва хуфиёна уланиш хавфини камайтиради.

Li-Fi фақат бино ичида ишлайди, шунинг учун бундай стандарт, албатта, Wi-Fi ва 5G тармоқларини сиқиб чиқара олмайди. Радиотўлқинлар ҳавода ва шаффоф бўлмаган объектлар орқали узоқ масофаларга маълумот узатишда ҳамон устун афзалликларга эга. Li-Fi эса фақат мақсадга мувофиқ бўлган жойларда жорий этилади. 

Экспертлар Li-Fi стандартидаги илк девайслар 2024 йилнинг февралига қадар чиқишини кутишмоқда.

Ҳиндистон ҳам Ойни забд этмоқчи

Ҳиндистон Ойга тарихий космик миссиясини бошлади. Chandrayaan-3 ракетаси Андхра-Прадеш штатидаги космодромдан кўтарилди ва Ер сунъий йўлдоши томон йўл олди. Агар ҳаммаси режа бўйича кетса, кеманинг Ой атрофида айланиши учун 15-20 кун керак бўлади. Бу эса Ҳиндистонни АҚШ, СССР ва Хитойдан кейин Ойга қўнган тўртинчи давлатга айлантиради.

Фото: Getty images
Фото: Getty images

Chery iCar 3

Chery бренди iCar 3’нинг дастлабки кроссоверини тақдим этди. Кроссовер 184 от кучига эга электромотор билан жиҳозланган. Батарея тўла қуввати 500 км масофа босиб ўтишга етиши айтилмоқда. Максимал тезлиги эса соатига 150 кмни ташкил қилади. Ғилдираклар комплектациясига қараб 18 ёки 19 дюймли бўлади. Кроссовердаги ўриндиқлар сони 5 та. iCar 3’нинг нархи 21 минг доллардан бошланади.

Фото: Chery
Фото: Chery

Big Head вируси

Trend Micro компаниясининг киберхавфсизлик бўйича мутахассислари Big Head номли янги вирусни аниқлади. У Интернетда Windows янгиланиши ва Microsoft Word дастури ўрнатувчисини реклама қилиш ниқоби остида тарқалмоқда.

Вирусли файл фаоллаштирилгандан сўнг, компьютер экранида операцион тизим янгиланишини тақлид қилувчи анимация пайдо бўлади. Кейин фойдаланувчи компьютери блоклангани ҳақида хабар беради. Хабарда, шунингдек, тизимни қайта тиклаш учун Telegram орқали ҳакерлар билан боғланиш ва криптовалютада тўловни амалга ошириш кераклиги айтилади.

Бундан ташқари, Big Head барча мавжуд Windows захира нусхаларини шифрлайди, шунда фойдаланувчи тизимни мустақил равишда тиклай олмайди. Шу билан бирга, вирус «Саватча», Program Files, Temp, Program Data, Microsoft ва App Data файлларига тегмайди ва операцион тизимнинг иш фаолиятини сақлаб қолади.

Мавзуга оид