Жаҳон | 22:28 / 18.07.2023
9032
2 дақиқада ўқилади

Россияга депортация қилинган украиналик болаларни қайтариш бўйича музокаралар ўтказилмоқда – ОАВ 

Саудия Арабистони ва Туркия Россияга олиб кетилган украиналик болаларни қайтариш бўйича яширин музокараларда иштирок этяпти. 

Фото: AP

Financial Times хабарига кўра, музокаралар бир неча ойдан бери давом этмоқда. Учрашувларда россиялик олигарх Роман Абрамович ҳам иштирок қиляпти. У уруш бошида Россия-Украина тинчлик музокараларида, маҳбуслар алмашинуви ва ғалла битими муҳокамасида ҳам воситачилик қилган эди. 

FT маълумотларига кўра, можаронинг ҳар икки томони учун болаларни депортация қилиш муаммоси шунчалик жиддийки, улар бир-бирлари билан юзма-юза гаплашишдан бош тортмоқда, масалан, маҳбусларни алмашиш бўйича музокаралардан фарқли ўлароқ. 

Манбалардан бирига кўра, Саудия Арабистони Копенҳагенда бўлиб ўтган G20 аъзолари йиғилишида украиналик болаларни қайтариш бўйича музокаралар ўтказиш зарурлиги масаласини кўтарган. Шу билан бирга, Ғарб давлатлари Саудия Арабистонининг воситачилардан бири сифатидаги ролини маъқуллаган. 

Украина берган маълумотларга кўра, уруш бошланганидан бери 20 минг бола босиб олинган ҳудудлардан ноқонуний равишда депортация қилинган. 2023 йил март ойида Ҳаагадаги Халқаро жиноят суди Россия президенти Владимир Путин ва Россия болалар омбудсманı Мария Лвова-Беловани Украинадан болаларни ноқонуний олиб чиқишда айблаб, ҳибсга олишга ордер берган эди. Россия ҳукумати болаларни Украина ҳудудидан олиб чиққанини инкор этмаяпти ва бу уларнинг хавфсизлиги учун қилинганини даъво этмоқда. 

Мавзуга оид