09:28 / 18.07.2023
3758

Трансафғон темирйўл линиясини қуриш бўйича музокараларнинг якуний босқичи ўтказиляпти

«Ўзбекистон темирйўллари» делегацияси Покистон ва Афғонистон темирйўл маъмуриятлари билан биргаликда Трансафғон темирйўл линиясини қуриш бўйича музокараларнинг якуний босқичини ўтказмоқда. 

Фото: Ўзбекистон темирйўллари

«Ўзбекистон темирйўллари» хабарига кўра, минтақа учун муҳим аҳамиятга эга бўлган ушбу лойиҳа Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ўртасидаги иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим бўғин ҳисобланади.

Трансафғон темирйўл линияси минтақада транспорт ҳамкорлиги ва ривожланиши учун янги истиқболларни очадиган кенг кўламли лойиҳа экани айтилади. Афғонистон ҳудуди орқали Ўзбекистон ва Покистон ўртасида тўғридан тўғри темирйўл қатнови йўлга қўйилиб, янада самарали савдо муносабатлар ва логистика таъминланади.

Билдирилишича, жорий музокараларда делегациялар лойиҳанинг турли жиҳатларини, жумладан, молиялаштириш механизмлари, қурилиш масалалари, техник тафсилотлар ва амалга ошириш муддатларини муҳокама қилмоқда. 

Таъкидланишича, лойиҳа Ўзбекистон, Афғонистон ва Покистон ўртасидаги сиёсий ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. 

Top