Ўзбекистон Афғонистонда нефт қазиб олишга қизиқиш билдиряпти - ОАВ
Афғон томони эҳтимолий инвесторлар билан музокаралар олиб бормоқда.
МДҲ мамлакатлари сармоядорлари Афғонистонда углеводород қазиб олишга қизиқиш билдирмоқда, деб хабар беради TOLOnews мамлакат Кон ва нефт вазирлигига таяниб.
Департамент вакили Ҳумоюн Афғоннинг айтишича, Россия ва Ўзбекистон компаниялари Афғонистон нефт ва газ конларини ўзлаштириш ниятини билдирган. Шунингдек, у Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида ҳам ушбу соҳага қизиқиш ортиб бораётганини қайд этди.
«Яқинда Ўзбекистон компаниялари билан бир неча учрашувлар ўтказдик. Вазирлик бир қанча нефт ва газ конларига, жумладан Ҳирот яқинига инвестициялар жалб этилишини эълон қилди», — деди Афғон.
Бошқалар қаторида Eriell Group углеводородларга қизиқиш билдиряпти, деб ёзади Афғонистондаги Bakhtan News нашри. Яқинда кон ва нефт вазири ўринбосари Зиа-ур-Раҳмон ал-Арюбий компания вакиллари билан учрашиб, ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилди.
Афғонистон Савдо-саноат палатаси маҳаллий нефт ва газ соҳасига хорижий сармояларни жалб қилишни муҳим деб атади. Шу билан бирга, хорижлик ҳамкорлар учун иқтисодий хавфсизликни таъминлаш муҳим аҳамиятга эга, деди палата бошқаруви аъзоси Хан Ян Алокозай.
Нефт, газ ва бошқа фойдали қазилмаларни қидириш ва қазиб олиш режалари Ўзбекистон делегациясининг Кобулга сафари чоғида муҳокама қилинган асосий мавзулардан бирига айланди. Ўшанда Ўзбекистон Афғонистондан 1 миллион тоннадан ортиқ кўмир сотиб олмоқчи эканлиги маълум қилинди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов яқин орада қўшни давлатга Трансафғон темирйўли қурилиши учун ускуналар келишини маълум қилди. Афғонистон фуқароларига визалар беришни кенгайтириш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди.
Мавзуга оид
21:44 / 09.11.2024
Афғонистонда ИИВ, Мудофаа вазирлиги ва разведка қурол-яроғ бериш ҳуқуқидан маҳрум этилди
18:05 / 06.11.2024
Афғонистонда кўкнори етиштириш ҳажми яна ошмоқда — БМТ
14:12 / 06.11.2024
Ўзбекистон ва ЕИ афғон масаласи бўйича ўзаро маслаҳатлашувни давом эттиради
22:45 / 02.11.2024