Ўзбекистон | 18:48 / 22.05.2024
7051
3 дақиқада ўқилади

Рақобат қўмитаси вакили поезд чипталари нархлари ўзгарганига муносабат билдирди

Қўмита масъули Ихлос Роҳатов темирйўлда нархларни давлат томонидан тартибга солиш бекор қилингани, “Ўзбекистон темир йўллари” янги поездларни кредитлар ҳисобига сотиб олгани, нархлар ўзгариши ана шу қарзларни қайтариш билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини айтди.

Фото: Ўзбекистон темирйўллари

“Ўзбекистон темирйўллари” компанияси йил бошидан буён икки марта темирйўл чипталари нархини оширди. Kun.uz табиий монополия субъекти ҳисобланувчи бу компания нима сабабдан қисқа вақт ичида нархларни икки марта оширгани ва шунга қарамай сифатда деярли ўзгариш бўлмагани борасида Рақобат қўмитасининг позициясини сўради.

Қўмитанинг табиий монополияни тартибга солиш бўлими бош мутахассиси Ихлос Роҳатовнинг айтишича, тезюрар поезд чипта нархлари ошиши президент қарори юқори тезликда ҳаракатланадиган ва тезюрар поездларда йўловчиларни ташиш хизматлари тарифларини давлат томонидан тартибга солиш бекор қилиниши билан боғлиқ.

“329-сонли президент қарори билан трансформация жараёнлари амалга оширилди. “Ўзбекистон темирйўллари” АЖ маълум бир соҳаларга бўлинди. Яъни “Темирйўл инфратузилма”, “Ўзтемирйўл йўловчи” АЖ каби бир нечта ташкилотларга бўлинди. Бу жараёнда юқори тезликда ҳаракатланадиган ва тезюрар поездлар [чипталари учун нарх белгилаш] давлат назоратидан чиқарилган. Бу хизматлар табиий монополия субъекти ҳисобланмайди ва шу сохада назорат қилинмайди, улар эркин бозор иштирокчиси сифатида фаолият юрита бошлади.

Хўжалик юритувчи субъектларнинг шартномавий ҳуқуқий базаси тўғрисидаги қонун ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1999 йилдаги 54-сонли қарори бор, унда айтилганки, нархларни тартибга солиш, шакллантириш бўйича алоҳида норматив ҳуқуқий ҳужжатлар бор. Ўша ҳужжатлар бўйича фаолиятини кўрсатади”, – деди у.

Қўмита масъулининг айтишича, сўнгги йилларда олиб келинган поездлар кредит ҳисобига сотиб олингани боис, бу суммаларни қоплаш компания зиммасига тушган.

“Хабарингиз бор, сўнгги 7 йилда темирйўл соҳасида ҳам катта ўзгаришлар бўлди. Янги поездлар кириб келди, бу янги тезюрар поездлар ҳаммаси кредитга олинган. Жуда катта суммада инвестиция киритилган. Шу суммалардан келиб чиқиб янги нархларни белгилаган бўлиши мумкин.

Хўжалик субъекти алоҳида субъект бўлди. Вагонлар, тегишли инфратузилма, ҳаммаси уларнинг балансига берилган. Унинг суммаларини қайтариш ҳам жамиятнинг зиммасида. Айнан ўша субъектларга давлат субсидия бериши бекор қилинди. Энди ўша соҳаларда хўжалик юритувчи субъект ўз нархларини ўзи тартибга солиши белгиланди. Давлат томонидан тартибга солиш тўхтатилди. Ўзини ўзи харажатларини қоплаш мақсадида”, – деди Ихлос Роҳатов.

Унинг қўшимча қилишича, хўжалик юритувчи субъект истеъмолчиларга кўрсатаётган хизматлар сифатсиз бўлса, истеъмолчиларни камситишга олиб келса, мурожаатларга асосан, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рақобат тўғрисидаги қонунлар билан истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш юзасидан Рақобат қўмитаси ўрганиш олиб боради.

Шу билан бирга, Рақобат қўмитаси нархлар масаласини қўшимча ўрганаётгани таъкидланди.

Мавзуга оид