08:47 / 20.07.2023
4887

ОАВ: Боррел Украина қуролли кучларига ёрдам учун 20 млрд евро ажратишни таклиф қилди

Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел Украинага ҳарбий ёрдам фондини 20 миллиард еврога оширишни таклиф қилди, деб ёзади FAZ ва Politico.

Фото: Yahoo

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел Европа Иттифоқи давлатларига Украинага ҳарбий ёрдамни 20 миллиард еврога оширишни таклиф қилди. Бу ҳақда 19 июль, чоршанба куни Германиянинг Frankfurter Allgemeine Zeitung (FAZ) газетаси хабар берди

Унга кўра, Европа дипломатияси раҳбари Украина ҳарбий эҳтиёжларини қоплаш учун 2024 йилдан 2027 йилгача ҳар йили тахминан 5 миллиард евро ажратишни таклиф қилган. Бу масаланинг биринчи муҳокамаси 20 июль, пайшанба куни Брюсселда бўлиб ўтадиган Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари йиғилишида кўтарилиши кутилмоқда, деб ёзади FAZ.

«Украинага ҳарбий ёрдамни давом эттириш учун мавжуд имкониятлар 2023 йил сентябригача тугайди», дейилади FAZ томонидан келтирилган Боррелл ҳисоботида. Ҳисоботга кўра, қўшимча маблағлар Европа тинчлик жамғармасига (ЕТЖ) ўтказилиши керак. Бу фонддан Европа Иттифоқига аъзо давлатлар Украинага бериладиган қурол ва ўқ-дорилар учун қисман товон пули олиши мумкин бўлади.

Аввалроқ, Европа Иттифоқи Украина армиясини таъминоти учун 20 миллиард евро ажратиш ниятида экани ҳақида Politico ушбу режалар билан таниш бўлган бир неча дипломатларга таяниб хабар берган эди. Шу билан бирга, ЕИ Украина учун қурол сотиб олишни тўғридан тўғри молиялаштирмаслиги, балки аъзо давлатларга ўқ-дорилар, ракеталар ва танкларни харид қилиш ва Киевга етказиш харажатларини қоплашга ёрдам бериши маълум қилинган. Бундан ташқари, ЕИ жамғармаси Украина ҳарбийларини тайёрлаш учун тўловлар тўлашга ёрдам беради. 

Украинада кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан бери Европа Иттифоқи давлатлари Киевни қўллаб-қувватлаш учун Европа тинчлик жамғармасига 5,5 миллиард евро ажратди. Июнь ойи охирида ЕИ ташқи ишлар вазирлари бу миқдорни яна 3,5 миллиард еврога оширишга келишиб олди. Бироқ, айни дамда Венгрия Украинага 500 миллион евро миқдоридаги ҳарбий ёрдамнинг навбатдаги траншига тўсқинлик қилмоқда.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top