Москвага дронлар ҳужуми: улардан бири мудофаа вазирлиги яқинига қулади. Бу ҳақда нималар маълум?
Москвага иккита дрон ҳужум қилди. Бири бизнес марказ биносига урилган, иккинчиси РФ мудофаа вазирлиги бинолари яқинида қулаган.
Душанба куни эрта тонгда Москвадаги иккита турар жой биносига иккита дрон келиб урилди. Бу бинолардан бири Россия мудофаа вазирлиги биносига жуда яқин жойлашган. Вазирлик эса дронларни йўналишдан оғдиришга муваффақ бўлинганини билдирган. Бу май ойи бошидан буён Москвага учинчи ҳужум бўлди. Бу сафаргиси Одесса бир ҳафта давомида ёппасига ўққа тутилиши ортидан рўй берди.
«Бугун эрталаб тахминан соат тўртлар атрофида иккита нотурар жой биносига дронлар зарбалари қайд этилди. Жиддий вайронгарчиликлар ва жабрланганлар йўқ», — дея ёзган Москва мэри Сергей Собянин соат 4:50 да ўз телеграм-каналида.
Мэр «биноларга зарба бериш» иборасини қўллаган, бироз кейинроқ эса мудофаа вазирлиги украин дронлари «ҳалокатга учрагани»ни маълум қилди. Вазирлик уларнинг сони иккита бўлгани, иккиси ҳам радиоэлектрон кураш воситалари орқали «ишдан чиқарилгани»ни билдирди.
«24 июл куни эрталаб Киев режимининг иккита учувчисиз учар аппарат орқали Москва шаҳри ҳудудидаги объектлар бўйлаб террорчилик ҳужуми уюштиришга қаратилган уринишлари бартараф этилди. Радиоэлектрон кураш воситалари ёрдамида украинларнинг иккита дрони бостирилди ва ҳалокатга учради», — дея тасдиқлаган вазирлик. Зарбалар оқибатида жабрланганлар йўқлиги маълум қилинган.
Шу билан бирга, дронлар нима учун Москвага киришидан олдин эмас, фақат шаҳар ичкарисида йўналишдан оғдирилгани тушунарсиз қолган. Май ойи охири ва июл ойи бошида дронлар Россия пойтахтига кирмасдан уриб туширилганди.
Бу сафарги ҳужум оқибатида дрон келиб урилган бинолардан камида биттаси жиддий шикастланган — Лихачев проспектидаги кўп қаватли бизнес маркази биносининг иккита юқори қавати. Комсомольский проспектидаги шикастланиш даражаси эса арзимас даражада экани маълум бўлди.
Телеграм-каналларда Москва осмонида шовқин кўтариб парвоз қилаётган дронлар, шунингдек шаҳардаги кўп қаватли бинолар устида кўтарилган тутун акс этган видеолар эълон қилинган.
Икки манзил
Дронлардан бири Москванинг Лихачев шоҳкўчасидаги бизнес марказ биносига урилган — фотоларга кўра, бино ҳали фойдаланишга топширилмаган. ТАСС агентлиги фавқулодда хизматларга таянган ҳолда хабар беришича, портлаш натижасида бу бинонинг 17- ва 18-қаватларида 50 квадрат метр майдонда деразалар синиб тушган.
Россия нашрларига кўра, иккинчи дрон парчалари Комсомолский шоҳкўчаси, 17-уй атрофида аниқланган. Бу беш қаватли уй бўлиб, у бироз шикастланган, аммо жиддий эмас — фақат ойналар синган.
Лекин бошқа муҳим жиҳати бор: қўшни бинолар. Эълон қилинган фотога кўра, дрон проспектнинг иккинчи томонида жойлашган 18-рақамли икки қаватли бино томига қулаган бўлиши мумкин. Бу ерда азалдан ҳарбий қисм бўлган ва харитага кўра, у ерда Россия мудофаа вазирлиги Марказий ҳарбий оркестри жойлашган.
Яна бир қўшни бино эса ундан ҳам жиддийроқ манзил — эрталабдан дрон парчалари йиғиштирилган кварталнинг бошқа томонида, Фрунзе соҳилида мудофаа вазирлиги бош биноси жойлашган. Дрон қулаган нуқтадан мудофаа вазири Сергей Шойгу йиғилиш ўтказадиган биногача пиёда бир неча дақиқада борса бўлади.
Аммо бу ҳам ҳали ҳаммаси эмас. Таниқли тадқиқотчи журналист, Bellingcat лойиҳаси муаллифи Христо Грозевнинг тасдиқлашича, Комсомолский проспектидаги 17-уй рўпарасида фақат ҳарбий оркестр эмас, «ГРУ (Бош разведка бошқармаси) киберқўшинлари марказий офиси», жумладан FancyBear ҳакерлик гуруҳи қароргоҳи ҳам жойлашган.
Грозев Комсомолский проспектидаги «Фрунзенская» метро бекати яқинида, 20-уй манзилида княз Александр Невский номидаги Ҳарбий университет жойлашганини эслатган. У шунингдек тарихдан Хамовнический казармаси деб номланган бу кварталда «ГРУнинг яна бир қанча ўта махфий объектлари» жойлашган бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.
Американинг Ташқи сиёсатни ўрганиш институти катта илмий ходими Роб Ли ўз твиттерида ёзишича, Комсомолский проспект, 17-уй РФ мудофаа вазирлиги мудофаа бошқармаси миллий марказидан (Фрунзе соҳили, 22) «200 метрга яқин» масофада жойлашган.
«Комсомолский проспектида дрон портлашидан бир қанча деразалар синган. Биз аҳолига барча оқибатларни имкон қадар тез фурсатда бартараф этишга ёрдам берамиз», — дея дронлар ҳужуми оқибатларини тасвирлаган шаҳар мэри Собянин ўз телеграм-каналида.
Бу вақтда аннексия қилинган Қрим раҳбарияти ҳам Жанкўй районидаги ўқ-дори омборига дронлар ҳужуми уюштирилгани тўғрисида хабар берди. Бу кун давомида иккинчи ҳолат бўлди. Шанба куни Красногвардейский районига дронлар учиб келганида ҳам ўқ-дорилар омборида детонация кузатилганди. Россия мудофаа вазирлиги душанба куни омборлардаги портлашларни тасдиқламади, фақат яриморолдаги объектларга ҳужум қилган 17 дрон бартараф этилганини маълум қилди.
Киев жавобгарликни ўз зиммасига олмаяпти
Киев Москвага дронларнинг янги ҳужуми юзасидан изоҳ бермаган.
Украина одатда Россия ҳудудига зарбаларга алоқадорлигини рад этиб келади, аммо украин расмийлари кўпинча бундай ҳужумларга алоқадорликларига ишора қилишади.
«РБК-Украина» нашри махсус хизматлардаги манбасига асосланиб хабар беришича, Москвага тунги ҳужум Украина мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармасининг «махсус амалиёти» бўлган. «Барча қушчалар Москвага етиб борди», — деган нашр суҳбатдоши.
Ўтган ҳафтадан Россия Одесса шаҳри ва Одесса области бўйлаб ёппасига зарба бера бошлаганди. Якшанбага ўтар кечаси шаҳарнинг ЮНЕСКО ҳимояси остидаги тарихий маркази ракеталар билан ўққа тутилди. Тарихий бинолардан иккитаси шикастланган, шунингдек советлар давридан кейин тикланган Спасо-Преображенский кафедрал собори ҳам ҳужумга учраган.
Душанбага ўтар кечаси эса Одесса области порт инфратузилмасига навбатдаги дронлар ҳужуми кузатилди. Украина ҳукумати бир ҳафтадан буён давом этаётган ҳужумларни Москванинг ғалла келишувидан чиққани билан боғламоқда, Россия эса бу Қрим кўпригида июл ойида рўй берган портлашга жавобан «қасос зарбалари» эканини таъкидламоқда.
Уч ой ичидаги учинчи ҳужум. Ёки тўртинчисими?
Бунгача зарбдор дронлар камида икки марта Москвага қадар етиб борганди.
3 майга ўтар кечаси дронлар Кремлгача учиб борганди. Икки дрон Россия президенти қароргоҳи жойлашган Сенат саройи гумбази устида портлаган.
30 май куни нисбатан кенг кўламли ҳужум уюштирилганди. Ўшанда дронлар Ленин проспектидаги, шунингдек Новая Москвадаги Профсоюзная ва Атласова кўчаларидаги уйларга урилган, аммо жиддий шикастланишлар қайд этилмаганди.
Россия мудофаа вазирлиги май ойи охиридаги ҳужумда саккиз дрон қатнашгани, шундан бештаси Москвага киришда уриб туширилгани, учтаси эса радиоэлектрон кураш воситалари орқали «бостирилгани»ни хабар қилганди — ўшанда ҳам бу дронлар бугун бўлгани каби барибир уйларга урилганди.
4 июл куни Россия ҳукумати украинларнинг бешта дрони Москвага киришда бартараф этилгани ҳақида хабар берганди. Бу ҳужум туфайли «Внуково» аэропорти фаолияти вақтинча тўхтатилганди.
Мудофаа вазирлиги ўшанда украинларнинг тўртта учувчисиз учар қурилмаси Новая Москва ҳудудида (катта ҳалқа йўлидан ташқарида, аввал бу Москва области таркибида бўлган) уриб туширилгани, яна биттаси «ишдан чиқарилгани» ва Одинцовский районида ҳалокатга учраганини маълум қилганди.
Камикадзе дронлар яна бир бор Москва осмони устидаги ҳимоя қалқонини тешиб ўтди. Бу нимани англатади? BBC Рус хизмати ҳарбий шарҳловчиси Илья Абишев жавоб беради
Москвага қилинган олдинги дрон ҳужумларидан кейин бўлгани каби, бу сафар ҳам Россия мудофаа вазирлиги уларнинг барчаси (бу сафар фақат иккита) радиоэлектрон кураш воситалари билан «ишдан чиқарилгани» ва ҳалокатга учрагани ҳақида маълум қилди.
Радиоэлектрон кураш воситаларининг бу дронлар бўйича муваффақиятли ишлаганини тасдиқлаш ёки рад этиш имконияти йўқ. Уларнинг иккиси билан ҳам одатда ўқ-дори ташиб парвоз қилувчи барча дронлар билан содир бўладиган ҳодиса рўй берган — улар портлаган, биттаси мудофаа вазирлиги бинолари яқинида.
Дронлар йўналишдан оғдирилганми ёки уларнинг ўзи мўлжалдан адашганми, уларнинг асосий нишони нима бўлган — буни фақат тахмин қилиш мумкин. Москва шаҳри стратегик ҳарбий объектлар билан тўлиб-тошган.
Яна бир жиҳат диққатга сазовор. Камикадзе дронлар яна бир марта Россия пойтахти осмонини ҳимоя қилувчи қалқонни тешиб ўтиб, қарийб марказгача учиб борди, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими эса, мудофаа вазирлиги баёнотига кўра, улар билан жангга фақат охирги паллаларда — барча мавжуд воситалар, жумладан ўқотар қуроллар ҳам ишга солинадиган вақтга келибгина киришди.
Шаҳар чеккаларида ҳаракатланадиган радиоэлектрон кураш тизимлари қилиши мумкин бўлган максимум иш — муайян объектга қараб ҳаракатланувчи дронларнинг радио- ёки оптикэлектрон йўналтириш тизимларини ўчириб қўйишдир. Шунда ҳам дронлар нишонга олдиндан белгиланган координаталар бўйича бормасдан, шундай тизимлардан фойдаланган тақдирда. Радиоэлектрон кураш тизими камикадзе дронлар портлашининг олдини олишга кучсизлик қилади.
Видеоларга қараганда, душанбага ўтар кечаси Москвага «мопедлар» — Россия Украина шаҳарларига ҳужум қилишда қўллайдиган Shahed тоифасидаги учиш аппаратлари ҳужум қилган. Бу сафар улар атиги иккита бўлган — аммо ким кейинги сафар уларнинг сони кўпроқ бўлмаслигига кафолат беради?
Душанба куни журналистлар Кремл расмийси Дмитрий Песковдан май ойидаги ҳужумлардан кейин Москва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимида ишлар олиб борилган ёки йўқлигини сўрашди. У тўғридан тўғри жавоб беришдан қочди. «Бу савол кўпроқ бизнинг ихтисослашган идорамиз — мудофаа вазирлигига тааллуқлидир. Биласизки, бугунги дронлар зарарсизлантирилди. Бу борада чора-тадбирлар кўрилмоқда. Аммо, мудофаа тизимини ривожлантириш, унинг янада жадал ишлашини таъминлаш масалаларига келсак, мудофаа вазирлигига мурожаат қилиш керак».
Мавзуга оид
11:06 / 14.10.2024
«Ҳизбуллоҳ» дрони Исроил базасига ҳужум қилди, тўрт аскар ҳалок бўлган
16:32 / 24.09.2024
Твер областидаги қурол омборларининг украин дронлари ҳужумидан кейинги кўриниши эълон қилинди
15:24 / 22.09.2024
Украин дронлари Россиянинг яна иккита қурол арсеналига зарба берди
20:06 / 18.09.2024