Ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш бўйича ҳудудий дастурлар ишлаб чиқилмоқда
Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссияси ишсиз ёшлар ва меҳнат бозорига кириб келиши кутилаётган битирувчиларнинг “фуқаробай” бандлигини таъминлаш бўйича “Ёшлар бандлиги дастурлари”ни ишлаб чиқиб, халқ депутатлари сессияларида тасдиқлаш чораларини кўради.
Аниқланишича, йил бошидан буён жами 1,5 миллиондан ортиқ янги иш ўринлари яратилганига қарамай, "Ёшлар баланси"га киритилган 105 минг ёшлар бандлиги таъминланган бўлса, 180 минг нафардан ортиқ ёшлар эса ишсиз қолмоқда. Жами 9 млн. нафар ёшлар “яхши”, “ўрта”, “оғир” тоифаларга ажратилган.
Ўрганишлар ўтказилган ҳудудларда айрим муаммо ва камчиликлар аниқланиб, уларни бартараф этиш бўйича ёрдам кўрсатилди. Хусусан, "оғир" тоифадаги 364 минг нафар ёшларнинг мурожаатларидан 17 фоизи ҳал этилмаган.
Республика комиссияси аъзолари “қизил” тоифадаги ёшлар билан бирма-бир мулоқот қилиб, 4,3 минг нафар ёшнинг муаммолари жойида ҳал этилди.
Бундан ташқари, бор-йўғи 374 минг нафар ёшлар ўзини ўзи банд қилган. Жорий йилда 309 минг битирувчи меҳнат бозорига кириб келиши инобатга олинса, сектор раҳбарлари, ёшлар етакчилари ва ҳоким ёрдамчилари ўртасида амалий ҳамкорлик етарли эмас, деган хулосага келинган.
Шундан келиб чиқиб, ишсиз ёшлар ва меҳнат бозорига кириб келиши кутилаётган битирувчиларнинг “фуқаробай” бандлигини таъминлаш бўйича “Ёшлар бандлиги дастурлари”ни ишлаб чиқиб, халқ депутатлари сессияларида тасдиқлаш чоралари кўрилмоқда.