20:18 / 27.07.2023
33680

Ким Чен Ин Шойгуга ўз ракета ва дронларини кўрсатди. Бу қуроллар Украинага бориши мумкинми?

Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Россия мудофаа вазири Сергей Шойгуга КХДРнинг янги қуролларини намойиш этди. Лекин дронлар, энг камида стенддаги намуналарга қараганда, ҳали жанговар ҳаракатларга тайёр эмас.

Фото: Reuters

Пхенян Сергей Шойгу бошчилигидаги Россия делегациясини, шунингдек, Хитой расмийларини мамлакатга таклиф қилди. Улар Пхеняндаги Корея уруши якунланганининг 70 йиллигига бағишланган тантаналарда иштирок этади.

Кўргазмага қўйилган қуроллар орасида «Хвасон» қитъалараро баллистик ракетаси ҳам бор. 2023 йил апрел ойида муваффақиятли синовдан ўтган бу ракета Шимолий Кореянинг қаттиқ ёнилғидан фойдаланадиган биринчи шундай ракетаси ҳисобланади.

«Кўргазмада, шунингдек, иккита янги конструкциядаги дрон ҳам намойиш этилган, жумладан, улар АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан қўлланадиган асосий ҳужумчи зарбдор дронга ўхшаб кетади», дея хабар беради NK News (Шимолий Кореяга ихтисослаштирилган махсус веб-сайт).

Россия давлат нашрлари ҳам бу ҳақда гапирмоқда. «Ташқи кўринишига кўра, дронлар Американинг RQ-4 Global Hawk ва MQ-9 Reaper моделларини эслатади», деб ёзади РИА Новости.

«Шойгу ва Ким Чен Ин, шунингдек, қитъалараро баллистик ракеталар, танклар, зирҳли транспорт воситаларини ҳам кўздан кечирди», дея хабар берган RT.

Шойгунинг ташрифи Россиянинг Украинага бостириб кириши сабаб АҚШ, Шимолий Корея ва Россия ўртасида геосиёсий зиддият кучайган ҳамда Пхенян Украинага қарши урушда қўллаш учун Москвага қурол-яроғ етказиб бераётгани ҳақидаги шубҳалар фонида амалга оширилмоқда.

Хусусан, 2022 йил кузида КХДР Россияга артиллерия снарядлари ва қисқа масофали ракеталар етказиб бераётгани ҳақида тахминлар пайдо бўлган эди.

Пхенян ва Москва буни қатъиян рад этади.

2023 йил март ойида АҚШ ўз разведка маълумотларига таяниб, Россия Шимолий Корея тузумига КХДР ҳар доим муҳтож бўлган озиқ-овқат таклиф қилиш ва эвазига Москвага уруш олиб бориш учун етишмаётган қуролларни олиш бўйича музокара ўтказиш учун Пхенянга делегация юборишни режалаштираётганини маълум қилганди.

Фото: Reuters

Шимолий Кореяда ўткир озиқ-овқат тақчиллиги кузатилмоқда, вазият чегаралар ёпилиши ва мамлакат ядровий дастури сабаб киритилган халқаро санкциялар туфайли янада оғирлашган.

«Ким Чен Ин ва Шойгу миллий мудофаа ва халқаро хавфсизлик соҳасидаги ўзаро манфаатли масалаларни муҳокама қилди», дея хабар берди давлатга қарашли Корея марказий телеграф агентлиги.

«Ўртоқ Ким Чен Ин ўртоқ Сергей Шойгуни Корея халқ армияси сўнгги йилларда эга бўлган қурол-яроғ ва ҳарбий техникалар билан таништирди», — дейилган агентлик хабарида.

Хитой ва Россия делегациялари ташрифи 27 июл куни бўлиб ўтадиган кенг кўламли ҳарбий парад билан якунланиши кутилмоқда.

Шимолий Корея коронавирус пандемиясидан кейин биринчи марта хорижий делегацияларни қабул қилмоқда. Пхенян охирги марта хорижий ҳукумат делегатларини 2018 йил февралида ҳарбий парадга таклиф қилганди.

Шимолий Корея 2020 йил бошида, Covid-19 пандемияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида чегараларни ёпганидан сўнг, мамлакат расмийлари ўз ҳудудида хорижий давлатлар вакиллари билан ҳеч қандай учрашув ўтказмади. Савдо муносабатлари, жумладан, энг зарур товарлар импорти ҳам узилиб қолди.

Эҳтимол, хорижлик меҳмонларнинг мамлакатга таклиф қилингани Пхенян чегарадаги қаттиқ чекловларни олиб ташлашга тайёрланаётганидан дарак беради, дейди таҳлилчилар.

Шойгуга Шимолий Корея дронлари намойиш қилинди. Улар Украинага бориши мумкинми?

Бу ҳақда BBC рус хизмати ҳарбий шарҳловчиси Павел Аксенов фикр юритган.

Россия мудофаа вазирининг КХДРга ташрифи — сиёсий воқеа, гарчи жаҳон матбуотида бу кўпроқ харидорнинг қурол дўконига ташрифи сифатида қабул қилинмоқда. Россия Украинада катта уруш олиб бормоқда ва унга қурол ва ўқ-дорилар керак, Шимолий Корея эса дунёдаги энг ҳарбийлашган давлатлардан бири бўлиб, катта ҳарбий захиралар ва ишлаб чиқаришга эга.

Матбуотда Сергей Шойгунинг қуроллар кўргазмасини кўздан кечираётгани тасвирланган фотосуратлар пайдо бўлди, бу қуроллар орасида баллистик ракеталар ва самолёт типидаги, «ўрта баландликда узоқ масофага учувчи» (MALE — Medium Altitude, Long Endurance) дронлар бор эди.

Улардан иккитаси ташқи кўриниши бўйича Американинг Reaper ва нисбатан каттароқ Global Hawk дронларига ўхшаб кетади. Бундан ташқари, дронларнинг ёнида улар парвоз пайтида суратга олинган фотосуратлар ўрнатилганди. Бу Шимолий Кореянинг разведкачи-дронлар ишлаб чиқиш дастури энг камида парвоз синовлари босқичида эканини билдиради.

Фото: Reuters

Стендлар кадрга тасодифан тушиб қолган бўлиши даргумон — суратлардан бирида дроннинг тактик-техник хусусиятлари компьютерда таниб бўлмас даражада хиралаштирилгани, парвозлар суратлари эса анча яхши кўриниб турганини кўриш мумкин.

Бу дронларнинг иккиси ҳам аввалроқ КХДРдаги ҳарбий аэродромда сунъий йўлдош орқали қайд этилган ва экспертлар у ерда синов ускуналари ҳам жойлашганини тахмин қилганди. Яна бир жиҳат шуки, стенддаги Reaper’га ўхшаш дрон қандайдир ўқ-дорилар, эҳтимол, юқори аниқликдаги ракеталар билан қуролланган.

Шимолий Корея — ёпиқ давлат, унинг ҳарбий дастурлари ҳақида кўп нарса маълум эмас. Жумладан, учувчисиз тизимларни ривожлантириш дастури ҳақида ҳам. Эҳтимол, бу дронлар синов босқичида, улар ишлаб чиқаришга қанчалик яқинлиги эса номаълум.

Россия айнан шу тоифадаги дронларга муҳтож. Мамлакатнинг ўз «Иноходец» дронининг ишлаб чиқарилиши фронтдаги ҳарбийларнинг эҳтиёжларини қопламайди, шунинг учун бундай тизимлар Москвага анча фойдали бўлади. Синов парвозлари босқичи узоқ вақт талаб қилиши мумкин ва оммавий ишлаб чиқариш учун ҳали базани тайёрлаш керак.

Украинадаги урушда Шимолий Корея дронлари пайдо бўлиши, айниқса, улар Шойгу ташрифи чоғида фотомухбирлар кадрига тушганидан сўнг, эътибордан четда қолиши жуда қийин.

Москва ва Пхенян ўртасидаги ҳарбий-техник ҳамкорлик ҳақидаги маълумотлар аллақачон оммавий ахборот воситаларида пайдо бўлган, бироқ ҳар икки томон буни рад этган. Ўшанда, 2022 йил кузида гап, асосан, ўқ-дорилар — захиралари ва ишлаб чиқарилиши КХДРда мавжуд ҳамда Россия керак бўлган ракеталар ва снарядлар етказиб бериш ҳақида кетганди.

Россия мудофаа вазирининг Пхеняндаги ҳозирги музокараларида айнан нима муҳокама қилинаётгани номаълум, бироқ Шимолий Кореянинг дронлари, энг камида, стендлардаги намуналарга қараганда, кўринишидан, ҳали «ишлатишга тайёр маҳсулот» эмас.

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top