Жаҳон | 08:25 / 14.05.2024
1743
3 дақиқада ўқилади

Германия ва Шимолий Европа давлатлари Украинани қўллаб-қувватлашини тасдиқлади

Германия канцлери Олаф Шолц Стокҳолмда Дания, Швеция, Норвегия, Финландия ва Исландия бош вазирлари билан учрашувдан сўнг Германия ва Шимолий Европа мамлакатлари Украинани «керак бўлгунича» қўллаб-қувватлайди, деди.

Фото: Michael Kappeler/dpa/picture alliance

Германия ва Скандинавия давлатлари Украинани «керак бўлгунича» қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда Германия канцлери Олаф Шолц 13 май, душанба куни Стокҳолмда бўлиб ўтган Дания, Швеция, Норвегия, Финландия ва Исландия бош вазирлари билан учрашувдан сўнг айтиб ўтди. 

Шолцнинг таъкидлашича, Россия Федерацияси кенг кўламли ҳужуми бошланганидан бери Германия Украинага 28 млрд евролик қурол юборган ёки юборишни режалаштирмоқда. Бу йил Берлиндан Киевга ҳарбий ёрдам 7 миллиард евродан ошади - бу Европадаги энг катта ҳиссадир, дея таъкидлади Германия канцлери. Шунингдек, у Германия яқинда учинчи Patriot ҳаво мудофаа тизимини Украинага топширганини эслатди. 

Скандинавия мамлакатлари ҳукумат раҳбарлари Олаф Шолц билан бирдамлик билдирдилар. Шу тариқа, Швеция бош вазири Улф Кристерссон унинг мамлакати аллақачон Украина ҳаво мудофаасини кучайтиришда иштирок этаётганини ва Киевга ҳарбий ёрдам кўрсатишни давом эттириш ниятида эканини айтди. «Бу қандай ва қай даражада экани кейинроқ эълон қилинади», дея қўшимча қилди у. Финландия бош вазири Петтери Орпо Ғарб «Харкивда янги Мариуполни кўришни истамаслигини» ва шунинг учун Украинага ёрдам бериш учун ҳамма нарсани қилиш кераклигини айтди. 

Шолцнинг Стокҳолмга ташрифи 14 май куни давом этади ва у Кристерссон билан икки томонлама музокаралар ўтказади. 

Ҳабек: Биз етарлича иш қилмадик 

Айни пайтда Германия вице-канцлери ва иқтисодиёт вазири Роберт Ҳабек Германия Украинани қўллаб-қувватлаш учун ҳали етарлича иш қилмагани ҳақида фикр билдирди. Охирги икки йил ичида Германиядан Украинага катта ёрдам борди, аммо натижаларни фронтдаги ҳақиқий вазиятдан келиб чиқиб баҳолаш керак, деди у 13 май куни Берлиндаги Хавфсизлик сиёсати федерал академиясида сўзлаган нутқида.

Вице-канцлер Украина Қуролли кучларида ўқ-дорилар ва ҳарбий техника етишмаслигини қайд этиб, Германия уларни бундесвер захирасидан етказиб беришда давом этиши кераклигини билдирди. Ҳабек, шунингдек, бошқа давлатлар Украинани қўллаб-қувватлаш учун кўпроқ иш қилиши мумкинлигига ишоняпти. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид