18:56 / 31.07.2023
13442

«Аниқ муддат қонунчиликда бўлиши керак» — Мактабга қабул ёшини ўзгартириш таклифига вазирлик муносабат билдирди

«Тўғри келади ёки тўғри келмайдини мактабдаги психолог ёки қандайдир субъектив ёндашув асосида қабул қилиш ота-оналар орасида норозиликни келтириб чиқариши мумкин», деди Усмон Шарифхўжаев.

Фото: KUN.UZ

Мактабга қабул ёши қанчалик тўғри белгиланган? Ёш чегараси ўзгартириладими? 31 июл куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган матбуот анжуманида шу каби саволларга мактабгача ва мактаб таълими вазири биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаев жавоб берди.

«Бу масала [мактабга қабул ёши] вақтлими ёки кеч, бундай муҳокамалар доим бўлган. Олдинги қонунчиликни кўрадиган бўлсак, бола 6-7 ёшида мактабга чиқади дейилганди.

Ҳозирги ҳолатда ҳам бола ўқув йили сентябрь ойидан бўлса, 6 ёш-у 8 ойлигида, яъни деярли [6 ёш-у] 7,5 ойга етгунгача мактабга чиқиш имконияти мавжуд. Агар олдинги ҳолатга ўхшаб, қонунчиликда мавҳум норма қўйиладиган бўлса, қайсидир жиҳатдан жойлардаги талқинни ўзига мослаш ҳолатига олиб келади. Яъни 6-7 ёш деганда, 6 ёш-у 1 кун ҳам, 6 ёш-у 11 ой ҳам назарда тутилади.

Тўғри келади ёки тўғри келмайдини мактабдаги психолог ёки қандайдир субъектив ёндашув асосида қабул қилиш ота-оналар орасида норозиликни келтириб чиқариши мумкин. Вазирликнинг позициясини сўраган эдингиз, бунда аниқ муддат белгиланиши керак. Чунки бу кейинги юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олишга олиб келади.

Биз йил бошида Статистика агентлиги, бошқа манбаларнинг рақамларига асосан, тахминан, максимал шу муддатда туғилган болаларнинг қанчаси мактабга кела олишини била оламиз. Агарда биз хоҳласа келади, фалон ёшдан мажбурий, фалон ёшдан ихтиёрий деб қабул қиладиган бўлсак, 500 минг нафар бола ҳам келиши мумкин, 50 нафар ҳам келиши мумкин. 

Бу сентябрда президент совғалари, дарсликлар ва ҳатто мактаб ўринлари тақсимотини умуман режалаштириб бўлмайдиган ҳолатга олиб келади. Мен келиб чиқиши мумкин бўлган муаммоларни айтяпман. Нима бўлган тақдирда ҳам аниқ муддат қонунчиликда бўлиши керак. 

Бу қандай муддат бўлишида эса яна «яна»лар қўшилади. Бу қандайдир вазирликнинг ходими, вазир ўринбосарининг фикрига таяниладиган масала эмас. Бу – авваламбор илмий ёндашувлар асосида амалга ошириладиган жараён. 

Ҳаммамиз негадир 7 ёшли боланинг режасини ўйлаймиз-да. Эртага у бола 10-11 ёшда балоғатга етади, керак бўлса 15-16 ёшда яна организмида ўзгариш даври бўлади. У вақтли чиқиб қолиши натижасида, балки 7 ёшида билинмас, унинг дунёқараши, жисмоний ривожланиши ўзи билан ўқиётган тенгқурлари билан қанчалик мос бўлади?

Бу саволга мен ҳеч қанақасига жавоб беролмайман. Буни илмий асослаб кўриш керак. Амалдаги «Таълим тўғрисида»ги қонун қабул қилиниши салкам 3 йил давомида яратилиб, муҳокамадан ўтган эди. Майдонларда бу қонун моддама-модда муҳокама қилинган, қанча баҳсларга сабаб бўлганидан сўнг шу қарор қабул қилинган», – дейди Усмон Шарифхўжаев. 

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил сентябрь ойида «Таълим тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш киритилиб, 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб ўқувчилар биринчи синфга 7 ёшга тўладиган йилда қабул қилинадиган бўлганди.

Kun.uz аввалроқ боғча ва мактабга қабул неча ёшдан бошланиши кераклигига эътибор қаратиб, бу бўйича мутахассислар билан интервю ўтказганди.

Top