«Илғор педагогик технологиялар асосида яратилган” — ўқитувчи янги дарсликлар ҳақида
Ўзбекистон мактабларининг бошланғич синф ўқувчилари янги дарсликлар асосида ўқитилмоқда. 4К моделида ишланган дарсликларни ўзлаштириш даражаси қандай кечяпти? Мактаб таълимида уларнинг самарадорлиги сезилдими? Педагог ҳамда ўқувчиларнинг ота-оналари янги авлод дарсликлари ҳақидаги фикрлари билан бўлишди.
2023 йилнинг январь ойидан Ўзбекистоннинг 14 та ҳудудидаги тажриба-синов мактабларда янги авлод дарсликлари жорий этилганди. Сентябрдан эса бу амалиёт республиканинг барча бошланғич синфлари учун давом эттирилди. Бунинг учун китоблар 770 номда 72 млн нусхада чоп этилди.
«Ўқитувчининг асосий қуроли — дарслик. Ҳозирги дарсликлар охирги илғор педагогик технологиялар асосида яратилган. Алифбе китобини оладиган бўлсак, унга ёзув-машқ дафтари мослаштириб чиқарилган, яъни бир-бири билан параллел боради. Машқ дафтарларда фақат ёзиш эмас, ўқувчилар мантиқий фикрлашни ҳам ўрганади: тушиб қолган ҳарфларни, сўзни топади, расмлар асосида гаплар тузади. Алифбе давридан бошлаб ижодий фикрлашга, фикрларини баён этишга мосланган. Иншолар ёзишда 3D расмлар берилган, шу асосида бола ўз фикрини кенг тасвирлай олади. Умуман, дарсликлар бола тушунадиган тарзда, ижодий ёндашилиб ишланган», — дейди Учтепа туманининг 287-мактаб ўқитувчиси Дилшода Бобомуродова.
Шаҳноза Парзиеванинг айтишича, унинг қизи бу йил биринчи синфга боряпти ва уларга янги дарсликлар ёққан:
«Қизим 1-синфга чиқди. Китоблар устидаги қизиқарли расмлар, ранг-баранглик қизимга ёқди. Бундан ташқари 3D форматдаги расмлар ҳам маъқул келди», — дейди у.
«Кичкина қизим бошланғич синфда ўқийди. Янги дарсликлар сифатли, енгил. Китоблар чоракларга бўлинган, болага кўтариб юришга қулай. Китоб очилиши билан болани ўзига жалб қилади. Турли мултфилм қаҳрамонлари, замонавий дизайнлардан фойдаланилган», — дейди яна бир она Марғуба Раҳимова.
Чилонзор туманининг 162-мактаб ўқитувчиси Гулнора Қўчқорованинг таъкидлашича, янги дарсликлар болаларда 21-аср кўникмаларини шакллантиришга хизмат қилади. Дастурнинг «4К» модели ўқувчиларда танқидий фикрлаш, ижодий ёндашув, жамоада ишлаш ва мулоқот кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган:
«Олдинги дарсликларда бундай бўлмаган, янгилик бўлди бу йилгилари. Масалан, математика дарсликларида мантиқий фикрлашга, ўқувчиларнинг ўз устида ишлашига йўналтирилган мисол-масалалар жуда кўп. Асосий мавзудан ташқари, ёндош мавзулар қўлланилган, шу томони менга ёқди. Ўлчовлар ҳақида гап кетяптими, ёндош мавзу сифатида Ўзбекистон Республикаси майдони, вилоятлари, дарёлар сони каби маълумотлар келтирилган. Фанлар орасидаги боғлиқликни ўртага чиқаради бу.
Дарсликларга қўшимча машқ дафтарлари бўлиши ҳам жуда яхши янгилик. Ҳамоҳанг тарзда машқ дафтарлари билан ишлаш ўқувчининг мавзуни ўзлаштиришини осонлаштиради. Босқичма-босқич ўзлаштириб бораверади болалар. Ютуқли томони ҳам шунда.
Яна бир ўзгариш. Тўртинчи синфлар учун табиий фанлар дарслиги жуда яхши, қизиқарли чиққан. Илмийлик батафсил тушунтирилган, мавзулар 4 босқичли тизимда берилган. 4 босқичдан сўнг болада мавзу бўйича тўлиқ тушунча бўлади», —дейди педагог.
Янги авлод дарсликлари кейинги босқичларда юқори синф ўқувчилари учун ҳам яратилиши ва мактаб таълимига жорий этилиши кутилмоқда.
Мавзуга оид
16:06 / 11.12.2024
Форишда 64 ёшли эркак ўқитувчи вояга етмаган ўқувчи қизга шилқимлик қилди
16:40 / 25.11.2024
“42 км югуриш унга чўт эмас” – 54 ёшида марафон чемпиони бўлган янгибозорлик ўқитувчи
09:30 / 22.11.2024
“Бошида кимёга умуман қизиқмаганман” – ўқитувчилик ортидан миллиардерга айланган Моҳира Болтаева
19:44 / 18.11.2024