14:02 / 17.08.2023
33445

Махсус Хитой операцияси. ХХР компартияси иқтисодий инқирозга қарши кураш доирасида тақиқларни кўпайтирди

Хитойда муаммолар бор: Си Жинпингнинг барча саъй-ҳаракатлари ва қарорларига қарамай, даромадлар ўсмаяпти, иқтисодиёт ковиддан кейин жонланмаяпти. Коммунистик партия муваффақиятсизликлар билан курашишда Россияда машҳур бўлган усулни синаб кўришга қарор қилди, яъни муаммолар ҳақида гапиришни тақиқлаш ва аҳолини ёмон хабарлар билан безовта қилмаслик.

Фото: Reuters

15 август куни, суст иқтисодий ўсиш, дефляция ва йил давомидаги экспорт ва импортнинг энг катта пасайишини кўрсатган тушкун июл статистикасидан бир ҳафта ўтгач, Хитойдан саноат, чакана савдо ва инвестициялар ўсиши секинлашиши ҳақидаги ёқимсиз хабарларнинг яна бир тўлқини келди.

Аммо статистик маълумотларнинг янги қисмида энг кутилган рақам йўқ эди. Ёшлар ишсизлиги тўғрисидаги маълумотлар ўрнига расмийлар улар ҳозирча очиқланмаслиги ҳақида баёнот эълон қилди. Дастлаб, уларнинг тўпламини «оптималлаштириш» керак, деган Хитой Давлат статистика қўмитаси.

Ёшлар ишсизлигининг рекорд даражада ўсиши – Хитой иқтисодиёти муаммолари рамзига айлангани учун ҳамма ҳисоботни интиқлик билан кутаётган эди. 2023 йил июн ойида 16 ёшдан 24 ёшгача бўлган ҳар беш хитойликдан бири ўзига иш топа олмаган ва июл ойида вазият янада ёмонлашганига иқтисодчиларнинг ишончи комил.

Барча эътибор дунёда АҚШдан кейин иккинчи ўринда турадиган Хитой иқтисодиётига қаратилган, чунки у 2023 йилда, Хитойдаги ковид чекловлари ва Россиянинг Украинага ҳужуми ҳамда Кремлнинг Европа Иттифоқи билан газ уруши туфайли Европадаги инқироз билан эсда қолган оғир 2022 йилдан кейин, дунёда ишбилармонлик фаоллигини тиклашнинг мотори бўлиши керак эди.

Бироқ, Хитойдаги вазиятни баҳолаш иқтисодчилар учун кундан кунга қийинлашиб бормоқда.

Фақат яхши хабарлар

Хитойда ёшлар орасидаги ишсизлик даражаси 21 фоиздан ошади. Бу 25 фоиз бўлиши ҳам мумкин, аммо буни энди билиб бўлмайди. Суратда Пекин савдо марказида бўш иш ўринлари кўргазмаси. Фото: Reuters

Хитойда аллақачон статистикани яшириш борасида тажриба бор — пандемия пайтида Коммунистик партия ўлим ҳолатлари ҳақидаги маълумотларни ошкор қилишни тўхтатганди. Бироқ, иқтисодий кўрсаткичлар, гарчи уларни талқин қилиш махсус кўникма ва кириш ҳуқуқини талаб қилса ҳам, ҳозиргача мунтазам равишда эълон қилиб келинаётганди.

Энди, иқтисод секинлашаётган, ҳукумат уни қайта жонлантира олмаётган ва фаровонликнинг аввалги ўсиш темпига қайтолмаётган бир вақтда, ҳукумат маълумотларни танлаб нашр этиш ва нарсаларни ўз номи билан аташни тақиқлаш орқали имижни яхшилашни бошлади.

Ғарб билан алоқалар узилгандан кейин келажагини Хитой билан боғлаётган қўшни Россияда ҳам вазият тахминан шундай. Украинага бостириб киргандан сўнг, Кремль ташқи савдо, нефт ва газ қазиб олиш бўйича статистик маълумотларни махфийлаштирди ва қамоқ таҳдиди билан урушни «махсус ҳарбий операция» деб аташга мажбур қилди. Владимир Путин Россия иқтисодиётининг муваффақияти ҳақида ҳисобот беради, иқтисодчилар эса инқироз ҳақида гапиради ва қоронғи келажакни башорат қилади.

Сўнгги бир неча ойдан буён Хитойдан ҳам шунга ўхшаш хабарлар келмоқда.

Хитой хорижликларнинг корпоратив реестр ва академик тадқиқотларга кириш ҳуқуқини чеклади. Маълумотларни ҳимоя қилиш ҳақидаги янги қонун бизнес ҳисоботларини таҳлил қилишни қийинлаштирди. Қимматли қоғозлар тўғрисидаги янги қонун эса Хитой сиёсати, қонунчилиги, ишбилармонлик муҳити ва суд тизимини «нотўғри талқин қилиш»ни тақиқлади.

Россия ва Хитой бош вазирлари салбий янгиликларга бир хилда аллергик реакцияга эга. Суратда Михаил Мишустин ва Ли Сян Пекиндаги учрашувда, 2023 йил 24 май. Фото: Reuters

Тўғридан тўғри тақиқлардан ташқари, яширин чекловлар ҳам кўпаймоқда.

Ғарбнинг етакчи бизнес газетаси Financial Times Хитойда маслаҳатчи, таҳлилчи ва тадқиқотчи сифатида ишлаётган иқтисодчилар билан суҳбатлашган. Улардан бир нечаси яқинда уларга Хитой иқтисодиёти ҳақида салбий гаплар айтишдан қочиш ҳақида кўрсатма берилганини тасдиқлаган.

Бундай маслаҳатлар расмийлар, оммавий ахборот воситалари ва иш берувчилар — Хитой банклари ва университетларидан келмоқда.

«Тартибга солувчилар иқтисод ҳақидаги салбий оммавий шарҳларни тўхтатмоқчи», деган FT нашрига ўзининг асосий ишидан ташқари, Хитой Марказий банки маслаҳатчиси сифатида ҳам ишловчи аноним иқтисодчи.

«Ҳукумат биз ёмон хабарларни ижобий талқин қилишимизни хоҳлайди», дейди иқтисодчи.

Потомкин проспектлари

Хитой иқтисодиёти имижини ювиш — бу янги тенденция.

«2022 йили дефляция ва бошқа потенциал муаммоларни қийинчиликсиз муҳокама қилиш мумкин эди. Энди бундай шарҳлар ҳеч қачон эфирга узатилмайди», дейди Шанҳайдаги йирик молия институти иқтисодчиси.

Илгари дефляция йўқ эди. 2023 июл ойида эса, пандемиядан кейин биринчи марта истеъмол нархлари кўтарилмасдан, пасайиб кетди. Бу Хитой иқтисодиётидаги чуқур муаммоларни кўрсатади ва ҳукуматнинг хизмат кўрсатиш соҳаси ва истеъмол талабини жонлантириш мақсадини узоқлаштиради.

Нохуш статистик маълумотлардан бир ой олдин, Хитой Давлат статистика қўмитаси вакили Фу Линҳуэй «Хитойда дефляция йўқ ва бўлмайди ҳам» деб айтган эди.

Дефляция дарҳол содир бўлди, аммо иқтисодчилар ва таҳлилчилар партиянинг янги линиясига мувофиқ «бостирилган инфляция»ни муҳокама қилишга мажбур бўлди.

Ҳонгконгдаги ҳуқуқшунослар Хитой бизнес муҳитига бироз пардоз беришига тўғри келди. Фото: Reuters

Хитой компаниялари ва банкларига капитал жалб қилишга ёрдам берадиган ҳуқуқшунослар ва инвестиция банкирлари ҳам эвфемизмлар (номақбул сўзларни «юмшоқроғи»га алмаштириш) қўллашга ўтган. Умумий қабул қилинган жаҳон амалиётига кўра, улар потенциал инвесторларни Ҳонгконг фонд биржасида акция ёки облигацияларни жойлаштиришда мамлакат рисклари ҳақида огоҳлантириши керак.

Улар олдин буни тўғридан тўғри амалга оширган. «Бироқ, 2023 йил июл ойида Қимматли қоғозлар бўйича давлат комиссияси ёпиқ эшиклар ортидаги йиғилишда салбий баҳолардан воз кечишни тавсия қилган», дея хабар беради Reuters. Масалан, «валюта назорати» эмас, «валюта курсини бошқариш» дейиш каби.

Комиссия рухсатисиз фонд биржасига жойлаштириш мумкин эмаслиги сабабли, ҳуқуқшунослар тайёр эмиссия проспектларини (бошқалар қаторида акциялар ёки облигациялар эмитентининг рискларини тавсифловчи ҳужжатлар) қайта ёзишга шошилди.

Улардан биридаги Хитой ҳукумати ўйин қоидаларини ўз-ўзидан ва огоҳлантиришсиз ўзгартиришга мойил экани ҳақидаги эслатма йўқолиб қолган. «Энди у ерга ҳукумат вақти-вақти билан ўз сиёсатини тўлдиради ва тузатади деб ёзиб қўйилган», дея хабар беради Reuters номаълум манбаларга таяниб.

Бошқа бир ҳужжатда Хитойда арбитраж қарорини ижро этишга эришиш қийинлигини таъкидлаш ўрнига, эндиликда Хитой суд тизимининг ўзига хослиги ва бошқа юрисдикциялардан фарқли экани қайд этилган.

Юзни сақлаш

Хитой иқтисодиёти ҳақидаги нохуш хабарлар ҳам, Хитой расмийларининг уларга нисбатан оғриқли сезгирлиги ҳам иқтисодчилар ва шарҳловчиларни ажаблантирмади.

Си Жинпинг иқтисодиётни қайта қуришни яхши ҳаётдан бошламади.

Саноатлаштириш, урбанизация, инвестициялар ва экспорт ҳажмини ошириш захиралари тугади. Хитой истеъмол ва инновацияларга асосланган замонавий иқтисодиётга ўтишга ҳаракат қилмоқда, бироқ унга ҳозирча эски муаммолар халақит бермоқда, булар кўчмас мулк бозоридаги пуфак, ҳудудлардаги қарз инқирози, демография, марказлаштирилган ва мафкуравий бошқарув, шунингдек Хитой қоралашни хоҳламаётган Россиянинг Украинага босқинидан кейин Ғарб билан авж олган зиддият.

Ҳаддан ошиқ тўйинтирилган кўчмас мулк бозори - Хитой ҳукумати учун асосий бош оғриғи ва Хитой иқтисодиётининг ҳозирги муаммоларининг асосий сабабларидан бири. Фото: Reuters

Иқтисодиёт секинлашуви Хитойни нафақат АҚШни жаҳон етакчиси ўрнидан тушириш мақсадидан узоқлаштиради, балки бу бутун ҳокимиятни ўз қўлида тўплаган ва чексиз учинчи муддатга мамлакат раҳбари бўлган Жинпинг имижини ҳам бузади.

Хитойнинг бутун бир авлоди ҳаётнинг йилдан йилга яхшиланиб боришига ўрганиб қолган, чунки Хитой аср бошидан буён иқтисодий ўсиш бўйича жаҳон рекордчиси бўлиб келаётганди. Ва бу мўъжиза ўз ниҳоясига етди.

Си Жинпинг мамлакатдаги ҳамма нарсага раҳбарлик қилар экан, иқтисодиёт муаммолари — бу унинг муаммолари. Бундай вазиятда, унинг қўл остидагиларининг дефляция ва ишсизлик ҳақидаги салбий янгиликларни филтрлаш истаги тушунарли.

Иқтисодчилар сифат жиҳатидан янги даражага чиқиш учун бундай қайта қуриш муқаррар равишда ўсиш суръатлари секинлашишига олиб келиши ҳақида огоҳлантирган эди. Бу оғриқли, аммо зарур. Ягона савол инқироз қанчалик тез енгиб ўтилишида.

Бу кўп жиҳатдан ҳукумат сиёсатига боғлиқ бўлади. Бозор ва сиёсий ислоҳотлар йўқлиги шароитида уларнинг захирасида давлат инвестициялари ва субсидиялари қолмоқда, аммо рағбатлантиришлар тобора қимматлашиб, натижалар эса камтарона бўлиб бормоқда.

Ва ҳатто агар ҳукумат сиёсатдаги қўпол хатолардан қочишга муваффақ бўлса ҳам, қайта қуриш учун сармоя керак. Хитойга сармоя киритмоқчи бўлган хорижий компаниялар ва фондлар учун статистикага ишонч ҳамда тўғри ва очиқ маълумотларга асосланиб хавфларни таҳлил қилиш имконияти муҳим аҳамият касб этади.

«Ишонч ҳатто ҳукумат экспертларида ҳам йўқола бошлади», дейди FT газетаси. Нашр ҳукуматнинг етакчи таҳлилий марказининг собиқ бош иқтисодчиси билан яқинда бўлиб ўтган учрашувда иштирок этган икки манбадан иқтибос келтирган. Йиғилиш ёпиқ эшиклар ортида ўтган ва унда юқори мартабали ўртоқ нафақат тақиқланган «дефляция» сўзини тилга олган, балки расмий статистик маълумотлар ишончлилигига шубҳа билан қарашини ҳам айтиб ўтган.

«Бу ҳаммани бироз ҳайратда қолдирди. Аммо у буни баланд овозда айтди», дея учрашув иштирокчиларидан иқтибос келтирган Financial Times.

Top