17:58 / 23.08.2023
46902

Ойга қулаб тушган «Луна-25» – Ернинг табиий йўлдошига нечта космик аппарат учирилган?

Космик тадқиқотлар бошлангандан буён жуда кўп космик кемалар ҳалокатга учраган. Космик аппаратлар билан турли фалокатлар юз берган. Ана шундай ҳодисалардан бири бундан бир неча кун олдин Россиянинг «Луна-25» космик аппарати билан содир бўлди. Аппарат Ойга қўнаётган вақтда қулаб тушган ва у билан алоқа йўқолган. Ушбу материалда Ойга учирилган космик аппаратлар ҳақида сўз юритилади.

Яқинда «Луна-25» космик аппарати Ойга бориб урилиб, сочилиб кетди. Шу тариқа Россия ўзининг янги тарихидаги илк ой миссиясини бажара олмади. «Луна-25» билан алоқа 2023 йил 19 август куни Москва вақти билан соат 15:00 ларда йўқолган. Аппаратни топиш ва у билан алоқани тиклашнинг имкони бўлмаган.

«Луна-25» сайёралараро автоматик станцияси 2023 йил 11 август куни Узоқ Шарқдаги, Амур областида жойлашган «Восточный» космодромидан учирилганди. У 21 август куни Ой сиртига қўниши керак эди.

20 август куни «Роскосмос» космик станция Ой юзаси билан тўқнашув оқибатида «ўз мавжудлигини йўқотди», деб хабар берди. Аппарат Ернинг табиий йўлдоши юзасига қулаган, деб ҳисобланмоқда.

Миссия давомида россияликлар станцияси бир неча тасвирларни, жумладан Ойнинг нариги томонининг жанубий қутб ҳудудидаги Зееман кратери фотосурати ҳамда илмий маълумотларни юборишга улгурди. Хусусан, «Луна-25» асбоблари Ой юзасига микрометеорит келиб урилишини қайд этишган.

«Луна-25»ни учириш лойиҳаси 1997 йилда бошланган, кейин маблағ етишмаслиги, авария ва санкциялар туфайли бу иш ортга сурилиб келган. Хусусан, миссияда «Роскосмос» билан бирга Европа космик агентлиги ҳам қатнашиши режалаштирилганди, аммо ташкилот Россиянинг Украинага босқинидан кейин Россия билан ҳамкорлигини тўхтатди.

Қуйида Ойга уюштирилган парвозлар ва унда қолиб кетган аппаратлар ҳамда энг йирик космик ҳалокатлар ҳақида сўз юритамиз.

Россиянинг «Луна-25» космик аппарати фазога учирилишдан аввал.
arstechnica.com

Советларнинг Ойга учирган аппаратлари

1960-йилларнинг иккинчи ярмида СССР ва АҚШ ўртасида космосни ўзлаштириш бўйича рақобат давом этар экан, ҳар икки давлат Ойни ўзлаштиришга уриниб кўради.

Советлар умумий ҳисобда Ойга 30 га яқин космик аппаратлар учиришган. Улардан бир қанчаси Ой сиртига қўниб у ердан фототасвирлар олган. Бошқалари Ернинг табиий йўлдоши атрофида учган. Баъзилари парвоз вақтида «авария» бўлган.

Жумладан:

«Луна-2» – 1959 йил 13 сентябр куни;

«Луна-5» – 1965 йил 12 май куни;

«Луна-7» – 1965 йил 7 октябр куни;

«Луна-8» – 1965 йил 6 декабр куни;

«Луна-10» – 1966 йил 29 май куни;

«Луна-12» – 1967 йил 19 январ куни;

«Луна-18» – 1971 йил 11 сентябр куни;

«Луна-19» – 1972 йил 30 сентябр куни;

«Луна-22» – 1974 йил 22 июн куни;

«Луна-23» – 1974 йил 6 ноябр куни;

«Луна-25» – 2023 йил 19 август куни (Россияники) Ой атрофига ёки унинг сиртига қулаб тушган.

«Луна-3» космик аппарати
io9.com

СССРнинг Ойга муваффақиятли қўнган космик аппаратлари

1970 йил 12 сентябр куни «Луна-16» фазога учирилади. У 20 сентябр куни Ой сиртига қўнишга муваффақ бўлади. 24 сентябр куни у Ерга қайтиб тушади. «Луна-16» Ойга учирилган автомат тарзда ишлайдиган биринчи аппарат эди.

1970 йил 17 ноябр куни «Луна-17» учирилади. Аппарат Ой сатҳига муваффақиятли қўнади. У қарийб бир йил давомида Ой сатҳида жами 10 540 метрни босиб ўтади ва турли тадқиқотларни олиб боради.

«Луна-17» билан 1971 йил 14 сентябр куни алоқа узилган. Кейинчалик, Ойнинг суратларини олган бошқа аппаратларда Ой сатҳида тўхтаб қолган «Луна-17» ҳам кўринган.

1972 йил 14 феврал куни «Луна-20» учирилади ва у 21 феврал куни Ой сиртига қўнади. 1972 йил 25 феврал куни Ой сиртидан олинган 55 грамм (!) жинсни Ерга олиб тушади.

1973 йилда «Луна-21» Ойга учирилади. Ушбу аппарат Ой сиртига 1973 йил 15 январ куни қўнади ва қарийб беш ойдан сўнг 4 июн куни ўз фаолиятини тўхтатади.

1976 йил 9 август куни советлар Бойқўнғир космодромидан «Луна-24»ни учиришади. 18 август куни у Ой сиртига қўнади.

Тўрт кун давомида Ой сиртида бўлган «Луна-24» 22 август куни Ерга қайтиб тушади. У олиб келган намунанинг оғирлиги 170 грамм (!) эди.

«Луна-24»
zarya.info

«Луна-24» ХХ асрда Ой сиртида ишлаган сўнгги аппарат ҳисобланади. Ундан кейин XXI асргача биронта давлат Ернинг табиий йўлдошига космик аппарат қўндира олмаган.

Орадан қарийб қирқ йил ўтгач, 2013 йил 14 декабр куни хитойликларнинг космик аппарати Ой сиртига қўнишга муваффақ бўлади.

Советлар ясаб чиққан яна бир аппарат 1977 йилда учирилиши ва Ой сиртига қўниши керак эди. Бироқ «Луна-25» деб номланган аппарат учирилмасдан қолиб кетади. (2023 йил 19 август куни Ойда аварияга учраган аппаратни россияликлар ҳам «Луна-25» деб номлашади.)

Агар советларнинг Ойни тадқиқ этиш тарихига қаралса, Ернинг табиий йўлдошига учирилган 30 га яқин турли космик аппаратларнинг ярмидан кўпи аварияга учраган. Саноқлилари Ойга қўнишга муваффақ бўлган. Бошқалари Ой яқинида учиб, унинг суратларини олган холос.

Советлар космик қурилмаларни Қозоғистонда жойлашган Бойқўнғир космодромидан учиришган.
www.liveinternet.ru

Америкаликларнинг Ойни тадқиқ этишга бўлган уринишлари

Америкаликлар 1962 йилдан бошлаб Ойга турли космик аппаратларни учира бошлашади. Мақсад Ернинг табиий йўлдошига одам учиришдан аввал ундаги вазиятни ўрганиш эди.

Америкаликлар Ойга умумий ҳисобда 30 га яқин космик аппарат учиришган. Аввалига аппаратларнинг ўзи учирилган бўлса, кейингиларида одам учиришади.

Дастлабки учирилган космик аппаратларнинг баъзилари Ойга қўниш пайтида аварияга учрайди.

Жумладан:

«Рейнжер-4» – 1962 йил 26 апрел куни;

«Рейнжер-6» – 1964 йил 2 феврал куни;

«Сервейер-2» – 1966 йил 22 сентябр куни;

«Сервейер-4» – 1967 йил 17 июл куни;

«Lunar Prospektor» – 1999 йил 31 июл куни Ой сиртига қулаб тушган.

НАСАнинг «Рейнжер-4» космик аппарати
www.alamy.com

Америкаликларнинг бир қанча космик аппаратлари Ойга муваффақиятли қўнади ва у ерда маълум вақт ишлаб Ерга кўплаб фотосуратларни юборади. Жумладан:

«Рейнжер-7» – 1964 йил 31 июл куни;

«Рейнжер-8» – 1965 йил 20 феврал куни;

«Рейнжер-9» – 1965 йил 24 март куни;

«Сервейер-1» – 1966 йил 2 июн куни;

«Сервейер-3» – 1967 йил 20 апрел куни;

«Сервейер-5» – 1967 йил 11 сентябр куни;

«Сервейер-6» – 1967 йил 10 ноябр куни;

«Сервейер-7» – 1968 йил 10 январ куни Ой сиртига қўнишга муваффақ бўлади.

НАСАнинг «Сервейер-7» космик аппарати
www.alamy.com

Ойга одам учирилиши

Ойга одам учириш ҳақида илк бор АҚШ президенти Жон Кеннеди 1961 йилда гапиради. У 1970 йилда америкаликлар Ойга қадам қўйишини айтади.

Шундан сўнг NASA Ойга тўхтовсиз турли космик аппаратларни учиришни бошлайди. Мақсад, одам учиришдан аввал Ернинг табиий йўлдоши ва унинг атрофидаги ҳолатни ўрганиш эди.

Америкалик астронавтлар Кеннеди айтган муддатдан бир йил аввал Ойга чиқишга муваффақ бўлишади.

1969 йил ичида астронавтлар бўлган «Аполлон-10» космик кемаси фазода анча жойга учиб бориб, ортга қайтади. Бу парвоздан мақсад Ойга одам учиришга тайёргарлик кўриш эди.

1969 йил 20 июл куни «Аполлон-11» космик кемаси Ойга қўнади ва астронавтлар Нил Армстронг ҳамда Эдвин Олдрин унинг сиртига тушишади. Улар маълум муддат Ой сиртида бўлиб, сўнг Ерга эсон-омон қайтиб келишади.

Нил Армстронг Ойда
stock.adobe.com

Кейинчалик, америкаликлар Ойга яна бир неча марта одам учиришади, турли аппаратлар қўндиришади.

Жумладан, 1969 йил 19 ноябр куни америкаликларнинг «Аполлон-12» космик кемаси иккинчи марта Ойга қўнади. Бу сафар астронавт Чарлз Конрад унинг сиртига чиқади.

1971 йил 5 феврал куни ичида америкалик астронавтлар бўлган «Аполлон-14» космик кемаси яна Ойга қўнади. Учинчи уринишда астронавт Алан Шепард Ой сиртига тушади.

1971 йил 30 июл куни «Аполлон-15» Ой сиртига қўнади. Америкалик астронавтлар Жеймс Ирвин ва Дэвид Скотт бу сафар Ой сиртини тадқиқ этиш учун махсус электромобилдан фойдаланишади. Ушбу аппарат Ой сиртида қолиб кетган.

1972 йил 21 апрел куни «Аполлон-16» Ойга қўнади. Бу сафар ҳам астронавтлар Жон Янг ва Чарлз Дюк унинг сиртига тушиб, турли тадқиқотлар олиб боришади.

1972 йил 11 декабр куни «Аполлон-17» аппарати Ойга қўнади. Астронавтлар Южин Сернан ва Харрисон Шмитт Ойда уч сутка қолишади ва унинг сиртига уч марта тушишади. Улар ҳам Ойда махсус автомобилдан фойдаланишади.

«Аполлон-17» ва америкалик астронавт Ойда.
www.alamy.com

«Аполлон-17» ичида одамлар бўлган ва Ойга қўнган сўнгги космик кема эди. Ўшандан буён ҳеч бир давлат томонидан Ернинг табиий йўлдошига ичида одам бўлган космик кема учирилмади. Бошқа одам оёғи Ойга етмади.

Кейинчалик америкалик астронавтларнинг Ой сиртига тушганини шубҳа остига олувчи гап-сўзлар чиқди. Айниқса бунда рақобатчи давлат, Россия мутахассислари жонбозлик кўрсатишди.

Шундай бўлса ҳам америкаликларнинг Ойга қўнгани ва унинг сиртига тушгани халқаро даражада тан олинган. Шунингдек, СССР ҳам америкалик астронавтларнинг Ойга учганини расман тан олганди.

Ойга космик аппарат учирган бошқа давлатлар

1959 йилдан 2023 йилгача ойга 82 та космик аппаратлар учирилган. 1993 йилгача Ойга асосан СССР ва АҚШ космик аппарат учирган ва уларнинг умумий сони 65 тани ташкил этган.

1993 йилдан бошлаб аввалига Япония, Европа Иттифоқи давлатлари ҳамкорликда, Ҳиндистон, Хитой ва Исроил Ойга бир нечтадан космик аппаратлар учирган.

Жумладан:

1993 йил 10 апрел куни Япония Hiten космик аппаратини Ойга учиради. Мазкур аппарат Ойнинг сунъий йўлдоши бўлиши ва унинг атрофида айланиб тадқиқотлар олиб бориши режалаштирилганди.

Япониянинг Hiten космик аппарати
www.universetoday.com

2006 йил 3 сентябрда Европа Иттифоқига аъзо бўлган бир нечта давлат ҳамкорликда ишлаб чиққан «Смарт-1» космик кемаси Ой сиртига қўнишда муваффаққатсизликка учрайди.

2008 йил 14 ноябр куни Ҳиндистон «Чандраян-1»ни Ойга учиради ва Ернинг табиий йўлдошига аппарат учирган давлатлар сафига қўшилади. Парвоз эса муваффақиятсиз кечади.

Ҳиндистоннинг «Чандраян-1» космик қурилмаси
stock.adobe.com

2009 йил 12 феврал куни Япония ўзининг иккинчи «Кагуя» деб номланган космик аппаратини Ойга учирмоқчи бўлганда парвоз муваффаққиятсиз кечади.

2009 йил 1 март куни Хитой «Чанъе-1» номланган космик аппаратини Ойга учиради. У Ернинг йўлдошига қўна олмайди.

2009 йил 10 июн куни Япония «Кагуя» деб номланган яна бир космик аппаратини Ойга учиради.

Япониянинг «Кагуя» космик аппарати
tudoem1.wordpress.com

2009 йил 9 октябр куни америкаликлар Lunar Crater Observation and Sensing Satellite деб номланган космик аппарати Ойга қўна олмайди. Бу америкаликлар XXI асрда Ернинг йўлдошига учирган биринчи аппарат эди.

2014 йил 14 апрел куни америкаликларнинг LADEE деб номланган яна бир космик аппарати ой сиртига қулаб тушади.

Охирги йилларда Ойни тадқиқ этиш ишларида Хитой анча фаоллашди. Бу давлат 2013 йил 14 декабр куни «Чанъе-2» космик кемасини Ойга қўндирди ва шу тариқа АҚШ ҳамда СССРдан сўнг Ернинг йўлдошига космик аппарат қўндирган учинчи давлатга айланади.

Хитойнинг «Чанъе-2» космик аппарати
www.xsnet.cn

«Чанъе-2» ўзи билан «Юйту» деб номланган «пленатаход»ни Ойга олиб чиққанди. 2019 йил 3 январ куни хитойликлар «Юйту-2» «пленетаход»ини ҳам Ойга олиб чиқишади.

2019 йил 11 апрел куни Исроил «Берешит» деб номланувчи космик аппаратини Ойга учиради. У Ер йўлдоши сиртига қулаб тушади.

Исроилнинг «Берешит» космик аппарати
gadgets.ndtv.com

2019 йил 6 сентябр куни Ҳиндистон «Чандраян-2» номли космик аппаратини Ойга учиради.  «Чандраян-2» Ер йўлдошига қулаб тушган.

2023 йил 15 апрел куни Япониянинг Hakudo-R космик аппарати Ой сиртига қулаб тушади.

Ҳозирги пайтда Ойда Ҳиндистоннинг «Чандраян-3» космик аппарати бор. Ҳиндлар уни 2023 йил 14 июл куни учирганди. Мазкур космик аппарат Ҳиндистон томонидан Ойга учирилган учинчиси ҳисобланади.

Миссия доирасида «Чандраян-3» Ойнинг жанубий қутбини ўрганиши кўзда тутилган. 19 август куни Ҳиндистон космик тадқиқотлар ташкилоти (ISRO) «Чандраян-3»нинг «Викрам» номли қўниш модули ой атрофидаги орбитада баландликни пасайтириш бўйича сўнгги манёврни амалга оширгани ва қўнишга тайёргарлик кўришни бошлаганини хабар қилди.

Ҳиндистоннинг «Чандраян-3» космик аппарати. У 2023 йил 23 август куни Ой сиртига қўниши режалаштирилган.
futurism.com

Қўниш 23 август куни тушдан сўнг амалга ошди. Шу тариқа Ҳиндистон Ойга аппаратини қўндиришга эришган СССР, АҚШ ва Хитойдан кейинги тўртинчи давлат бўлди.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Top