Жаҳон | 15:31 / 07.05.2024
14471
4 дақиқада ўқилади

Путин бешинчи муддатга Россия президенти лавозимига киришди

У ўз нутқида Россия фуқароларига миннатдорчилик билдирди, мамлакат тараққий этишига ваъда берди ҳамда Ғарб билан мулоқотга очиқ эканини айтиб ўтди.

Катта Кремл саройида Владимир Путиннинг Россия президенти лавозимига киришиши маросими ўтказилди. Бу Путин учун 2000 йилдан буён бешинчи инаугурация маросимидир.

У давлат раҳбари сифатида РФ Конституциясига қўл қўйиб, «фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари»ни ҳимоя қилишга ваъда берган ҳолда қасамёд қилди.

Маросимга РФ бош вазири Михаил Мишустин, мудофаа вазири Сергей Шойгу, Москва мэри Сергей Собянин, Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ва бошқа россиялик мулозимлар ва регионлар раҳбарлари ташриф буюрган.

Шу билан бирга, Россияга «нодўст» давлатлар, жумладан Буюк Британия ва Евроиттифоқ мамлакатлари ўз дипломатларини маросимга юбормаган. РФ президенти матбуот котиби Дмитрий Песков уларнинг қарори Москва томонидан қандайдир чоралар кўрилишига сабаб бўлмаслигини айтган.

Қуйида унинг маросимдаги чиқишининг қисқача мазмуни келтирилади.

Мен Россия фуқароларига миннатдорчилик билдирмоқчиман, қаҳрамонларимиз — махсус ҳарбий амалиёт иштирокчиларига таъзим қилишни истайман. Президент бўлиш — улкан шараф, мажбурият ва муқаддас бурч. Сиз ўз танловингиз билан мамлакат тўғри йўналишда эканини тасдиқладингиз. Бу ҳозир, биз жиддий синовлар билан тўқнашган паллаларда аҳамиятга эга. Ишончим комилки, биз бу мураккаб даврдан муносиб ўтамиз ва янада кучли бўламиз — ва кўп асрлик оилавий қадриятларни қўллаб-қувватлаш барчамизни бирлаштиришда давом этади.

Биз барча давлатлар билан муносабатларни мустаҳкамлашга очиқмиз. Биз Ғарб билан мулоқот қилишдан бош тортмаймиз. Танлов уларда: Россияни тийиш ва агрессияни давом эттириш — ёки ҳамкорлик йўлларини қидириш. Мулоқот — жумладан хавфсизлик масалаларидаги мулоқотнинг имкони бор. Аммо кучлар позициясидан эмас, тенг асосда, ҳеч қандай калондимоғлик ва такаббурликсиз. Биз кўп қутбли дунё тартиботини шакллантириш бўйича ишларни давом эттирамиз. Минг йиллик тарихимиз қаршисида жавоб берамиз. Бизнинг тараққиётимиз янада динамик ва янада кучли бўлади. Биз — ягона халқмиз ва биргаликда барча ўйланган ишларни амалга оширамиз, биргаликда — ғалаба қозонамиз.

Владимир Путиннинг инаугурациясидан кейин Россия ҳукумати истеъфога чиқди. Тегишли буйруқ бош вазир Михаил Мишустин томонидан имзоланган. Энди Путин Давлат думасига янги бош вазир номзодини тақдим этади. Номзод тасдиқланадиган дума йиғилиши 10 майга белгиланган.

Янги бош вазир тасдиқланмагунча аввалги ҳукуматнинг бутун таркиби ўз вазифасини бажарувчи сифатида ишлашда давом этади. Дума томонидан тасдиқланганидан кейин бир ҳафта ичида янги бош вазир президентга янги ҳукумат тузилмаси бўйича таклифлар киритиши керак.

  • Россияда президентлик сайловлари 15-17 март кунлари ўтказилганди. МСК маълумотига кўра, Владимир Путинга сайловда иштирок этганларнинг 87,28 фоизи овоз берган.
  • Россия мухолифати вакиллари, жумладан мухолифатчи Алексей Навалнийнинг беваси Юлия Навалная, шунингдек сиёсатчи ва журналист Владимир Кара-Мурза ҳам 2024 йилги президентлик сайловлари натижаларини тан олмасликка чақирган. Европарламент «Россиядаги президентлик сайловлари легитим эмаслиги» тўғрисидаги резолюцияни қабул қилган.
  • Инаугурация маросимидан кейин Путин бу лавозимда яна олти йил — 2030 йил майига қадар қолиш ҳуқуқини қўлга киритди. «Интерфакс» нашри қайд этишича, бешинчи президентлик муддати якунланганида Путин Иван Грозний ва Екатерина II каби ҳукмдорлардан кейин Россияни энг кўп бошқарган давлат раҳбарига айланади.

Мавзуга оид