Жаҳон | 22:39 / 07.05.2024
7366
3 дақиқада ўқилади

Украинада кимёвий қурол қўллангани ҳақидаги маълумотлар етарли асосга эга эмас – КҚТТ

Кимёвий қурол соҳасидаги ваколатли ташкилот АҚШ, Россия ва Украина томонидан бу борада берилган маълумотларда етарли асос топмаганини таъкидлади. 

Фото: Reuters

Кимёвий қуролларни тақиқлаш ташкилоти (КҚТТ) Украина ҳудудида кимёвий қурол қўллангани эҳтимоли ҳақидаги АҚШ, Украина ва Россия даъволарига изоҳ берди. 

Ташкилотнинг 7 май кунги баёнотида айтилишича, томонлар тақдим этган маълумотлар, шунингдек КҚТТ эга бўлган маълумотлар бундай айблов эълон қилиниши учун етарли даражада асосга эга эмас. 

«Россия ҳам, Украина ҳам бир-бирини кимёвий қурол қўллаганликда айблаб, бу айбловларни Ташкилотга етказди. Иштирокчи давлатлар ўртасидаги бундай айбловлар КҚТТ веб-сайтида жойлаштирилган ва мунтазам равишда янгиланиб туради. Ташкилотга ҳар икки томон тақдим этган маълумотлар, шунингдек, Котибиятда мавжуд бўлган маълумотлар етарли даражада тасдиқланмаган. Бироқ, заҳарли кимёвий моддалардан қурол сифатида фойдаланишни қайта тикланиши мумкинлиги билан боғлиқ вазият мўрт ва жуда хавотирли бўлиб қолмоқда», дейилади баёнотда. 

АҚШ 1 май куни Россияни Украина ҳудудида кимёвий қурол қўллаганликда айблади. Бу ҳақда АҚШ Давлат департаментининг Россияга қарши янги санкциялар киритилиши ҳақидаги хабарида айтилган. Унда россиялик ҳарбийлар Украина қуролли кучларига қарши хлоропикрин кимёвий жанговар моддасини қўллагани айтилган. У КҚТТ қора рўйхатига киритилган, юқори концентрацияларда бўғувчи таъсирга эга. Россия расмийлари бу айбловларни инкор қилиб келмоқда. 

КҚТТ баёнотига кўра, бу айблов юзасидан томонлардан ҳеч ким ташкилотга мурожаат қилмаган. 

«Заҳарли кимёвий моддаларни қурол сифатида қўллаш ҳақидаги даъволар бўйича ҳар қандай чора кўриш учун КҚТТ Котибиятига иштирокчи давлатлар томонидан расмий сўров юборилиши керак. Бугунги кунга қадар Котибиятга чора кўриш учун бундай сўровлар келиб тушмади. Биз вазиятни кузатишда давом этамиз ва текширув бошлашга тайёрмиз», дейилади баёнотда. 

Украина қуролли кучлари Россия қўшинлари жанг майдонида кимёвий моддалар қўллаётганини бир неча бор таъкидлаган. Бироқ улардан фойдаланиш ўлим ёки оғир оқибатларга олиб келгани ҳақида айтилмаган. Ўз навбатида Россия ҳам Украинани худди шу ҳаракатларда айблаб келмоқда.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид