11:35 / 26.08.2023
10986

Дания Қуръонни ёқишни тақиқламоқчи

Тегишли қонун лойиҳаси Дания ҳукумати томонидан парламентга тақдим этилади.

Фото: Shutterstock

Дания ҳукумати жамоат жойларида Қуръон ва бошқа диний битикларни ёқишни тақиқловчи қонун лойиҳасини тақдим қилмоқчи. Бу ҳақда адлия вазири Питер Ҳуммелгорд маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, муқаддас китобларга хуружнинг ягона мақсади - «нафрат уйғотиш ва нифоқ уруғини экиш».

Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси ҳозирда мамлакатларнинг давлат байроқларини ёқишни тақиқловчи қонун билан бирлаштирилади, деди у.

«Қонун Қуръон ва Инжилни омма олдида ёқиб юборганларни жавобгарликка тортишни назарда тутади. Ушбу қонун фақат жамоат жойларида ёки оммага ёйиш мақсадида амалга ошириладиган ҳаракатларга қаратилган бўлади», деди вазир.

«Бу Дания дунёга етказмоқчи бўлган муҳим хабар», деди Дания ташқи ишлар вазири Лёкке Расмуссен, ўз навбатида, қонун лойиҳасини шарҳлар экан.

Қонун лойиҳаси парламентга қачон тақдим этилиши ҳақида маълумот йўқ.

Аввалроқ, Швеция ва Даниянинг бир қанча шаҳарларида турли одамлар Қуръонни ёқиб юбориш тадбирини ўтказишди. Суд уларнинг бу ҳаракатларини «сўз ва фикр эркинлиги» туфайли тақиқлашни истамади. Шундан сўнг, полиция назорати остида бу тадбирлар ўтказилди. Қуръоннинг ёқиб юборилиши кўплаб мусулмон мамлакатларида норозилик намойишларига, Ироқ ва Покистонда эса оммавий тартибсизликларга олиб келди.

Top