08:32 / 31.08.2023
3399

«Тошкент-2025» ёшлар Осиё ўйинлари учун Олимпия шаҳарчасини қуришда Хитой тажрибаси қўлланиши мумкин

«Тошкент-2025» ёшлар Осиё ўйинлари учун Олимпия шаҳарчасини барпо этиш лойиҳасини амалга оширишда Хитойдаги спорт инфратузилмаси ўрганиляпти.

Фото: Дунё АА

Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ва мамлакат тегишли вазирлик ҳамда идоралари мутасаддиларидан иборат делегация Хитойга ташриф буюрди.

Мамлакат вакилларининг ташрифидан мақсад «Тошкент-2025» ёшлар Осиё ўйинлари учун Олимпия шаҳарчасини барпо этиш лойиҳасини амалга оширишда ушбу мамлакатдаги спорт инфратузилмаси, универсал спорт объектларини қуриш ва ундан мақсадли фойдаланиш каби устувор тажрибани ўрганишдан иборат.

Миллий олимпия қўмитаси маълумотига кўра, ишчи гуруҳнинг дастлабки манзили Пекинда қад ростлаган «Пекин Миллий конькида югуриш маркази» бўлди. 2022 йилги қишки Олимпиада учун барпо этилган ушбу иншоотни ўрганиш давомида маҳаллий мутахассислар мамлакатда спорт объектларини қуриш бўйича сўнгги ютуқлар ҳақида батафсил маълумот берди.

Мутасаддилар «Тошкент-2025» ёшлар Осиё ўйинларининг қурилиши учун масъул бўлган China CAMC Engineering компанияси офисида ҳам бўлди. Ташкилот бош директори Ли Хайсин билан ўтган суҳбатда Тошкентда қурилаётган Олимпия шаҳарчасида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари, келгусида ҳам ҳамкорликни янада изчил давом эттириш каби мавзулар кўриб чиқилди.

Пекинга ташрифи доирасида ишчи гуруҳ CNSG (China National Sports Group) компаниялари офисида ҳам бўлиб, ташкилот раҳбарияти билан учрашувлар ўтказди. Ушбу компания комплекс ўйинлар ўтказишда административ ва ташкилий йўналиш бўйича ўз хизматларини таклиф қилган. 

Мутасаддилар эндиликда яқинда Бутунжаҳон ёзги универсиада ўйинларини қабул қилган Чэнду шаҳрига йўл олиб, у ердаги инфратузилмани ўрганади.

Top