Спорт | 20:15 / 04.10.2023
31547
8 дақиқада ўқилади

Осиё ўйинлари кундалиги. 17 ёшли Шарифадан олтин ва ҳиндлар билан қувлашмачоқ давом этади

Ўзбекистон вакиллари кун давомида 2 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза қўлга киритишди, делегация ҳисобидаги жами медаллар сони 54 тага етди.

Фото: Миллий олимпия қўмитаси

4 октябр куни Осиё ўйинларида спорт курашлари бўйича беллашувлар старт олди. Дастлаб юнон-кураши усталари баҳсларга киришишди. Шунингдек, кун давомида оғир атлетика, велоспорт, енгил атлетика, от спорти турларида ҳам медаллар жамланмаси ўйналди.

Юнон-рум кураши

Ўзбекистон жамоасининг -67 кг вазн тоифасидаги вакили Махмуд Бахшуллоев нимчорак финалда ҳиндистонлик Наражни 5:3 ҳисобида мағлуб этган ҳолда чоракфиналга ўтди, кейинги босқичда туркманистонлик Мансур Нурбердиев 8:3 ҳисобида таслим этилди. Аммо яримфиналда ўзбекистонлик спортчи япониялик Эндо Кацуокига ютқазди (1:6) ва бронза учун курашадиган бўлди. Аммо медал учун жангда охирги очкони (1:1) қирғизистонлик Раззоқ Бейшекиев қўлга киритгани учун қоидага кўра ғолиблик унга берилди.

-60 кг вазн тоифасида иштирок этган Исломжон Баҳромов эса дастлаб виетнамлик Тиен Ҳаи Буи тўсиғидан осон ўтди (8:0), чоракфиналда хитойлик Лигуо Саони мағлуб этди (3:1), аммо яримфиналда қирғизистонлик Жўломон Чоршанбиевга ютқазди (0:11), медал учун баҳсни ҳам кореялик Чунг Ҳанжаега бой берди (4:5).

-77 кг вазн тоифаси вакили Дилшод Омонгелдиев дастлаб эронлик Амин Кавиянинажотга мағлуб бўлди (3:5), эронлик спортчи финалга чиққанидан кейин бронза учун ўтиш баҳсларида қатнашадиган бўлди, аммо илк босқичда кореялик Ким Ҳёнгвуга ютқазди (3:6) ва бронза медал учун курашдан чиқди.

-87 кг вазн тоифасида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган Жалгасбай Бардимуратов эса ишончни тўла оқлади.

У дастлаб қозоғистонлик Максат Сайловни мағлуб этиб (11:0), яримфиналга ўтди. Кейинги босқичда япониялик Суми Масатодан устун келди (3:1). Финалда эса эронлик Носир Ализодани таслим қилиб (7:4), Ўзбекистон ҳисобига навбатдаги олтин медални қўшиб қўйди.

Енгил атлетика

Енгил атлетика бўйича Ўзбекистон жамоаси аъзоси Шарифа Давронова уч ҳатлаб сакраш дастурида олтин медалга сазовор бўлди.

17 ёшли спортчи 14,09 метр натижани қайд этиб, ўз шахсий рекордини ўрнатди, унинг бу натижасига ҳеч бир рақиби яқинлаша олмади ва Давронова Осиё ўйинлари чемпионлигига эришди. Иккинчи ўринни 13,92 м натижа билан хитойлик Зенг Руи, учинчи ўринни 13,78 м натижа билан япониялик Марико Моримото эгаллади.

Оғир атлетика

Ўзбекистонлик оғир атлетикачи Муҳаммадқодир Тоштемировнинг ҳам иштироки муваффақиятли чиқди. -81 кг вазн тоифасида иштирок этган спортчи даст кўтаришда 159 кг, силтаб кўтаришда 192 кг, жами 351 кг натижа қайд этиб, кумуш медални қўлга киритди.

Бу вазнда КХДР вакили даст кўтариш (169 кг) ва силтаб кўтаришда (195 кг) энг яхши натижани қайд этиб, Осиё ўйинлари рекорди билан олтин медални қўлга киритди. Учинчи ўрин қозоғистонлик Александр Уваровга насиб қилди (154+194).

Бокс

Бугунги баҳсларда яна уч нафар ўзбекистонлик боксчи финал учун рингга чиқди ва улардан иккиси бу мақсадга эришди.

Дастлаб, Рио олимпиадаси чемпиони ва жаҳон чемпиони, -51 кг вазн тоифасида иштирок этаётган Ҳасанбой Дўсматов япониялик жаҳон чемпиони Томоя Субоини мағлуб этиб (4:1), қаторасига иккинчи бор Осиё ўйинлари финалига йўл олди. У бу ғалаба орқали Париж-2024 олимпиадасига ҳам йўлланма олди. Унинг 5 октябр куни бўлиб ўтадиган финалдаги рақиби таиландлик Титисан Панмот бўлади.

Турнирга -80 кг вазн тоифасида келган Тўрабек Ҳабибуллаев эса яримфиналда хитойлик Танглатихан Тўхтарбекега рақиб бўлди. У жанг давомида рақибини нокдаун ҳолатига туширди, аммо рефери ҳисобни очмади, якунда эса кутилмаганда мезбон спортчи ғалабаси қайд этилди. Натижада Ўзбекистон вакили бронза медал билан кифояланадиган бўлди.

-57 кг вазн тоифаси вакили Абдумалик Халоков ҳам яримфиналда хитойлик боксчи Динг Люга рақиб бўлди ва осонлик билан (5:0) ғалаба қозониб, финал ва Париж-2024 йўлланмасини ўзиники қилди. Жанг давомида хитойлик спортчининг қоши ёрилиб кетди. Халоковнинг финалдаги рақиби япониялик Ҳарада Шудаи бўлади.

Шу тариқа, Ўзбекистон бокс жамоасининг уч вакили финалда жанг қиладиган бўлди, бундан олдинроқ +92 кг вазн тоифасида Баҳодир Жалолов финал йўлланмасини ҳал қилганди.

Футбол

Ўзбекистон футболчилари финал остонасида Жанубий Кореяга мағлуб бўлишди. Таркиби Европа яшил майдонларида тўп сурувчи футболчилардан иборат кореяликлар 4-дақиқадаёқ ҳисобни очишганди, ўзбекистонликлар сардори Жасур Жалолиддинов 25-дақиқада жарима зарбасини голга айлантириб, ҳисобни тенглаштирди.

Аммо бўлим охирида ҳимоядаги қўпол хато туфайли иккинчи гол ўтказиб юборилди ва шу ҳисоб ўйин охиригача сақланиб қолди. Қолаверса, Ўзбекистон вакиллари 75-дақиқада қизил карточка туфайли бир киши кам бўлиб қолишди.

Эндиликда Тимур Кападзе шогирдлари Ҳонгконгга қарши ўйинда бронза медал учун кураш олиб боради. Эътиборли жиҳати, Ўзбекистон турнир давомида ушбу рақибга қарши учинчи марта ўйнайди - бунақаси турнир тарихида кузатилмаган. Гап шундаки, бу икки жамоа гуруҳ босқичида бир гуруҳдан жой олган, аммо гуруҳнинг бошқа икки аъзоси - Сурия ва Афғонистон турнирга келмаганди. Натижада, ташкилотчилар ушбу гуруҳ ғолибини аниқлаш учун ушбу жамоалар ўртасида икки ўйин ўтказишди ва бу икки ўйин ҳам Ўзбекистон ғалабаси (1:0, 2:1) билан якунланди.

Гуруҳ ғолиби сифатида плей-оффга чиққан Ўзбекистон жамоаси дастлаб Индонезияга қарши 120 дақиқа давом этган баҳсда, қўшимча бўлимларда урилган голлар эвазига 2:0 ҳисобида устун келди, чоракфиналда эса Саудия Арабистони жамоаси 2:1 ҳисобида мағлуб этилди. Шу тариқа, Ўзбекистон жамоаси Осиё ўйинларида 29 йиллик танаффусдан кейин илк бор яримфиналга чиққанди, аммо бу жамоага 1994 йилги натижа - Осиё ўйинлари ғолиблигини такрорлаш насиб қилмади.

Шахмат

Ўзбекистон йигитлар жамоаси 6-раундда Мўғулистон жамоасини 3:1 ҳисобида мағлуб этди ва жами очколар сонини 14,5 очкога етказди.

Қизлар жамоаси эса ҳиндистонлик рақибларига 0:4 ҳисобида мағлуб бўлди ва жами очколар сони ўзгаришсиз қолди - 13,5.

Велошоссе

Велоспортнинг шоссе йўналишида аёллар ўртасида ўтказилган 139,7 км масофага мўлжалланган пойгада Ўзбекистон вакиллари Олга Забелинская ва Янина Кускова маррага қадар етакчилар билан бир гуруҳда ҳаракат қилишди аммо шоҳсупага кўтарила олишмади - 10 ва 15-ўринлар. Бу дастурда медаллар ҳонгконглик Янг Қианю, жанубий кореялик На Аҳреум ва таиландлик Жутатип Манепанга насиб қилди.

Сувга сакраш

10 метрли платформадан сувга сакраш бўйича эркаклар ўртасида саралаш баҳсларида Ўзбекистон жамоаси аъзоси Игор Мялин 341.30 балл жамғарди ва гуруҳда тўққизинчи ўрин билан финалга йўл олди. У финалда натижасини яхшилади (388,70 очко, 6-ўрин), аммо медалсиз қолди.

Чим устида ҳоккей

Ўзбекистон жамоаси турнирдаги сўнгги ўйинида, 9-ўрин учун баҳсда ҳам ютқазди - Индонезияга 1:4 ҳисобида. Бу спорт тури бўйича Ўзбекистон жамоаси бунгача Ҳиндистонга 0:16, Японияга 1:10, Покистонга 2:18, Бангладешга 2:4 ҳисобларида ютқазган, фақат Сингапур жамоасини 2:1 ҳисобида мағлуб этолганди.

***

Кун якунларига кўра, Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги олтин ва кумуш медаллар сони 16 тага, бронза медаллар сони 22 тага етди. Айни вақтда Ўзбекистон жами 54 та медал билан умумий рейтингда Ҳиндистондан кейинги 5-ўринда бормоқда.

5 октябр кунги баҳсларда қатнашадиган ўзбекистонлик спортчилар:

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид