12:58 / 05.09.2023
183201

Давлат олий таълим муассасаларида 1 йиллик контракт ва супер-контракт нархлари эълон қилинди

Янги ўқув йилида контракт ва супер-контрактда ўқийдиган барча талабалар 2022/2023 ўқув йили учун белгиланган миқдорни тўлайди.

Давлат ОТМда 2023/2024 ўқув йили учун бакалавриат таълим йўналишлари (магистратура мутахассисликлари) бўйича бир талабани тўлов-контракт шаклида бир йиллик ўқитиш қиймати миқдорлари тасдиқланди.

Йўналишлар бўйича тўлов-контракт миқдорларининг pdf шаклини бу ердан кўриш мумкин.

Шунингдек, 2023/2024 ўқув йили супер-контракт миқдори ҳам 2022/2023 ўқув йили учун белгиланган миқдорларда ўзгаришсиз қолди.

Супер-контракт миқдорларини pdf шаклида бу ердан юклаб олиш мумкин.

Амалдаги қонунга кўра, тўплаган баллари тасдиқланган тўлов-контракт бўйича қабул квоталари чегарасига:

  • 1 баллгача етмаган абитуриентлар учун — 1,5 баробар;
  • 1,1 баллдан 2 баллгача етмаганлар учун — 2,0 баробар;
  • 2,1 баллдан 3 баллгача етмаганлар учун — 2,5 баробар;
  • 3,1 баллдан 4 баллгача етмаганлар учун — 3,0 баробар миқдорида тўлов қилиб ўқиши мумкин.

Минимал баллдан (бу йил 56,7 балл) кам тўпламаган, лекин қабул квотасига 4,05 баллдан ортиқ етмаган абитуриентлар учун йўналишларига қараб супер-контракт миқдори базавий контрактнинг бир неча баробари кўринишида белгиланади. 

Масалан, ўтган 2022 йилги миқдорда педагогика йўналиши учун белгиланган контрактнинг 8 баравари 10 фоизлик чегирма билан (46,1 млн сўм), юриспруденция йўналишига эса базавий контрактнинг 25 баравари (220,7 млн сўм) этиб белгиланган.     

Яъни агар абитуриент 56,7 баллдан кўп тўплаган, бироқ ўтиш баллига 4,05 баллдан кўпроқ етмай қолган бўлса, унда шунақа миқдордаги пулни тўлаб талаба бўлиш имконига эга бўлади. 

Агар абитуриент минимал баллни ҳам тўплай олмаган бўлса, у ҳолда унга ўз йўналиши бўйича белгиланган энг юқори контракт миқдорининг 2 бараварини тўлаб талаба бўлиш ҳуқуқи берилади. Масалан, юриспруденция йўналишига супер-контракт миқдори 220,7 млн сўм этиб белгиланган бўлса, минимал баллдан кам тўплаганлар шунинг икки бараварини тўлаб ўқиш имконидан фойдаланиши мумкин.

Олдинроқ, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги 2023/2024 ўқув йилида давлвт олий таълим муассасаларининг барча йўналиш ва босқичлари учун тўлов контракт, супер-контракт миқдорлари ўзгаришсиз қолишини маълум қилганди.

Top