Вашингтон Пхенянни ўз мажбуриятларини бажаришга ва Россияга қурол етказиб бермасликка чақирди.
![](https://storage.kun.uz/source/9/fidJ68S2R8yY_AcRGrn0gyjFQgOK2PlZ.jpeg)
Вашингтон Пхенянга Шимолий Корея Россияга қурол етказиб берса, «оқибатлар» билан таҳдид қилмоқда. Шимолий Корея халқаро ҳамжамият доирасида «бунинг учун катта нарх тўлайди», дея маълум қилди 5 сентябр, сешанба куни АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан. Америка расмийсига кўра, Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Россияга қурол-яроғ етказиб бериш бўйича давлатлар раҳбарлари даражасида музокаралар давом этишини кутмоқда.
Аввалроқ New York Times газетаси Ким Владимир Путин билан қурол-яроғ келишувини муҳокама қилиш учун сентябр ойида Россияга боришни режалаштираётгани ҳақида хабар берган эди. Нашрнинг ёзишича, учрашув Владивостокда бўлиб ўтиши, у ерга Шимолий Корея етакчиси зирҳли поездда келиши мумкин. Кремл бу хабарларга изоҳ бермади.
Жейк Салливаннинг эслатишича, Россия мудофаа саноати Украинага қарши урушда армия эҳтиёжларини қондира олмагани учун Кремл хориждан ўқ-дорилар сотиб олиш йўлларини қидирмоқда. «Биз Шимолий Кореяни ўз мажбуриятларини бажаришга ва Россияга қурол етказиб бермасликка чақиришда давом этамиз», — деди у.