13:06 / 22.06.2024
3469

АҚШ «Касперский лабораторияси» раҳбариятига қарши санкциялар киритди

АҚШ Молия вазирлиги «Касперский лабораторияси»да юқори лавозимларда ишлаган 12 нафар россияликни санкциялар рўйхатига киритди. Аввалроқ Оқ уй ушбу компания дастурий таъминотини АҚШда сотишни тақиқлаган эди.

Фото: AP

АҚШ Молия вазирлигининг Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси (OFAC) «Касперский лабораторияси»да юқори лавозимларда ишлаган 12 нафар россияликни санкциялар рўйхатига киритди. Бу ҳақда 21 июн, жума куни АҚШ молия вазирлиги сайтида маълум қилинди.

Чекловлар, хусусан, компаниянинг ижрочи директори Андрей Тихонов, бизнесни ривожлантириш бўйича директори Андрей Ефремов ва юридик масалалар бўйича директори Игор Чекуновга нисбатан киритилган. 

«Касперский лабораторияси» раҳбариятига қарши бугунги хатти-ҳаракатларимиз кибермакон яхлитлигини таъминлаш ва фуқароларимизни зарарли кибертаҳдидлардан ҳимоя қилишга содиқлигимизни таъкидлайди», деди молия вазирининг терроризм ва молиявий разведка бўйича ўринбосари Брайан Нелсон. 

АҚШда «Касперский» дастурий таъминотини сотиш тақиқланди

Бир кун аввал АҚШ маъмурияти миллий хавфсизликка таҳдид борлиги сабабли «Касперский лабораторияси» антивирус дастурини мамлакатда сотишни тақиқлаган эди. АҚШ савдо вазири Жина Раймондонинг сўзларига кўра, «Касперский» дастурий таъминотининг компютер тизимларига кириши махфий маълумотлар ўғирланиши ёки зарарли дастурлар ўрнатилишига олиб келиши мумкин.

20 июлдан бошлаб Россия компаниясига АҚШда янги шартномалар тузиш, 29 сентябрдан эса мижозларга янгиланишларни тақдим этиш тақиқланади, бу эса унинг антивирус дастурини деярли фойдасиз қилади.

Top